Истанбулга отланганлар диққатига: янги аэропорт ҳақида биласизми?

Фойдали 5417
image

Аввалроқ, Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган “Отатурк” аэропорти қатновлар тўхтатилгани, барча мосламалар янги аэропортга кўчирилаётгани ҳақида хабар берган эдик. 

Маълумки, Ўзбекистондан Туркияга сафар қилувчилар талайгина. Улар орасида тадбиркорлар, талабалар, шунчаки саёҳатга чиққанлар бор. Аммо йўловчиларнинг аксариятини савдогарлар ташкил этади. 

Бугунга келиб Ўзбекистондан Туркиянинг Истанбул шаҳрига “Самарқанд” халқаро аэропорти ва Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортидан ҳафтасига бир неча маротаба парвозлар амалга оширилади.

Туркия ҳукуматининг қарорига мувофиқ 2019 йилнинг 5-6 апрель кунлари (Истанбул шаҳри) “Отатурк” номидаги аэропортига/дан бажариладиган барча халқаро қатновлар бекор қилинди. 

Шу ўринда Туркияга тез-тез бориб-келувчилар учун айрим маълумотларни тақдим этишни маъқул деб топдик.

Янги аэропорт қаерда жойлашган?

Истанбул халқаро аэропорти Истанбулнинг Европа қисми томонидан 35 километр шимолда жойлашган.

Ўзбекистондан қатновлар қачон амалга оширилади?

Жорий йил 7 апрелдан бошлаб “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Ўзбекистондан Истанбулга бажарадиган барча бориш-қайтиш қатновлари “Отатурк” номидаги халқаро аэропортидан Истанбул халқаро аэропортига кўчирилади.

Янги аэропорт узоқми?

Истанбул халқаро аэропорти “Отатурк” номидаги халқаро аэропортга нисбатан узоқ манзилда жойлашган. Янги аэропорт айниқса, ўзбекистонликлар учун жуда узоқ. Боиси, Истанбулга саёҳат, даволаниш, тижорат мақсадида борадиган кўпчилик ўзбеклар шаҳарнинг Оқсарой, Лалели ва Тақсим майдонлари атрофига жойлашадилар. Аэропорт ва бу магзилгоҳлар орасидаги масофа эса анчагина.

Масалан: 

Аэропорт – Тақсим майдони. Енгил автомобилда:

энг кам масофа – 39,5 км;
ўртача масофа – 51,6 км;
энг узоқ масофа – 56,1 кмни ташкил этади. 

Аэропорт – Оқсарой маҳалласи. Енгил автомобилда:

энг кам масофа – 41,7 км (56 дақиқа);
ўртача масофа – 45,7 км (52 дақиқа);;
энг узоқ масофа – 56,7 км (49 дақиқа)ни ташкил этади. 

Аэропорт – Лалели Истанбул университети. Енгил автомобилда:

энг кам масофа – 42,3 км (50 дақиқа);
ўртача масофа – 45,4 км (50 дақиқа);;
энг узоқ масофа – 48,1 км (58 дақиқа)ни ташкил этади. 

Қайси йўлдан бориш такси ҳайдовчисининг инсофига ва йўлларнинг қанчалик тирбандлигига боғлиқ.

Дарвоқе, такси нархлари қуйидагича:

Такси тутиш: 4 турк лираси.
Ҳар 100 метр учун: 0,2 турк лираси.

Ўртача ҳисоблаганда Истанбул аэропортидан таксида Тақсим майдонига етиб келиш учун 107,2 т.л. (19,6 АҚШ доллари), Оқсаройгача 95,4 т.л. (16,96 АҚШ доллари), Лалелигача эса 94,8 т.л. (16,85 АҚШ доллари)ни кўзингизни чирт юмиб таксига тўлашингизга тўғри келади. Балки нарх-наво бунданда қимматроқ бўлиши ҳам мумкин.

Юқоридаги ҳисоб-китобда фақат марказий кўчалар назарда тутилган. Меҳмонхона ёки яшаш манзилига олиб борадиган ички кўчаларда ҳаракатланиш ҳам анчага тушади. 

Жамоат транспорти борми?  

“Отатурк” халқаро аэропортидан юқоридаги манзилларга етиб олиш нисбатан осонроқ эди. Биринчидан, масофа у қадар олис эмас. Иккинчидан, аэропорт метро бекатидан Тақсим ва Оқсарой бекатига бемалол метрода етиб олиш мумкин. Истанбул аэропорти ва унинг яқин атрофида метро ҳаракатланмайди. 

Биз келтирган маълумотлар яқин орада Туркияга сафар қилувчи ўзбекистонликларга асқотади, деган умиддамиз. Дарвоқе, янги аэропортда адашиб қолманг. У эскисидан бир неча баравар катта. 

Қатновларга кечикиш ва рўйхатдан ўз вақтида ўтиш   ҳамда барча учиш олди расмиятчиликларидан сақланиш мақсадида йўловчилардан янги аэропортга белгиланган вақтдан камида уч соат олдин келишлари сўралади. 

Истанбул шаҳридаги янги аэропортда рўйхатдан ўтиш парвоздан 1 соат олдин, ҳаво кемасига чиқиш эса, парвоз жадвалидаги вақтдан 20 дақиқа олдин амалга оширилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 103
Рейтинг: 3.0