“Қамчиқ”да 16 ёшли қиз зиплайндан тушиб кетиши ортидан жиноят иши қўзғатилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, “Қамчиқ” довонида 16 ёшли қиз зиплайндан тушиб кетганди. Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти Поп туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохрух Ғиёсов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Поп туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, QALAMPIR.UZ дор йўлининг ҳозирги ҳолати билан қизиқди ва Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси билан боғланди. Қўмита ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Бердиевнинг маълум қилишича, зиплайн Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасида рўйхатга олинган. Мазкур дор йўли аттракциони ҳозирча вақтинча фаолиятини тўхтатган.

“Ҳозирда ушбу аттракционда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Эҳтимол, профилактика ишлари ўтказилаётгандир ёки мавсум якунлангани сабабли фаолияти тўхтатилгaндир. Бундай ҳолатларда тадбиркор фаолиятини қaйси сабаб билан тўхтатганини ўзи белгилайди”, дейди Бердиев.

Шунингдек, унинг айтишича, ушбу аттракцион A нуқтадан B нуқтага трос бўйлаб пастга қараб ҳаракатланишга мўлжалланган бўлиб, у маълум бир қиялик бурчагида – одатда 4-5 даража атрофида ўрнатилади. Мазкур бурчак аттракцион бўйлаб ҳаракат тўхтаб қолмаслиги учун белгиланади.

Зиплайнда ҳаракат фойдаланувчининг оғирлиги ва инерция кучи ҳисобига амалга ошади. Шу сабабли фойдаланувчининг вазни муҳим аҳамиятга эга: у жуда енгил ҳам, жуда оғир ҳам бўлмаслиги керак. Одатда рухсат этилган вазн 40 килограммдан 120 килограммгача бўлади. Техник талаблар ҳар бир аттракционда жойлашувига ва конструкциясига қараб фарқланиши мумкин.

Агар фойдаланувчи вазни меъёридан кам бўлса, у етарли тезлик ва инерция ҳосил қила олмайди ва йўлнинг ўрта қисмида ҳаракати секинлашиб, тўхтаб қолиши мумкин. Аксинча, вазн меъёридан ортиқ бўлса, хавфсизликка таҳдид юзага келади.

Мазкур ҳолатда дастлабки тахминларга кўра, фойдаланувчининг вазни нисбатан енгил бўлган. У финиш – тўхташ нуқтасига яқинлашган пайтда юқори қисмида шамол кучайиб, ҳаракат йўналишига қарши эсган. Шамол қаршилиги инерцияни камайтириб, ҳаракат тўхтаб қолишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Маълум вақт давомида фойдаланувчи тросда осилиб турган, шундан сўнг пастга тушиб кетган. Ҳозирда ушбу ҳодиса бўйича фойдаланувчининг ҳаракатлари, техник ҳолат ва ташқи омиллар юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Қамчиқ зиплайн

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг