“Қизиллар жанги”дан сўнг Сульшерга ишонч қандай?

Спорт

image

Кўпчиликнинг фикрича МЮ нинг Ливерпулга қарши ўйини қизил иблисларнинг вақтинчалик бош мураббийи бўлиб турган Сульшернинг клубда кейинги мавсум ҳам қолиш ёки қолмаслигини белгилаб бериши керак эди.  Юқори ҳароратли,  аммо бироз зерикарли ўтган “қизиллар жанги”дан сўнг унинг клубда қолиши тўла ойдинлашиб улгурмади, бизнингча… 

Премьер лиганинг деярли ҳар бир турида марказий ўйинлар кузатилгани сабабли, кейинги марказий ўйин ҳақида фақатгина келаси турнинг расмий анонси берилгачгина билиб оламиз. Масалан, Испанияда бундай ҳолатлар деярли кузатилмайди,  яъни испан премьеросида марказий ўйин деганда, ҳар қандай мухлиснинг кўз ўнгида биргина “эл-классико” гавдаланади. “Йилда бир марта бўлар – президент арчаси” каби бу “эл-классико” ҳам премьер доирасида бир мавсумда икки марта бўлиб ўтади, холос. Буни ҳам испан футболи мухлислари мавсумга қуръа ташлангандаёқ қайси саналарда бўлиб ўтишини ёдлаб олиб, бир-бирига минг марталаб эслатишади. 

Англияда эса олтита гранд клубларнинг ўзаро ўйинлари (якунда қарама-қаршилик ғолиблиги кафолатланмаган қизиқарли учрашувлар) бутун мавсум бўйлаб 30 тани ташкил этади.  Бу ҳар бир тур учун деярли битта марказий баҳс мухлисларни кутиб турибди дегани, қолаверса, премьер лигада ўртамиёна клублар ҳам ўзаро ҳисоб-китоб пайтида ҳар қандай гранд клубни боши берк кўчага киритиб қўйиши мумкин. Шу сабабдан мавсум аввалида ушбу олтиликнинг ашаддий ишқибозлари ҳам чемпионат давомида суюклилари қайси санада кимга қарши майдонда саф тортишларини олдиндан айтиб беролмайдилар... 

Ўтган ҳафтада катта ўйинлар мусобақаси Европа чемпионлар лигаси баҳсларини ҳаммамиз катта қизиқиш билан кузатиб борганимиз рост. Лекин шу ўйинларни кузатар эканмиз, барибир ҳафта якунида премьер лига доирасида бўлажак – “Титанлар жанги”ни бир зумга бўлсада хаёлимиздан чиқара олмадик. Бунинг ўзига хос сабаблари бор эдики, мухлислар ҳафта якунини интиқлик билан кутишди. АПЛнинг энг қадимий икки иззатталаб гранди ўртасидаги қарама-қаршиликлар ҳар доим ҳам юқори ҳароратли – “оловли баҳс”ларга айланиб кетган.  Аммо бу галгиси жамоларнинг ҳозирги ҳолати бўйича “аввалгиларга ўхшамас” эди.  

Биринчи даврада “Энфилд”да ўтказилган ўйин ҳали ҳамон футболга бефарқ бўлмаган ҳар бир мухлиснинг ёдида бўлиши табиий. Эслаганингиздек, ўша баҳсда Юрген Клопп бошчилигидаги ливерпуллик “қизиллар” Манчестердан келган “қизил иблислар”ни грандларга хос тарзда сийлаб, ортга қайтарган эди (ўша баҳс 3:1 ҳисобда мезбонлар фойдасига якун топган). Энг ёмони эса, айнан шу мағлубиятдан сўнг МЮ раҳбарияти беқарорликдан чарчамаётган Моуриньони ишдан ҳайдаб солди ва унинг ўрнига “кулиб турувчи жаллод” – Оле Гуннар Сульшерни “Олд Траффорд”га қайтарди.  

Аввалига бу қайтишни раҳбарият жамоа шунчаки мавсумни унинг қўл остида якунига етказиб қўйиш учун ечим деб ҳисоблаган эди. Негаки, бу тайинловдан кейин клуб директори Вудворд келаси мавсум учун Манчестерда ишлай оладиган, энг муҳими керакли натижа келтирадиган янги мураббий ахтаришни бошлаб юборган эди. Лекин декабрдан буёғига уч ой давомида бор-йўғи бир мартагина мағлубиятга учраб, бир марта дурранг қайд этган Сульшернинг ғалабали юришлари нафақат раҳбарият, балки бутун футбол оламида ўзига нисбатан катта қизиқишга сабаб бўла олди. Эътиборлиси премьер лигада уни мағлубиятга учрата оладиган мард ҳали топилмаяпти.  Энди МЮ эгалари яна алданиб қолмаслик учун мураббийнинг гранд клубларга қарши баҳсларда нима қила олишини кута бошлади.  Буни қарангки,  Сульшер катта ўйинларда ҳам ёмон кўринмаяпти.  Аввалига чемпонатда Тотенҳем, кейинчалик кубокда “Арсенал” ва “Челси”ни сафарда ишончли тарзда енга олган жамоа кеча чемпионликни асосий мақсад сифатида кўраётган “Ливерпуль” билан дуррангга эришди.  

МЮнинг ўз уйидаги дурранг натижаси бироз қониқарсиз туюлиши мумкин, аммо ҳужумларда ўта хавфли рақиб саналадиган “Ливерпуль” кеча рақиб жарима майдони атрофида ҳеч нарса қила олмаганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу натижа ЕЧЛ йўлланмаси учун курашаётган “қизил иблислар”ни тўла қониқтиради.  

Ана энди ўйин ва унинг атрофидаги гап-сўзларга эътибор қаратсак. Деярли тенг курашлар остида бўлиб ўтган баҳсда Сульшер шогирдлари бир хилда тартиб билан ҳаракат қилишди. Ўйин манчестерликлар назорати остида, улар тузган режа бўйича бўлиб ўтди, гўё. Аммо миллионлаб ишқибозлар норвегиялик мутахассисдан бу гал ҳам ғалаба кутишаётганди. Айниқса, "Манчестернинг иккинчи ярми шу куни энг ашаддий рақибларига жон куйдириб мухлислик қилишдан уялишмади. Сабаби оддий, агар “Ливерпуль” мағлубиятга учраса, “Манчестер сити” турнир жадвалида биринчи ўринда қолар эди. Бу ҳолат юз бермаган бўлса-да,  МЮ мухлислари кеча ўз суюклиларидан норизо бўлишмади.

Ўйин атрофида эса баҳс-мунозара қизғин тус олмоқда. МЮ афсонаси Сэр Алекс Фергюсон ва унинг бир гуруҳ тарафдорлари Сульшерга тўлақонли шартнома таклиф этиш керак, деб ҳисоблашмоқда. Негаки, ҳозирга келиб жамоанинг ўйинлари ҳам ички муҳити ҳам жуда ажойиб ҳолатда.  Раҳбарият эса ҳозирча мум тишлаб турган бўлсада,  янги мураббий ҳам қидиришмаяпти. Бизнингча, улар Манчестер дербисини кутишмоқда.  Айнан мана шу ўйиндан кейин катта эҳтимол билан Сульшернинг келажагига ойдинлик киритилади. Зеро, кулиб туриб “Орзулар театри”дагиларнинг ақл-ҳушини ўғирлаётган мураббийнинг Гвардиола “тики-такаси” олдида ўзини қандай тута олишини кўриш ҳаммамиз учун бирдек қизиқ. 
 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Ливерпул Сульшер Манчестер Юнайтеднинг

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг