Мева-сабзавотлар нархлари мавсумий пасаймади — МБ

Жамият 2636
image

2021 йилнинг июнь ойи якунлари бўйича йиллик инфляция даражаси май ойида кузатилгани каби 10,9 фоизни ташкил этиб, сўнгги тўрт-беш ойдан бери деярли ўзгаришсиз шаклланмоқда. Бу ҳақда Марказий банк Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу ойда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг йиллик ўсиши 14,7 фоизни ташкил этиб, умумий инфляция даражасига таъсири юқорилигича сақланиб қолган. Шунингдек, май-июль ойларида мева-сабзавотлар нархларида мавсумий пасайиш кузатилмаган. 

“Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсувчи динамикаси кўпроқ ишлаб чиқариш, об-ҳаво шароитлари, ҳосилдорлик даражаси, умуман олганда, таклиф билан боғлиқ омиллар таъсири билан изоҳланади”, дейилади МБ хабарида.

Марказий банкнинг таъкидлашича, ноозиқ-овқат ва хизматлар нархларида июнь ойида йиллик ўсиш суръатлари мос равишда 8,2 ва 8,1 фоизни ташкил этиб, умумий инфляцияни прогноз доирасида секинлашишига хизмат қилди. Мева ва сабзавотларнинг нархлари ўзгаришини истисно қилиш орқали ҳисобланадиган базавий инфляция даражаси июнь ойида умумий инфляция даражасидан пасайиб, 10,2 фоизни ташкил қилди.

Aҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмаларида жорий йилнинг март ойига нисбатан 0,8 фоизга ўсди. Келгусида асосий озиқ-овқат товарлари нархларининг барқарорлашуви кузатилади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 43
Рейтинг: 3
t
×