“Қамалаётган” Путин, қамалган “Dili me”, дараги чиққан Ортиқхўжаев ва ёпилган “Star Med – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Ёдингизда бўлса, ўтган галдаги чиқишларимдан бирида Ўзбекистондаги ҳожатхоналар шароитидан нолиб қолгандим. Мисол қилиб Миллий кутубхонанинг эшиги йўқ “миллий ҳожатхона”сини келтиргандим. Куни кеча Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Ўзбекистонда ҳожатхоналарнинг санитария қоидаларига қанчалик жавоб бериши ҳақидаги таҳлилни эълон қилди. Унда аҳолининг 41 фоизи ҳамон чуқур кавлама кўринишидаги ҳожатхоналардан фойдаланиши айтилган. Қишлоқларда бу кўрсаткич 50 фоиздан юқорини ташкил этади. Шунингдек, ушбу ҳисоботда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Юнисефнинг 2019 йилдаги  маълумотлари ҳам келтирилган бўлиб, Ўзбекистондаги мактабларнинг 13 фоизида қўлни совун ва сув билан ювиш учун шароит йўқ. Мана, сизга ҳожатхоналар билан боғлиқ ҳақиқий аҳволимиз. Менга яна “бошқа мавзу қолмадими гапиришга”, деб овора бўлиб, оғиз оғритаёттганларга айтар гапим бор: сиз ҳожатхонадан фойдаланмай қўйган бўлсангиз ё таглик тутишни афзал билсангиз, айб бизда эмас. Демак, навбатдаги ҳафта воқеалари таҳлили билан танишинг. 

Ортиқхўжаев ишсиз қолиб кетадими?

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян квартира харид қилиш учун ипотека кредити олишни режалаштираётган эмиш. У журналистлар билан суҳбатда ҳозир яшаб турган квартирасига у хоҳлаган нархда харидор чиқмаётгани, шунинг учун кредит олмоқчилигини айтибди. Тўғриси бу гапни эшитиб, думалаб тушай дедим. Ростан ҳам жаноб Бош вазирнинг лоқал битта квартирага етадиган пули йўқми ё у ҳам кўп амалдорларга ўхшаб пулларини ишдан бўшаганида ишлатармикин? Ҳа, майли жаноб Пашинян нима қилишини, қандай уй олишию уни қайси пулга олишини ўзи билади. Ўзимизнинг хабарларга ўтсам. 

Жорий ҳафтада 16 январь куни Президент ишдан ҳайдаган собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг дараги чиқди. Икки ойдан бери ном-нишони йўқ Ортиқхўжаевнинг Вазирлар Маҳкамасида иш бошлагани, Бош вазирга маслаҳатчи бўлгани ҳақидаги гаплар қулоғимга чалинди. Ўша заҳоти Бош вазирнинг яп-янги Матбуот котиби Бекзод Шукуров билан боғландик. 

У лавозимга тайинлаш қайсидир даражадаги ҳужжат билан амалга оширилиши, ҳозирча бундай ҳужжат мавжуд эмаслигини айтди. Гарчи QALAMPIR.UZ бу гапларга ойдинлик киритган бўлса ҳам орадан бир кун ўтиб яна Ортиқхўжаев ҳақида ўша гаплар тарқала бошлади. Вазирлар Маҳкамаси яна тарқалган хабарларни рад этди. Лекин барибир қизиқ?! 2018 йилдан буён Тошкентни бошқарган, албатта, қатор хатолар билан ютуқларга ҳам муаллифлик қилган Ортиқхўжаев ишсиз қолиб кетадими ё ҳаммаси унут бўлиб, катта даврага қайтадими? Ҳозирча бу саволлар жавобсиз. Балки юқоридагилар бироз вақт ўтишини кутаётгандир. Ҳа нима, не-нелар ишсиз қолдирилмаганда, Ортиқхўжаев қолармиди?!

Ҳа, дарвоқе, айтиш эсимдан чиқибди. Арманистонда ипотека кредити ўртача 15%ни, муддати эса тахминан 20 йилни ташкил этади. Ўзбекистонда ҳам кредитга амал-тақал квартира олган амалдорлар кўп бўлса керак а?!

Ўзбекистон кимнинг томонида? 

Тугаётган ҳафтанинг бошида Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга борди. Унинг галдаги ташрифи аввалгиларидан фарқ қилди. Нимаси билан дейсизми? Албатта, дунё мамлакатларининг Ўзбекистонга у ёки бу томонга ўт деган талабни қўяётгани ҳақидаги баёноти билан . 

“Катта-катта давлатларнинг вакиллари келиб “Ўзбекистон сен ким томондасан? Нейтрал бўлиб юришинг бўлди энди. Ё у томонга ўт, ё бу томонга”, деб даъват қиляпти. “Бизга керак Ўрта Осиёда Ўзбекистон, 36 млн бўлди, 3-4 йилда 40 млн бўлади, катта давлат бўлади, ким томонсан”, деяпти”, деган Мирзиёев.

Президент Ўзбекистон кимнинг томонида эканини аниқ айтмаган. 

“Саволга жавоб битта: бир томонман! Миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимни манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман деб жавоб бераман!” дейди у.

Аммо Ўзбекистон дунёни остин-устин қилиб юборган Россия Украина урушида Россиянинг қуролли босқинига нисбатан бетараф муносабатда бўлиб келмоқда. Мамлакат куни кеча БМТда Россиянинг Украинага бостириб киришига бир йил тўлишига бағишланган Россияга қарши резолюцияни ёқлаб ҳам, қоралаб ҳам овоз бермади ва урушга бетараф 32 давлат қаторидан ўрин олди. 

Жорий ҳафтада эса “The Economist” журнали мухбирлари Ўзбекистонни Россияга “улфат”, дўст мамлакатлар қаторига қўшди. Бунга бироздан кейин тўхталамиз.

Сурхондарёга ташриф масаласини давом эттирадиган бўлсак, Президент ташриф давомида оқ Malibu’га ўтириб, Бойсун – Денов йўлида машина ҳайдаб кўрди. Унга вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамроҳлик қилди. 

Президент ташрифидан бир кун ўтиб, Сурхондарёда 111 километр йўлни таъмирлаш ишлари бошланди. Йўл вилоятнинг Бойсун, Бандихон, Қумқўрғон, Олтинсой ва Денов туманлари ҳудудидан ўтади. Бу хабарни эшитиб, Президент келиб қолса, бизнинг йўлларимизга ҳам сон тегармиди, деб давлат раҳбарининг йўлини пойлаганлар кўпайгандан кўпайди. 

“Star Med Center” ёпилди

Бундан олдинги ҳафтада “Mittivine” тахаллуси билан фаолият юритган блогер Фарҳод Манноповнинг ўлиги чиққан “Star Med Center” клиникаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидан хат киритилганига қарамай, ҳамон фаолиятини давом эттириб келаётгани қаттиқ танқид қилинганди. Бу ҳақда кўплашиб, натижага эришилди. Клиника фаолияти 14 мартдан эътиборан 10 кунга тўхтатилди. Адлия вазирлиги унинг лиценезиясини тўхтатди. 

ССВнинг маълум қилишича, “Star Med Center”да ўтказилган дастлабки текширув маълумотларига кўра, мазкур тиббиёт муассасасида бир қатор лицензия талаб ва шартларига номувофиқликлар аниқланган.

Ҳафта ўртасида эса марҳум Фарҳод Манноповнинг жамоадоши ва энг яқин дўсти Улуғбек Шодибеков бўлиб ўтган воқеалар, Манноповнинг ўлими ҳақида интервью берди. 

Унинг билдиришича, Фарҳод Манноповнинг комага тушганини шифокорлар унинг яқинларидан 6 соат давомида яширган. Қолаверса, марҳумнинг яқинларига хабар берилгунга қадар унинг юраги 3 марта тўхтаб қолган. 

Шодибековнинг қўшимча қилишича, шифокорлар операция вақтида Манноповнинг ҳарорати кўтарилганини кеч пайқаган. Улар унинг қон босимини тушириш билан овора бўлган. Бунгача эса Манноповнинг ҳарорати 42 даражагача кўтарилган. Бу орада ўпкага қон кетган. 

Шодибеков, Маннопов вафот этишидан олдин унинг қон таҳлиллари бошқа клиникада бир неча бор текшириб борилгани, у операция қилинган клиникада эса керакли техникалар бўлмаганини айтган. 

Айни вақтда Фарҳод Манноповнинг ўлими ортидан Жиноят кодексининг 116-моддаси  4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

“Dili me” қамоққа олинди

Ижтимоий тармоқларда “Dili me” тахаллуси билан танилган блогер Дилшод Ўрозбоев қамоққа олинди. 

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 23 январь куни блогер Дилшод Ўрозбоев шериклари билан жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, исми ошкор қилинмаган фуқарони уриб, тан жароҳати етказган. Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича гумонланувчи бир неча маротаба чақиртирилишига қарамай, терговга келишдан буйин товлаб келган. Шу сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган. 

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида блогер 10 март куни ушланиб, терговга жалб қилинган.

Ҳозирда блогер “Тоштурма” номи билан танилган 1-сонли Тошкент тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Тергов учун Яшнобод тумани ИИБга олиб борилаётгани маълум қилинди.

Раҳматуллоҳ қори яна “Минор”га қайтди

2022 йилнинг январигача Тошкент шаҳар бош имом-хатиби лавозимида ишлаб келган ва ўз хоҳиши билан соғлигидаги муаммолар сабаб лавозимини тарк этган Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов яна имомликка қайтди. У 15 мартдан эътиборан “Минор” масжиди имоми ўлароқ фаолиятини давом эттирмоқда. 

Ушбу масжидда имом-хатиб бўлиб ишлаб келаётган Тошкент бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор Юнусов эса “Шайх Зайниддин” (Кўкча) масжидига имом-хатиб этиб тайинланган. Мусулмонлар идораси Тошкент шаҳар вакиллиги ҳам “Шайх Зайниддин” жоме масжидига кўчирилган. 

Бундан 2,5 ой аввал Сайфуддинов ўз аризасига биноан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасидан озод этилгач, “Абу Сахий” жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов шаҳар бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. Сайфуддинов эса ўша ойнинг ўзида даволаниш учун Дубай орқали Германияга жўнаб кетган эди. Ўша вақтларда Раҳмутллоҳ Сайфуддиновга нисбатан ижтимоий тармоқларда қатор эътирозлар ва танқидлар урчиганди. Сайфуддинов буларни барчасига QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида жавоб қилганди. 

Ўзбекистонлик террорчи АҚШда умрбодга қамалди

13 март куни АҚШнинг Нью-Йорк штати жанубий округи суди ҳакамлар ҳайъати 2017 йилда Нью-Йоркдаги портлашни амалга оширган асли ўзбекистонлик Сайфулло Соиповга ўлим жазоси берилиши бўйича келишувга эриша олмади ва шу боис у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. 

Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 январь куни ҳакамлар ҳайъати Соиповни қотиллик, қотилликка уриниш ва хорижий террорчи ташкилотни қўллаб-қувватлаш каби 28 та моддада айбдор деб топган. Кейин ҳакамлар ҳайъати айбдор шахс ўлим жазосига лойиқми ёки йўқлигини кўриб чиққан. Улар бир овоздан бир қарорга кела олмагани учун, қонунга кўра, жазо сифатида ўлим жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилади. Судья бундай ҳукмни мажбурий равишда чиқариши керак ва уни енгиллаштира олмайди. Ҳукмни эълон қилишнинг расмий тартиби кейинроқ амалга оширилади.

Айтиш жоизки, Нью-Йорк штатида ўлим жазоси 50 йилдан ортиқ вақт давомида амалга оширилмаган эди.

Соипов 2017 йилнинг 31 октябрь куни Пикап машинасини Гудзон дарёси қирғоғидаги Нью-Йорк кўчаларидан бири бўйлаб велосипедчилар учун ажратилган йўлакда катта тезликда ҳайдаб, йўлидан чиққанларни босиб кетган. Ҳужум 2001 йил 11 сентябрь хуружлари қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорликдан бир неча юз метр нарида содир бўлган. АҚШ расмийлари теракт деб атаган ҳужум натижасида 8 киши ҳалок бўлди, 10 дан ортиқ киши жароҳатланди. Жиноятчи яраланган ва ҳибсга олинган. Соипов ИШИД террорчилик гуруҳи мафкураси таъсирида ҳаракат қилганини тан олган.

Сайфулло Соипов 1988 йил Тошкент шаҳрида туғилгани, 2005–2009 йилларда Тошкент молия институтида таҳсил олгани, кейинчалик иш фаолиятини “Саёҳат” меҳмонхонасида ҳисобчиликдан бошлагани айтилган.

Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Соипов 2010 йилда АҚШга “Грин-карт” лотереяси орқали виза олиб жўнаб кетгани айтилди. Жиноят содир этилгунга қадар террористик гуруҳ ёхуд оқимлар таъсирида бўлгани аниқланмаган, ўтган давр мобайнида у Ўзбекистонга келмаган ва яқин қариндошлари билан учрашмаган.

Ўзбекистонлик аёлнинг аянчли ўлими

Туркиянинг Истанбул шаҳри Эсенюрт туманида яна бир ўзбекистонлик аёл аянчли ўлим топди. Унинг қотили ҳам бегона эмас. Аёлни ўзбекистонлик эркак пичоқлаган. 

Ўзбекистон фуқароси бўлган эркак севгилиси – Ўзбекистон фуқароси бўлган аёлни рашк сабабли дўппослай бошлаган. Шундан сўнг эркак чўнтагидаги пичоқни бир неча бор аёлга санчган. Аёл қонга беланган, воқеани кўрган атрофдаги фуқаролар эркакни тўхтатиб қолган. 

Дарҳол полицияга хабар берилган. Аёл шифохонага олиб борилган, аммо барча чораларга қарамай уни қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган. Ҳужум қилган шахс полиция томонидан ҳибсга олинган.

Путин қамаладими? 

Гаага халқаро жиноий суди Россия Президенти Владимир Путин ва Президентнинг Болалар масалалари бўйича комиссари Мария Львова-Беловани ҳибсга олиш бўйича ордер берди.

Қайд этилишича, Россия раҳбари Украинадаги босиб олинган ҳудудларда аҳолини, жумладан, болаларни ноқонуний кўчириш ва Россияга ноқонуний ўтказиш каби ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб топилган. 

Мария Львова-Беловага нисбатан ҳам ҳудди шу айбловлар қўйилган.

Аммо, Халқаро жиноий суднинг қарорлари Россия учун ҳеч қандай маънога эга эмас, ҳибсга олиш мумкин бўлган ордерлар қонуний кучга эга бўлмайди. Бу ҳақда ҳукм эълон қилингач, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова айтиб чиқди. 

“Халқаро жиноий суд қарорлари мамлакатимиз учун, жумладан, ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳам ҳеч қандай маънога эга эмас. Россия Халқаро жиноий суднинг Рим статути иштирокчиси эмас ва унга мувофиқ мажбуриятларни ўз зиммасига олмайди. Россия бу орган билан ҳамкорлик қилмайди ва Халқаро Суднинг ҳибсга олиш ҳақидаги мумкин бўлган рецептлари биз учун қонуний кучга эга бўлмайди”, дейди Захарова.

АҚШ Президенти ҳам Халқаро жиноий суднинг қарорига муносабат билдираркан, Вашингтон Гаагадаги дастлабки тергов палатасининг Путинни ҳибсга олишга ордер берганини асосли деб билишини, аммо Қўшма Штатлар ушбу суднинг қарорини тан олмаслигини айтди. Чунки, АҚШ ушбу суд низомини ратификация қилмаган. 

Гаагадаги Халқаро жиноий суд қоидаларига кўра, айбланувчи шахс Рим статутига имзо чеккан давлатга сафар қилса, шу давлат уни ушлаб, Гаагага топшириши шарт. Ўзбекистон ҳам Рим статутига 2000 йилда имзо чеккан, аммо ҳали парламент уни ратификация қилмаган.

Маълумотларга кўра, Украинада истиқомат қиладиган 7,5 миллион боладан шу кунга қадар 4,3 миллионга яқини уруш туфайли бошқа ҳудудларга кўчишга мажбур бўлган. Улардан 1,8 миллиони қўшни давлатларга қочқин сифатида ўтган бўлса, яна 2,5 миллион бола ўз уйини ташлаб кетган.

Туркийлар ниманинг пайида?

Бу ҳафта Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатлар раҳбарлари Туркияда тўпланиб, ташкилотнинг навбатдан ташқари саммитини ўтказишди. Бу кўпроқ Туркия Республикасининг амалдаги Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни 14 майда бўлажак сайловларда қўллаб-қувватлаш тадбирига ўхшади. Саммитга келган барча давлат ва Ҳукумат раҳбарлари ўз сўзида аввалида ҳам, охирида ҳам Туркиянинг бугунги қудрати, иқтисодий, сиёсий, ҳарбий имкониятлари, Туркиянинг тараққий этиб бораётгани ва бунинг бошида раҳнамо бўлиб Эрдўған турганини айтишдан чарчамади. Илҳом Алиев уни дунёда сўзи ўтадиган Президент деди. Гурбангули Бердимуҳамедов эса Эрдўған нафақат ўз халқи, балки бутун мусулмон олами тинчлигини ўйлайдиган лидер эканини айтиб, уни Тинчлик учун Нобель мукофотига номзод сифатида кўрсатишни таклиф қилди. Қозоғистон ва Қирғизистон Президентлари ҳам мақтовлар бобида бошқалардан қолишмади. Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев эса бутун турк халқаини сайловда Эрдўғанга овоз беришга чақирди. 

Саммитда қатор месежлар берилди. Хўш, булар нима? 

Неча йиллар ташкилотга кузатувчи бўлиб киришни ҳам қабул этмай келган ва 2021 йилда базўр кузатувчи мақомини олган Туркманистон тез орада ташкилотга аъзо бўлмоқчи. 

Ташкилотнинг ўнинчи саммити эса келгуси йили Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида ўтказилади ва раислик Остонага ўтади. 

Туркиядан бошқа ҳеч бир давлат тан олмаган Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олдиришга боғлиқ ҳаракатлар кучайиши мумкин. Ҳар ҳолда Эрдўған шунга ишора қилди. Қизиқ, аввалига ШКТРнинг ҳатто ташкилотга кирганини ҳам рад этган ёки умуман сукут сақлаб, бетараф қолган мамлакатлар, хусусан Ўзбекистон уни тан олармикин? Ҳар ҳолда у Туркиядан бошқа давлат томонидан тан олинмаган бўлсада, унинг раҳбари Эрсин Татар барча Президентлар ўтирган столдан жой олди. 

Шунингдек, саммитда Туркий Давлатлар Ташкилоти иштирокчилари Европанинг бир қатор давлатларида Қуръонни таҳқирлаш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларни қатъий қоралади.

“Иштирокчилар муқаддас китобимиз Қуръони Каримга қарши сўнгги пайтларда барча мусулмонларни ранжитиб, янги ирқчилик, ксенофобия ва исломофобик провокация ва ҳужумлар учун замин яратиши мумкин бўлган нафрат жиноятларни кескин қоралади”, дейилади саммит якуни бўйича баёнотда.

Туркияга ёпирилган сел 18 кишини олиб кетди

Туркиядан узоқлашмаймиз, чунки мамлакат бўйлаб табиий офатлар – зилзила ва сув тошқинлари давом этмоқда. Хусусан, Туркий давлат ташкилоти Президентлари Анқарада бўлиб турган вақтда ҳам мамлакатнинг турли бурчакларида кучли зилзилалар қайд этилди. Ҳатто, 16 март куни саммит ўтаётган вақтда Болу вилоятида содир бўлган зилзила пойтахт Анқара ва Истанбулда ҳам сезилган. Айни вақтда 6 февралда содир бўлган зилзила қурбонлари 49 мингдан ошди. 

Зилзила камлик қилгандек жорий ҳафта мамлакатнинг Шонлиу урфа ва Адияман вилоятларига сел ёпирилди. Ижтимоий тармоқларда автомобилларни сув оқизиб кетаётгани тасвирланган виедоларни кўрган бўлсангиз керак. Унда бугунгача 18 киши ҳалок бўлди. 

Ўзбекистон Россия билан улфатми?

Юқорида “The Economist” журнали Ўзбекистонни Россиянинг дўстлари қаторига киритганини айтгандим. Гапнинг сираси энди келди. 

Журнал бирданига 11 параметрни ҳисобга олган ҳолда Россия иттифоқчилари рейтингини тузди. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, у ёки бу йўл билан 30 га яқин давлатни Россияга хайрихоҳлари ва унга ёрдам берувчилар рўйхатига киритиш мумкин, аммо аниқ лидерлар сони 10 та. 

Рўйхатни Беларусь бошлаб берди 

“Ҳозирда иккала давлат ҳам ҳақиқий иттифоқ давлати, мини-СССР яратиш сари шиддат билан бормоқда”, деб ёзади Ғарб экспертлари Минскка Россия билан мумкин бўлган 11 иттифоқ нуқтасидан 11 баллни бериб. 

Нашр Арманистонни Москва иттифоқчилари орасида иккинчи ўринга қўйди (9 балл). Учинчи ўринда – Қирғизистон (8 очко). Тўртинчи, бешинчи ва олтинчи ўринлар Эрон, Тожикистон, Қозоғистон (6 балл)га тегишли. Еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи ўринларни Сурия, Хитой ва Венесуела (ҳар бири 5 очкодан) бўлишиб турибди. Россия иттифоқчилари рейтингида Никарагуа, Ҳиндистон ва Ўзбекистон 4 очкога эга ва рўйхатни Ўзбекистон якунлаб берган. 

Директор ва ўқитувчиларнинг бошқа иши қолмадими?

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган мактаблардан бирида директор ва унинг ўринбосарлари "За деньги да" қўшиғига қалбаки доллар сочиб ўйнаган видеоси тарқалди. Уларга нисбатан огоҳлантириш берилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, юқоридаги ҳолат юзасидан Яккасарой туман халқ таълими бўлими мудири томонидан ҳудуддаги 91-мактаб директори ва унинг ўринбосарлари билан суҳбат ўтказилган.

Аниқланишича, мазкур видео 8 март – “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан ҳазил тразида олинган ва мактаб ўқувчилари томонидан байрам муносабати билан устозларга намойиш қилинган.Мактаб директори ва ўринбосарларига ҳолат бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиб, бу каби ҳолатлар бошқа қайтарилмаслиги бўйича жиддий огоҳлантириш бериб ўтилган. 

Бундан бир неча ҳафта аввал Чилонзор туманидаги 181-мактаб ўқувчилари бўлган 4 нафар қиз худди шундай видео олганида бу ҳолат маънавиятимиз, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, азалий анъаналаримизга тўғри келмаслиги айтилиб, бу видео Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси томонидан фавқулодда ҳолат деб баҳоланиб, қизларнинг ота-оналари билан йиғилиш ўтказилиб, шўрлик тарбия берган оналардан узр сўраттирилганди. Қизиқ, мактаб директори ва ўқитувчиларининг ҳам ота-онаси чақиртирилиб, сазойи қилинганмикин ёки маънавият фақат ўқувчиларга келгандагина ишлайдими?


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг