Истанбулда теракт тайёрлашда гумонланган 12 киши ушланди
Олам
−
06 Декабрь 2024
2402Истанбул Терроризмга қарши кураш бошқармаси терактлар тайёрлашда ва ИШИДга аъзоликда гумон қилинган 12 кишини қўлга олди. Бу ҳақда Туркиянинг TRT Haber нашри хабар берди.
“Манзилларда ўтказилган тинтувлар чоғида жуда кўп рақамли материаллар, лицензиясиз қурол, 13 дона ўқлар топилган. Гумонланувчилар тергов қилиш учун полиция бўлимига олиб кетилган. Улар Туркияда терактга тайёрланаётган бўлиши мумкин”, дейилади хабарда.
Қайд этиш жоизки, сўнгги пайтларда Туркияда бу каби ҳолатлар кўп учрамоқда. Масалан, ўтган ойда ҳам Истанбулда полиция портловчи моддалар ёрдамида теракт тайёрлаётган ИШИД террорчилик ташкилотининг икки тарафдорини қўлга олганди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари гумонланувчилардан бири интернетдан портловчи моддалар ва бомба йиғиш йўллари ҳақидаги маълумотларни қидира бошлаганидан сўнг уни кузатишни бошлаган. Шундан сўнг полиция икки нафар гумонланувчини қўлга олган.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Туркия Ички ишлар вазирлиги 176 нафар “Курдистон ишчилар партияси” террор ташкилоти аъзосини қўлга олганди. Уларнинг яшаш жойларида ўтказилган тинтувлар чоғида наркотик моддалар, ўқотар қуроллар ва террорчилик фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатлар топилган.
Диёржон Қувондиқов