Италия Россия олигархларининг қанча бойлигини музлатиб қўйгани очиқланди
Олам
−
22 Март 2022
9127Италия Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган россиялик олигархларнинг умумий қиймати 800 миллион евродан ортиқ активларини музлатиб қўйди. Бу ҳақда Италия Бош вазири Марио Драги маълум қилди.
“Биз шерикларимиз билан келишиб олган санкциялар Россия ҳукуматини жанговар ҳаракатларни тўхтатишга, жиддий ва самимий музокаралар столига ўтқазишга қаратилган. Бизни бўлмоқчи бўлган Россиядан олдин биз Европа Иттифоқи ва НАТО сифатида бирдамлик кўрсатдик. Бу санкциялар Россия иқтисодиёти, молиявий бозорлар ва Президент Путинга яқин одамларнинг шахсий бойликларига қаттиқ зарба берди. Италияда Европа Иттифоқи рўйхатидаги олигархларнинг 800 миллион евродан ортиқ мол-мулкини музлатиб қўйдик”, деган у.
Драгига кўра, Италия Украинанинг Европа Иттифоқига киришини қўллаб-қувватлайди.
“Европа Иттифоқига қўшилиш йўли узоқ ва самарали интеграцияни таъминлаш учун зарур бўлган ислоҳотлардан иборат. Президент Зеленскийга айтмоқчиманки, Италия бу жараёнда Украина билан ёнма-ён кетмоқда”, дейди Италия Бош вазири.
Унинг сўзларига кўра, Украина нафақат ўзини, балки “қоида ва ҳуқуқларга асосланган кўп томонлама тартибни” ҳимоя қилмоқда. Драгининг таъкидлашича, Украина халқи Россиянинг “экспансионистик кайфиятини” тўхтата олган.
Маълумот ўрнида, март ойининг бошидан бери Италия Молия гвардияси санкциялар остида қолган россиялик тадбиркорларнинг турар-жой кўчмас мулклари, компаниялари, яхталари ва автомобилларини ҳибсга олган. Рўйхатга охирги бўлиб “Северсталь” эгаси Алексей Мордашовга тегишли Сардиниядаги вилла қўшилган. Мулкнинг қиймати тахминан 105 миллион еврони ташкил қилади. Шунингдек, Молия гвардияси тадбиркорлар Алишер Усмонов, Олег Савченко, Пётр Авен, Геннадий Тимченко, шунингдек, телебошловчи Владимир Соловьёвнинг активларини музлатиб қўйган.
LiveБарчаси