Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга ёрдам пули тарқатилади

Жамият 19461
image

Пенсионерлар, нафақахўрлар ва кам таъминланганларга бир марталик пул ёрдами кўрсатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган. Қарор “Ўзбекистон24” канали эфирида ўқиб, эшиттирилди.

Қарорга кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг қуйидаги қатламларига давлат бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади:

а) ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга:

Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 300 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида - 400 минг сўмдан.

б) “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига – 200 минг сўмдан.

Бир нечта тоифа бўйича бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бир марталик моддий ёрдам ҳар бир тоифа бўйича тўлаб берилади.

Қайд этилишича, уйида вақтинча бўлмаганлиги ёки бошқа сабабларга кўра бир марталик моддий ёрдам пулларини ўз вақтида ололмаган фуқаролар тўланмаган моддий ёрдам пулларини 2022 йил 1 сентябрга қадар олиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек:

•  “Темир дафтар”га киритилган, лекин мазкур қарорга асосан бир марталик моддий ёрдам пулларини олмаган эҳтиёжманд оилалар рўйхати тузилиб, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ушбу оилаларнинг ҳар бир аъзосига 20 килограммдан бепул ун тарқатилади;

•  ижтимоий аҳволи оғир оилаларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси ва бошқа манбалар ҳисобидан бепул ун тарқатилади ёки нақд пул кўринишида моддий ёрдам кўрсатиб борилади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 297
Рейтинг: 3
t
×