Қаҳратонда қақшаган дарахтлар
Жамият
−
19 Январь 2023
6011Аномал совуқ кириб келиши билан ёғган кучли қор пойтахтда кўпгина дарахтларнинг томирини қуритди. Автойўлда, кўчаларда ҳамда маҳаллаларда вақтида буталанмаган дарахт шохлари қор оғирлик қилиб ерга қулади. Дарахтзорлар ҳам шохлар билан тўлди. Хуллас, гулламай, сўнган куртаклар бир тунда оёқ остида қолди.
QALAMPIR.UZ қор туфайли синган дарахтлар юзасидан ўрганиш олиб борди.
Шайхонтоҳур тумани, "Новза" маҳалласи илк манзилимиз бўлди. Бу ерда ўсаётган 3 та дарахтнинг катта шохлари қор туфайли синиб тушган.
Маҳаллага кирганда, кўп йиллик дарахтнинг улкан шохи қулаганига кўзимиз тушди. Айтишларича, шох аномал совуқ бошланган ҳафтанинг илк кунида синган. Ҳалигача уни Ободонлаштириш ҳодимлари олиб кетмаган.
"Бирдан қарсиллаш овозини эшитиб, чўчиб тушдик. Ўша куни биринчи қор ёғаётганди. Эртаси куни чиқиб қарасак дарахтнинг шохи синган экан. Яхшиям ярим тунда синибди, бирор кимсани босиб қолганда нима бўларди, Худо бир сақлади", дейди маҳалла фуқароларидан бири.
"Новза" маҳалласидан чиқиб, Чилонзор туманига бордик. Юқоридаги маҳаллага яқин бўлган "Зулфиқор" кўчасидаги учта арча ердан ўпирилган. Иккита қарағай дарахтининг шохлари cинган.
Бора-бора, Экология қўмитасининг шикастланган дарахтлар рўйхати кенгаймоқда. Шайхонтоҳур тумани Экология бошқармаси бош мутахассиси Турсунпўлат Эгамов аниқ рақамларни очиқлади.
“Қор ёғиши оқибатида, 902 та дарахт шикастланган. Шулардан 557 тасининг шохлари cинган, 345 таси таг қисмидан ўпирилиб тушган”, дейди Турсунпўлат Эгамов.
Рўйхатни қисқартириш имкони бор, лекин буни кейинги қор ёғишидан аввал амалга ошириш мумкин, холос. Бироқ кўрилиши керак бўлган чора-тадбирлар олдиндан кўрилганда, балки масъуллар сақлаб қолинган дарахтлар билан мақтанаётган бўларди.
“Тошкент шаҳар экология бошқармаси томонидан туманлардаги ободонлаштириш бўлими раҳбарларига агротехник чоралар кўриш бўйича огоҳлантириш берилган. Чора-тадбирлар асосан дарахтлар таг қисмига ўғит ва махсус воситалар ташлаб чиқишдан иборат. Қор ёғган ҳолатда дарахтлар қулаб тушмаслиги учун улар қорлардан тозалаб чиқилади. Экология бошқармаси фақат шу ҳолатнигина назорат қилади, шунингдек, фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни шаҳар ободонлаштириш бошқармасига тақдим қилади”, дейди Турсунпўлат Эгамов.
Вазифани қайсидир ташкилотга юклаш билан кўрилган чора ўзини оқламаяпти, чоғи. Буни юқоридаги қулаган дарахтлар яққол кўрсатяпти. Шундай экан, ҳамжихатликда қилинган амалий ҳаракат нобуд бўлган дарахтлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин эди.
Акобир Мисиралиев
LiveБарчаси