Қамаладиган Путин, МТРКга 20 йилда кирган янги қон, Каримовсиз 8 йил - Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Эшитдингизми? Ўзбекистонда камбағаллар, янада аниқроқ айтсам, камбағаллик даражаси ўтган йил якунлари бўйича нақ 11 фоизга камайибди. “Бекорларни бештасини айтибсан”, деб дарров бизни қарғаманг, илтимос. Бу фактни биз эмас, ўша номи улуғ Камбағалликни қисқартириш ва бандлик деб аталмиш вазирлик айтиб чиқди. Статистика агентлиги 16 мингта уй хўжалигида кузатув ўтказганмиш. Натижада эса мамлакатда камбағаллик даражаси 11 фоизга камайгани аниқланибди. Лекин агентлик бу кузатувни қачон, қандай ўтказгани, одамларнинг уйига камера, қозонига “счетчик” ўрнатиб ўрганганми, буниси бизга қоронғи. Мен фақат айтилган гапни етказиб қўйяпмиз, холос. QALAMPIR.UZ’нинг икки ҳафталик танаффусдан кейинги кутилган Ҳафта воқеалари таҳлили яна эътиборингиз марказида. Биз бошладик. 

Уч собиқ президент жиноий жавобгарликка тортилган

Шу десангиз, Хитойга кетгандим. Лоф бўлмасину лекин ҳеч қачон сафарга чиқиб, Ўзбекистонга қайтишни бунчалик кутмагандим. Мамлакатда на Telegram, на Whatsapp, на YouTube, на Instagram, на Facebook ишларкан. Одамларнинг эркин ахборот олиш воситалари буткул чеклаб ташланган. Хитойнинг ўзиники бўлган Wechat эса жуда қаттиқ назорат остида. Жамиятда турли фикрлилик, жамоатлик муҳокамаси, оммавий ижтимоий тармоқларда Ҳукумат фаолияти ҳақида мулоқот қилишга оғир чекловлар мавжуд. Одамлар сиёсат ҳақида умуман гаплашмайди. Ҳатто, Ўзбекистонда ўқиган хитойлик йигитдан Тошкентдаги хотиралари ҳақида жуда оддий интервью беришини сўраганимда, беролмаслигини, бунинг учун ҳозирги иш жойидан рухсат сўраши кераклигини айтиб, мени ҳайратда қолдирди. Бирни кўриб шукр қил, мингни кўриб фикр қил, деганларидек ёқамни ушлаганча Ўзбекистонга қайтдим. Мен бу гапларни кўрганларим, кузатганларим сифатида айтяпман. Яна бу баъзи амалдорларимизга мойдек ёқиб тушиб, “мана, Хитойдек давлатда ижтимоий тармоқлар чекланган, биз ҳам чеклайлик”, деб гапирганимга пушаймон қилмасин-а?! Демади деманг! 

Келинг, гапни очиқлик ва ошкоралик ҳақида бошларканман, авваллари Марказий Осиёда “Демократия ороли” сифатида эътироф этилган, бугун халқаро майдонда мамлакатдаги сўз ва матбуот эркинлиги хавф остида деб кўрилаётган Қирғизистонга тўхталиб ўтсам. Боиси мамлакатда ҳақиқатан ҳам сўз ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият ҳавас қилгудек эмас. Кўплаб журналистлар ҳибсга олинди, жиноий жавобгарликка тортилди, “24.kg” каби эркин ахборот ресурслари фаолиятига нисбатан таъқиблар мавжуд. Уларнинг мол-мулки ҳибсланган. 

Тугаётган ҳафтада эса Қирғизистонда мамлакатнинг собиқ президентлари Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев ва Алмазбек Атамбоевга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилгани маълум бўлди. Сўз эркинлигининг улар билан нима алоқаси бор, дерсиз. Аммо айнан уларнинг ҳеч бири даврида мамлакатда сўз эркинлиги бугунгидек чекланмаган. 

Аслида юқорида номини санаганимиз учовлонга нисбатан бир неча бор жиноий иш қўзғатилган, ҳатто, Атамбоев ўз вориси Жээнбеков даврида қамоққа ташланиб, Жапаров даврида қўйиб юборилди ҳам. 2023 йилнинг февралида, бундан бир йил аввал амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаров Дубайга барча собиқ президентларни тўплаб, уларни ўзи атрофида бирлашишга чақирди ва уларга қўйилган айбловлар олиб ташланишига ваъда берганди. Йўқ, томонлар ўзаро келишолмади чоғи Қирғизистон Бош прокурори Қурманкул Зулушев шу ҳафтада мамлакатнинг 3 нафар собиқ президентига нисбатан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

Унга кўра, иккинчи президент Қурманбек Бакиевга нисбатан бир нечта жиноий иш очилгани тўғрисидаги суд қарорлари мавжуд.

Қумтор иши бўйича эса Асқар Акаевга нисбатан жиноий қўзғатилган. Қумтор олтин кони давлатга қайтарилгач, собиқ президентнинг айби исботланмагани учун иш тўхтатилган.

Бош прокурор мамлакатнинг тўртинчи президенти Алмазбек Атамбоевга нисбатан судлар томонидан 9 та жиноий иш кўрилаётганини қўшимча қилган.

Бир йил аввал соғлиғи ёмонлиги ва даволаниш сабаби билан қамоқдан озод қилинган Алмазбек Атамбоев ҳозир милтиқни ўқидек, ўша пайт ҳам жуда ёмон аҳволда эмасди. Лекин турли важлар билан озод қилиндию сумкасини кўтарганча Италияга чопди. Шу-шу қайтгани йўқ. Бош прокурорнинг айтишича, у қайтса, суд давом этармиш. Роса қайтадию а?! 

Ҳа айтганча, гап келганда айтиб олай. Қирғизистоннинг ҳозирги Президенти Садир Жапаров 2027 йилда бўлиб ўтадиган Президент сайловида ҳам иштирок этармиш. 

Назарбоевнинг яна бир ҳайкали қўпориб ташланди

Қозоғистонда ҳам биринчи президент билан боғлиқ вазият оғирлигича қолмоқда. Нурсултон Назарбоев номини ўлмай туриб ўчириш кампанияси жадал давом этмоқда. У ўзи ҳаётлик ва раҳбарлик чоғларида ўзига ҳайкал ўрнатган саноқли президентлардан бири. Аммо ҳайкаллари ҳам одамлар томонидан қўпорилди, ҳам давлат уларни бирин-кетин тозалаяпти. Тугаётган ҳафтада Назарбоевнинг олтинмонанд ҳайкали Қозоғистон Миллий музейи атриумидан олиб ташланди.

Музей берган маълумотларга кўра, ушбу экспонат музей мулки ҳисобланади ва зал концепциясидаги ўзгаришлар туфайли коллекцияда сақланади. Лекин қайси коллекцияда, қандай сақланади, бунга аниқлик киритилмаган. Балки Лениннинг ҳайкали сингари оёқости қилинар. 

Қайд этилишича, музейнинг 10 йиллигини нишонлаш арафасида Маданият вазири топшириғига билан маҳаллий ва хорижлик мутахассисларни жалб этган ҳолда, музейни ободонлаштириш ишлари бошланган.

Музейга экскурсиялар айнан Нурсултон Назарбоев ҳайкали олиб ташланган қисмдан бошланади. Бизнингча, Қозоғистоннинг ҳозирги раҳбарияти Қозоғистон миллий музейи, унинг тарихи Назарбоев шахси билан боғланишини у қадар хушлаётгани йўқ, гарчи Назарбоев ўз китобида ҳозирги раҳбариятни алқаб, мақтаб ёзса ҳам.

Ислом Каримов саккинчи йил хотирланди

Ўзбекистонда Биринчи Президент Ислом Каримовнинг таваллуди унинг ўзисиз саккинчи йил ўта сиполик билан нишонлади. Агар Ислом Каримов ҳаёт бўлганида 86 ёшни қаршилаган бўлар эди. Албатта, Ислом Каримов ҳаётлик чоғида Назарбоев каби ўз ҳайкалини ўрнатгани йўқ. Унинг ўлимидан кейин ҳайкали ўрнатилган маскан, Оқсарой мажмуаси эса Каримов хотирланадиган саноқли жойлардан бирига айланган. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 январь куни эрта тонгда анъанага кўра Оқсарой мажмуасига бориб, Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

Тадбирда Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва ҳукумат вакиллари иштирок этди. Каримовлар оиласидан эса одатга кўра Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова кўриниш берди. 

“Қуръон оятлари ўқилиб, дуо қилинди. Биринчи Президентимизнинг Ўзбекистон манфаати йўлида қилган ишлари, инсоний фазилатлари ёдга олинди”, деб хабар берди Президент Матбуот хизмати.

Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Тилляева-Каримова эса отасининг таваллуд кунини яна АҚШда ўтказди. У бу сафар Ислом Каримовнинг ёшлигидаги сурати туширилган кўйлакда намоён бўлиб, отаси билан ўтган йилларни хотирлади. Унинг айтишича, кўплаб одамлар Ислом Каримовни яхши хотиралар билан эслайди. Хўш, унинг айтганларида жон борми? Сиз Ислом Каримовни, унинг раҳбарлигидаги Ўзбекистонни қандай эслайсиз? 

Ортиқхўжаев 7 та бизнесини сотган, лекин кимга?

Тошкент шаҳри ҳокимлигидан кетганига нақ бир йил бўлган Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳозир нима билан бандлиги кўпчиликни қизиқтираётгани аниқ. То ҳокимликка тайинлангунча йирик тадбирлар, телеканалларда умуман кўриниш бермаган, кўчада кўрсангиз, ҳатто, танимаслигингиз тайин бўлган Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, одамлар орасида ирод қилишни соғинган чоғи бир йил деганда яна кўриниш берди. Бу сафар у мотиватор-тадбиркор образида. Собиқ ҳокимбува Сурхондарёга бориб, тадбиркорлар билан учрашиб, ўз тажрибаси билан бўлишди ва айтганлари яна трендга чиқди. 

Ўнлаб ошиғи олчи бўлган бизнесларнинг бошида турган 49 яшар Ортиқхўжаев ўтган давр мобайнида ўзига тегишли бўлган 7 та йирик бизнесни сотган. Булар орасида Magic City парки, Crafers қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводи ва Media Park дўконлари мавжуд. Ортиқхўжаев ҳақиқатан ҳам бу бизнесларни бошқаларга сотганми ё у чўнтагидан бунисига ўтказганми, буниси бизга ҳозирча маълум эмас. Аммо собиқ ҳокимбува нимадирини сотгани ҳақида биринчи марта гапираётгани йўқ. Бундан икки йил аввал, айнан 2022 йилнинг февраль ойида Ортиқхўжаев матбуот анжуманида ҳоким бўлгунигача 35 та машинаси бўлгани, уларни сотиб, олтита машина билан қолганини айтганди. Шунингдек, у ҳокимлик даврида доимий равишда ўзига оид бизнесларни рад этиб, уларни бошқаларга топширганини иддао қилиб келди. Ҳокимликдан кетдию ва яна кўриб турганингиздек бизнеслари бошида. 

Бошқа томондан Ортиқхўжаевнинг 7 та бизнесини сотгани ҳақидаги гаплари ҳам турли саволларни келтириб чиқарди. Бу бизнеслар ўзи тўла-тўкис Ортиқхўжаевга тегишлимиди? Уларда давлат иштироки йўқмиди? Бу лойиҳалар учун кредитлар берилмаганмиди? Бордию кредитлар олинган бўлса, айниқса, давлат кафолати билан кредитлар, уларни ким тўлайди? Бу саволлар ҳозирча очиқ ва журналистларимиз ўрганишларни давом эттиряпти. 

Алишер Хўжаев яна МТРКдан кетди

2005 йилдан буён ўртада кичик узилиш билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясини бошқариб келаётган Алишер Хўжаев тугаётган ҳафтада лавозими билан хайрлашди. Аммо унинг яна шу лавозимга қайтиб қолиш эҳтимоли йўқ, деб тўла ишонч билан айта олмаймиз. Чунки у 2017 йилнинг июнида ҳам лавозимидан четлаштирилган эди. Икки ой оралиғида МТРКни Хуршид Мирзоҳидов ва Борий Алихонов бошқарди. Икки ой ўтар-ўтмас Алишер Хўжаев яна ўз курсисига қайтиб келди ва қарийб 7 йилдан бери бу лавозимда “қимир этмай” ўтирганди. 

Унинг даврида кўплаб янги телеканаллар, жумладан “Ўзбекистон 24” иш бошлади. Аммо “Дунё бўйлаб” телеканали тўлиқ руслаштирилди, телеканалларда, айниқса, “Ўзбекистон 24”да танқидий кўрсатув ва лавҳалар чекланди. Мамлакатда содир бўлган кўплаб фавқулодда воқеалар ҳам худди ҳеч нарса содир бўлмагандек, ёритилмади. 

Алишер Хўжаев Бош вазир Абдулла Ариповга яқинлиги айтилар эди. Шу ҳафтанинг ўзида МТРК раиси лавозимига тайинланган Абдурашид Жўрабоев ҳам Бош вазирга бегона эмас. У 2023 йилнинг февралидан Бош вазир котибияти раҳбари лавозимида ишлаб келаётган эди. 

Абдурашид Жўрабоевдан бўш қолган ўринни ким эгаллаши расман аниқ эмас. Лекин узунқулоқ гапларга қараганда, 2018 йилдан 2022 йилгача Президент Администрациясини бошқарган Зайнилобиддин Низомиддинов Вазирлар Маҳкамасида, айнан Жўрабоев бўшатган ўринда иш бошлаши мумкин. 

Шунингдек, тугаётган ҳафтада ва ниҳоят Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига бош тайинланди. Бу сафар вазир курсисини эгаллаган шахс таълимга бегона эмас, таъбир жоиз бўлса таълимни яхши тушунадиган кадр сифатида ном чиқарган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори лавозимида ишлаб келаётган Қўнғиротбой Шарипов энди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигини бошқаради. Вазирлик унга бегона эмас, у аввал ҳам ушбу вазирликда ўринбосар ўлароқ фаолият юритган. 

ДХХ раиси “Толибон” вакили билан учрашди

Дунё, жумладан Ўзбекистон ҳозирча Афғонистондаги янги Ҳукуматни тан олгани йўқ. Аммо расмийларнинг борди-келдилари юқори даражаларда давом этмоқда. Бу ҳафта Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ёқуб билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон томони расмий маълумот бергани йўқ. 

Афғон матбуотига кўра, музокараларда чегара, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ва транзит ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинган.  

Манбага кўра, Муҳаммад Ёқуб ушбу учрашувда “Толибон” тараққиёт лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирган.

“Толибон” билан мулоқот қилаётган бир Ўзбекистон эмас. Афғонистонда йиллар давомида “Толибон”га қарши курашган АҚШ ҳам айни вақтда “Толибон” назоратидаги Афғонистонда консуллигини қайта очиш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда Давлат департаментининг янги эълон қилинган стратегия ҳужжатида сўз борган. 

Қайд этилишича, ушбу ҳаракат АҚШ томонидан яккаланган “Толибон” режими билан чекланган ҳамкорликдаги потенциал ўзгаришлардан далолат беради.

“Биз америкаликлар учун консулликка кириш, шаффофлик ва масъулиятни ҳимоя қиламиз, шунингдек, Президентнинг гаровга олинганлар бўйича махсус элчисининг ноҳақ ҳибсга олинган америкаликларни озод қилиш бўйича ишини қўллаб-қувватлаймиз”, дейилади ҳужжатда.

Айтиш жоизки, 2021 йил августида Афғонистон ҳукумати қулаши билан АҚШ Қобулдаги элчихонасини ёпиб қўйди. Ўшандан бери АҚШ ва “Толибон” ўзаро алоқалари Афғонистондан ташқарида, асосан АҚШнинг Афғонистондаги муваққат ишлар вакили бўлган Доҳада (Қатарда) вақти-вақти билан учрашувлар билан чекланган.

"Қўшма Штатлар “Толибон”ни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олмаса ҳам, мақсадларимизни олға силжитадиган ҳамда “Толибон”нинг бизнинг олдимиздаги мажбуриятларини бажаришга тайёрлиги ва қобилияти тушунишимизни янада мустаҳкамлайдиган функционал муносабатларни ўрнатишимиз керак”, дейилади стратегия ҳужжатида.

АҚШ расмийлари “Толибон” билан ҳар қандай нормализация, жумладан, уларнинг раҳбарларига нисбатан ўнлаб йиллар давом этган санкцияларни тугатиш “Толибон”нинг репрессив сиёсатини бекор қилиш ва инклюзив афғон ҳукуматини шакллантиришга боғлиқлигини қайта-қайта таъкидлаган.

Собиқ бош вазир 24 йилга, хотини 14 йилга қамалди

Покистон собиқ бош вазири Имрон Хон иккита суд ҳукми билан 10 ва 14, жами 24 йилга қамалди. Унинг рафиқаси Бушра Биби эса 14 йилга озодликдан маҳрум этилди. 

Суд 30 январь куни собиқ бош вазирни давлат сирларини ошкор қилишда айблаб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Айблов хулосасига кўра, Хон Покистоннинг Вашингтондаги элчиси ҳукуматга юборган махфий телеграмма мазмунини ошкор қилган.

Шунингдек, суд шу ҳафтанинг ўзида Имрон Хон ва унинг рафиқаси Бушра Бибини коррупция иши бўйича 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. 

Собиқ бош вазирга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Тошахона давлат ғазнасида сақланаётган қимматбаҳо буюмларни сотиш билан боғлиқ. Суд ҳукми билан Хон ва келинойи ўн йилга давлат лавозимларида ишлаш тақиқланди ва ҳар бири 787 миллион рупий (9,4 миллион доллар) миқдорида жаримага тортилди.

Лекин жамоатчилик яна Имрон Хон озодликка чиқади, деган фикрда. 2022 йилда бош вазирлик лавозимидан четлатилган Хон, 2023 йилнинг августида коррупцияда айбланиб, уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Аммо орадан кўп ўтмай, озод қилинди. 

Янги ҳукм эса Покистондаги умумий сайловларга бир ҳафта қолганида эълон қилинди. Бу эса собиқ бош вазирнинг сайловда иштирок эта олмаслигини билдиради.

Имрон Хон ўзига қўйилган барча айбловларни рад этмоқда ва уларни сиёсий ҳийла деб ҳисоблаяпти.

Президент 4 кишига “ҳайфсан” берди 

Тугаётган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, унинг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раиси Анвар Жўраевга “ҳайфсан” берди ва охирги марта огоҳлантирди. 

Давлат раҳбари уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар бўйича ўтказган йиғилишида мазкур тизимда 3 та вазирлик ва идора, 3 та инспекция, 5 та компания, ҳудудларда қурилиш, уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳаларига масъул ҳоким ўринбосарлари борлиги, пойтахт ва Тошкент вилояти ҳокимларига қурилиш ва коммунал соҳага алоҳида ўринбосар берилганига қарамай, бу комплекс халқ энг кўп норози бўлиб мурожаат қиладиган соҳалардан бири эканини айтди. 

Давлат раҳбари қурилиш соҳасига замонавий стандартларни жорий қилиб, қурилиш нормаларини янгилаш, ичимлик суви таннархи ва тармоқдаги йўқотишларни камайтириш, маҳаллий авиарейсларни кўпайтириш, Тошкент шаҳрида тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини яхшилашдаги камчиликларни бирма-бир санаб, мутасаддиларнинг бу борадаги ишлари қониқарсиз эканини билдирди.

Шу боис юқорида номлари саналганлар ҳам “ҳайфсан”, ҳам охирги огоҳлантиришини олди. Менимча, улар ишдан кетган тақдирда ҳам кўчада қолмайди. 

Истанбулдаги черковда отишма

Икки нафар қуролланган шахс Истанбулдаги Авлиё Мария черковига келган ибодатчиларга ҳужум қилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Туркия расмийлари отишма Россия ва Тожикистоннинг ИШИД гуруҳига алоқадор фуқаролари томонидан уюштирилганини маълум қилди. 

Қуролланган шахслар черковга эндигина кириб келган қора кийимли кишига қарата ўқ узиб, жароҳатлагандан сўнг хотиржам ортига қайтгани камераларда қайд этилган.

Улар қўлга олинган. Аниқланишича, Польша давлат рақамлари бўлган машинада келган. У бир йил давомида Истанбулдаги умумий йўлларда кўринмаган. Гумонланувчилар отишмани содир этгач, қуролларидан қутулиб, соқолларини олдириш орқали ташқи кўринишини ўзгартиришга уринган. Ўқлар Россия фуқароси томонидан отилган. Тожикистон фуқаросининг қуроли ишламай қолган.

Шу кунларда Туркияга келган АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд “CNN Türk” телеканалига интервью бериб, Америка Қўшма Штатлари ўз қўшинларини Суриядан олиб чиқмаслигини билдирди. 

“Қўшма Штатлар Суриядан қўшинларини олиб чиқмаяпти. Кеча Истанбулдаги черковда содир этилган фожиали воқеалар шуни кўрсатдики, ИШИД ҳали ҳам кўп жойларда фаол. Биз Туркия билан терроризмга қарши кураш борасида ўнлаб йиллар давомида ҳамкорлик қиламиз", дейди у.

Рита хола қўлга тушди

Туркиядан узоқлашмаймиз. Тугаётган ҳафтада фирибгарлик айблови билан халқаро қидирувда бўлган ва Туркияда қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси Рита хола Халилова Тошкентга депортация қилинди. 

1957 йилда туғилган Рита хола кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда айбланиб, 2016 йилдан буён Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувда бўлган. У Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида 13 январь куни Истанбул шаҳрида қўлга олинган.

Рита Халилова 28 январь куни Бош консулхона дипломатлари иштирокида Истанбул халқаро аэропортидан Ўзбекистонга депортация қилинган.

Шунингдек, икки мамлакат Ички ишлар вазирликлари томонидан ўтказилган яна бир тезкор тадбирда фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда айбланиб, 2022 йилдан буён Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувда бўлган Фахриддин Шакарбоев ҳамда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда айбланиб, 2018 йилдан буён қидирувда бўлган Ҳумоюнбек Мардонов Истанбулда қўлга олинган.

30 январь куни ушбу фуқаролар бош консулхона дипломатлари иштирокида Истанбул аэропортидан Ўзбекистонга депортация қилинди.

Мазкур шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиши сўралган.

Яна шуни ҳам айтиб ўтиш ўринлики, ўтган йилнинг 28 декабрь куни Истанбулда қўлга олиниб, депортация марказига жойлаштирилган ўзбекистонлик диний олим ва блогер Мубашшир Аҳмаднинг ҳозирги аҳволи ҳам мавҳумлигича қолмоқда. 9 январь куни Ўзбекистоннинг Туркиядаги Бош консулхонаси Мубашшир Аҳмадга нисбатан тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётганини билдирган эди. Орадан шунча вақт ўтса ҳам на консулликдан ва на бошқа идоралардан Мубашшир Аҳмад ҳақида маълумот бор. Унга қандай айблов қўйилгани ҳам маълум эмас. 

Путиннинг қанча пули борлиги айтилди

Россия Марказий сайлов комиссияси жорий йил бўлиб ўтадиган сайловда президентликка номзод ва амалдаги давлат раҳбари Владимир Путиннинг мол-мулки ва даромадлари ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, Путиннинг олти йил давомидаги жами даромади 67 миллион 591 минг 875 рублни, тақрибан 750 минг АҚШ долларини ташкил қилган. Шунингдек, унинг Москва (153,7 квадрат метр) ва Санкт-Петербургда (77 квадрат метр) квартираси, гаражи (18 квадрат метр) ва учта автомобили бор.

Қолаверса, Владимир Путин жами 54 416 604,52 рубль тахминан 604 000 АҚШ доллари бўлган 10 та банк ҳисоб рақамига ва Санкт-Петербург банкининг 230 та акциясига эгалик қилади.

Ҳа бу орада яна бир нарсани айтиб кетай. Жаноб Путин бундай бун Арманистонга боргудек бўлса, ҳибсга олинади. Чунки 1 февраль куни Арманистон Халқаро жиноий судга расман қўшилди. 

Ўтган йилнинг 14 ноябрида Арманистон Рим статутининг ратификация ҳужжатини расман топширган ва унинг 2024 йил 1 февралдан кучга киришини кутаётган эди. Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян судга йўллаган мактубида Арманистон Республикаси суд билан тўлиқ ва кечиктирмасдан ҳамкорлик қилишга ваъда беришини айтган. 

Рим статутига биноан, Халқаро жиноий суд томонидан Россия Президенти Владимир Путинга нисбатан ҳибсга олиш ордерига кўра, энди у Арманистонга келса, ҳибсга олиниши керак.

Ҳаммасига АИ-80 айбдор бўлиб чиқди

Тошкент шаҳри ҳавосидаги ифлосланишнинг асосий сабаби пала-партишқурилишлар ёки дарахтлар кесилиши эмас. Аксинча, ҳаводаги PM 2,5 зарраларининг 60-65 фоизи АИ-80 маркали бензинда юрадиган машиналардан чиқадиган заррачалар ҳисобига тўғри келмоқда.

“Бундан ташқари, охирги йилларда ерлар деградация бўлиши оқибатида Қозоғистон ва ўзимизнинг чўлланган ҳудудлардан майда заррачалар кўтарилиб, Тошкент шаҳрида PM2,5 заррачаларининг кўпайишига олиб келади. Бу тахминан 15-20 фоизига тўғри келади”, дейди Абдуҳакимов.

Вазирнинг айтишича, PM2,5 нинг қолган 20 фоизи кўмир ва мазут ёқиш кўпайгани ва саноат корхоналари ҳисобига тўғри келади.

Шунингдек, вазир Тошкент атмосфера бўйича қизил тоифадаги шаҳарлар сирасига кираётганининг омилларидан бири шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагани эканини айтди. 

 “Шаҳарсозлик бош режаси тасдиқланмасдан қурилиш бўляпти. Яшил зона қаерда бўлса, ўша ерда қурилиш амалга оширилмаслиги керак, лекин бош режа бўлмагани боис биз билолмаяпмиз. Масалан, сўнги 5 йилда Тошкентда 5400 та объект барпо этилган”, дейди Абдуҳакимов.

Ўлганнинг устига тепгандек, вазир ҳаво ифлосланиши ҳақида куйиб-пишиб гапирган шу ҳафтада Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилаётганлиги аниқланди.

Гап шундаки, жорий йилнинг 23-31 январь кунлари Экология вазирлиги томонидан Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Салар шаҳарчасида жойлашган Тошкент иссиқлик электр станцияси фаолияти текширилган. Унда корхонада газ асосий ёқилғи ҳисоблангани, шунингдек, қўшимча ёқилғи сифатда мазутдан фойдаланилаётганлиги аниқланган. Шу сабабли Тошкент шаҳри ҳавосини тутун қоплаган. 

Текширув натижаларига кўра иссиқлик электр станциясига атроф-муҳитни ифлослантиргани учун 1 млрд 23 млн сўм миқдорида компенсация белгиланган. 

Ички ишлар ходимининг шармандали видеоси тарқалди

Ўзбекистонда Ички ишлар органлари ходимларини тасвирга олиб, уларни обрўсизлантириш учун тарқатиш ҳақидаги қонун Олий Мажлис ва Сенатда хаспўшланиб, жавмоатчиликнинг эътирозлари эътиборга олинмай, қабул қилинай-қилинай деб турган бир пайтда шу ҳафтанинг ўзида ходимларнинг хурмача қилиқлари акс этган икки видео тарқалди. 

Улардан бирида ходим вояга етмаган болани машинага мажбуран тиқиб, олиб кетгани акс этган. 1 февраль куни тасвирдаги боланинг онаси мазкур ҳолат бўйича Болалар омбудсманига мурожаат қилган.

Аниқланишича, 2023 йил 22 декабрь куни Чилонзор тумани Чилонзор-3 мавзесида икки нафар ички ишлар ходими 2011 йилда туғилган болада пиротехника воситалари борлигини аниқлаб, болани хизмат машинасига куч ишлатиб, мажбуран ўтқазишга уринган. Шу билан бирга, ходимлар унга нисбатан қўпол ва номақбул муносабатда бўлган. Бунинг оқибатида эса бола бош соҳасидан лат еган ва қаттиқ эмоционал қўрқув ҳолатига тушган.

Ички ишлар ходимларига нисбатан мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, уларнинг ҳаракатларида вояга етмаган болага нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ҳамда Ички ишлар органлари ходимларининг “Касб маданияти ва хизмат интизоми тўғрисида”ги кодексини бузиш ҳолатлари юзасидан "ҳайфсан" интизомий жазоси қўлланилган.

Ҳозирда Болалар омбудсмани сўровига кўра Тошкент шаҳар прокуратураси мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш масаласини ўрганмоқда.

Жорий ҳафтада тарқалган иккинчи видеода эса ички ишлар формасида спиртли ичимлик истеъмол қилган ходим маст ҳолда уст-боши лой бўлиб, оёқда зўрға турганини кўриш мумкин. 

Видеодаги “қаҳрамон” Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Ички ишлар бўлими профилактика инспектори лавозимида хизмат қилган, 2023 йилнинг 20 ноябрида ишга қабул қилинган катта сержант бўлиб чиққан. У Ички ишлар органлари ходими шаънига путур етказувчи ҳаракатлари учун Қўшработ тумани Ички ишлар бўлими профилактика инспектори лавозимидан бўшатилган. Айни пайтда ушбу ҳолатнинг юзага келишига йўл қўйган раҳбар ходимларга нисбатан ҳам хизмат текшируви тайинланган.

Аслида Ички ишлардагилар ва Олий Мажлисдаги хаспўшлаётган қонун қабул қилингудек бўлса, юқоридаги икки видеони ҳам Ички ишлар ходимларини обрўсизлантириш мақсадида тарқатилган деган айблов билан яна одамларнинг ўзи айбдор қилиниши мумкин. Шундай экан бу қонунни қабул қилиш қанчалик тўғри? 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг