Истанбулдаги отишма теракт бўлиб чиқди. Бегуноҳ фуқаро ҳалок бўлди
Олам
−
06 Февраль
8699Туркиянинг Истанбул шаҳри Чағлаян туманидаги Адлия саройи олдида содир бўлган отишмада 6 киши жароҳатланди. Уч киши, жумладан ҳужумни уюштиришга уринган икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Али Ерлиқоя маълум қилди.
“Бугун соат 11:46 да Чағлаяндаги Истанбул суди биноси яқинидаги назорат-ўтказиш пунктига ҳужум уюштиришга уриниш бўлди. Икки ҳужумчи, бир аёл ва бир эркак йўқ қилинди. Аниқланишича, ҳужумчилар Э.Э. ва П.Б. “Инқилобий халқ озодлик партияси – фронт” террорчилик ташкилоти аъзоларидир. Олти киши, жумладан, уч нафар полициячи жароҳатланди”, деб ёзади у.
Ҳозирда суд биноси полиция томонидан ўраб олинган, кириш ва чиқишлар ёпилган, хавфсизлик чоралари кучайтирилган. У ерга кўп сонли ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жалб қилинган. Қайд этилишича, отишмалардан кейин бино яқинидаги одамлар орасида ваҳима кўтарилган. Кўпчилик қочиб кета бошлаган, баъзилар ерга ётган. Воқеа жойига Истанбул бош прокурори етиб келган.
Вазир отишма террорчилик ҳаракати эканлигини айтди.
Отишма оқибатида бир фуқаро олган жароҳатларидан вафот этди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилиб, республика расмийлари бундан буён ҳам терроризмга қатъий қарши туришига ваъда берди.
“Икки нафар террорист [эркак ва аёл] ўзларининг қабиҳ режаларини амалга оширишга улгурмай туриб полициямиз томонидан зарарсизлантирилди. Туркия ҳар томонлама террор ташкилотлари ва уларни қўллаб-қувватловчиларга қарши қатъий курашни давом эттиради. Афсуски, теракт оқибатида бир фуқаромиз олган жароҳатларидан вафот этди”, дейди Эрдўған.
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Адлия саройида йўқ қилинган террорчилар аввалроқ Туркия разведка хизматлари эътиборига тушган. Хабар қилинишича, ҳужумчилардан бирининг синглиси жиноий иш бўйича бугун, 6 февраль куни судга келиши керак бўлган.
LiveБарчаси