Қачонгача “қора пиар” билан кун кўради? – Ботир Эргашев Отажоновнинг лицензияси олиниши ҳақида

Жамият

image

Хабарингиз бор, кеча, 14 октябрь куни таниқли хонанда Жаҳонгир Отажоновга “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун берилган АА-серияли, 7422-сон лицензиянинг амал қилиши тугатилди. Бу эса ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқармоқда. Кимдир бу тўғри қарор бўлганини айтса, бошқалар Отажоновга мухлислик қилиши учун лицензия шарт эмаслигини ёзмоқда. Ижтимоий тармоқлар, жамоатчилик орасидаги тортишувларда бу мавзу кун тартибида турибди, десак муболаға бўлмайди. 

Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов Отажоновни қўллаб-қувватлаб, уни оиласи ва фарзандлари билан яхши кўриб тинглаши, бунинг учун лицензия керак эмаслигини ёзиб чиққанди. 

Баҳс мунозараларга турли соҳа вакиллари ҳам аралашмоқда. Булар орасида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ботир Эргашев ҳам бор. У ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси шундай ёзади: 

“Эл-улус тинимсиз ёлғон гапирадиган инсонни бирдек “ёлғончи” деб атайди. Шу жумладан, кўп гапирадиганларни “маҳмадона”, тинимсиз жанжал қилаверадиганларни эса “жанжалкаш” ёки “урушқоқ” каби бад номлар билан тилга олади. Гапнинг пўсткалласини айтганда ҳар ким феъл-атворига қараб қўшимча “номланаверади”. Азал-азалдан шундай бўлиб келган. Агар шунга ўхшаш номақбул “номлар” жоҳил, золим, худбин кимсаларга нисбатан ишлатилса, хўп-хўп, Худо кўрсатмасин, агар зиёлилар, маданият ходимларига қарата айтилса, тамом. Чунки ҳақиқий зиёли, маданиятли инсонлар бундай иснодни ҳеч қачон кўтара олмайди, бундай кунларни ўзига эп кўрмайди ва бу каби ҳолатлардан ўзини асраб юради, деб ўйлайман.
Куни кеча, 14 октябрь куни хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг лицензияси бекор қилингани тўғрисидаги хабарни ўқиб қолдим. Тўғриси, бундан ажабланмадим. Сабаби кўпчиликка маълум. Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар иккига бўлиниб, ўзларининг яхши-ёмон фикрларини билдиришмоқда. Шу юртда яшаётган, санъат оламидан, аниқроғи “шоу-бизнес” оламидаги муҳитдан озми-кўпми хабардор инсон сифатида мен ҳам ўз фикрларимни айтгим келди.

Жаҳонгир Отажонов ҳақида гап кетганда ўқиган, мусиқий илми етарли, ижроси ҳам жойида хонанда кўз ўқингизга келиши шубҳасиз. Бироқ масаланинг бошқа бир жиҳати бор. Эл назарида бўлиш учун, санъат ва маданиятни тарғиб этиш учун ўқиганлик, мусиқий саводхонлик камлик қилади назаримда. Ижтимоий тармоқлар ривожланиб кетган кейинги пайтларда Жаҳонгир ижоддан кўра қай ердаги йўқ ғалваларга кўп аралашиб кетди. Уни ҳамиша қайсидир ҳамкасби билан тинимсиз гап талашгани, ёшларга нисбатан беписанд муносабатда бўлгани, дин уламосига қарата адишасизларча видеомурожаат йўллаб, ўзи тўла-тўкис билмайдиган шаръий масалаларда жиззакилик қилаётигани, тўй ҳашамларда санъаткорга хос бўлмаган ҳаракатлар билан ерга ётволиб, ҳар хил қилиқлар қилиб, маданиятли инсонларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Энг ёмони ўша эътироз билдирганларга эса ўйлаб-нетмай, ҳеч қандай мулоҳаза қилиб кўрмай, нималарнидир исбот қилмоқчи бўлган ёқимсиз ҳолатларини кўпроқ кўряпмиз. Охирги марта у томонидан машина бошқариб кетаётган ҳолда, йўл ҳаракати қоидасини бузиб, телефон орқали “битта мани лецензиямни олингани чо стоит, олларинг, мазза қилларинг, газини бос” каби санъаткордан кўра безориларга хос бўлган тилда йўллаган видеомурожаати меъёрдан ошиб кетди. Биламан, унинг ёнини олаётганлар – ашаддий мухлислари бўлиши мумкин, бироқ бу воқеликка изоҳ ёзаётганлар орасида ном-нишони йўқ, ғаразли кимсалар ҳам борлигига гувоҳ бўляпмиз. Уларнинг изоҳларидан давлат муассаларига нисбатан халқнинг кўнглида негатив фикр уйғотиш, шу орқали юрти бир, миллати, дини бир бўлган инсонларни, айниқса ёшларни бир-бирига “гиж-гижлаш”, маданият деса, бутунлай жаҳолат ботқоғини кўз ўнгига келтириб қўйишга қаратилган фитна-фасодга ўхшаш ҳаракатлар амалга оширалаётганини илғаш қийин эмас. Унинг асил мухлисларига эътирозим йўқ. Аммо ижодкор одам, маданиятли одам бундай бемаъни можаролардан узоқроқ юриши, яхши-яхши қўшиқлар яратиши кераклигини мухлислари ҳам билиши лозим.

Яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида Беҳзод Ҳаққиев деган ёш бир хонанданинг тўйда хизмат қилаётгани акс этган қисқача видео лавҳаси тарқалди. Унда ўша ёш хонанда пул қистиргани чиққан мухлисларига, “мен бу ерга сизларнинг дийдорингиз учун келдим, пулимни керагича тўй соҳибларидан олдим, илтимос, менга пул қистирманглар”, деб уларни ўта маданият билан ортига қайтарди. Очиғи, қойил қолдим. Бунақасини кўрмагандим. Бўлар экан-ку санъаткор суюкли мухлислари қаршисида ўзини шундай тутса. Бўлар экан-ку санъаткор моддиятдан сал баландроқ турса. Қачонгача санъаткор дегани беш-ўнта ширакайфни ўртасида мазах бўлиб қўшиқ айтади? Қачонга “қора пиар” билан кун кўради?

Мен ижодкор сифатида, айниқса, санъатни яхши тушунадиган инсон сифати Жаҳонгирнинг ўзини бундай тутишларини асло оқлай олмайман. Унинг бу каби қилғилиқлари Ортиқ Отажоновдай буюк инсон бошчилик қилгувчи улуғ сулолага зинҳор ярашмайдиган иш. Уни мен билган қариндош-қондошлари Ортиқ Отажонов, Қўзижон Отажонов, Улуғбек Отажонов ҳаттоки Али Отажонов каби маданият билан, гўзал ҳусни хулқ билан ижод қилишини жуда-жуда истардим”.


Мақола муаллифи

Теглар

Ботир Эргашев

Баҳолаганлар

1134

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар