Истанбулда сўйиб кетилган аёлнинг қотили Самарқандда ушланди – Бош прокуратура
3-саҳифа
−
03 Октябрь 13760
Аввалроқ, Туркиянинг Истанбул шаҳрида 36 ёшли ўзбекистонлик аёл бўғзидан пичоқланиб, ўлдириб кетилгани, қотилликни содир этганликда гумонланаётган шахс Ўзбекистоннинг Навоий вилоятида қўлга олингани хабар қилинганди. Асли навоийлик бўлган эркак ўз уйида эмас, Самарқанд вилоятидаги танишиникида ушлангани маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Туркияда аёлни қасддан ўлдиришда гумонланаётган, Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи 1979 йилда туғилган эркак 2002 йилда ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан судланган. Навоий вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органи ходимлари ушбу шахс Туркиядан Ўзбекистон Республикасига қайтиб келиб, Самарқанд вилояти Нарпай туманида яшовчи танишлариникида яшириниб юрганини аниқлаган ва уни қўлга олган.
Маълумот учун, қотиллик жорий йилнинг 20 сентябрь куни соат 21:30 да Истанбулнинг Фотиҳ туманидаги Оқсарой маҳалласида содир бўлган. Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл ўз уйида жонсиз ҳолда топилган. Хабар келиб тушганидан кейин воқеа жойига полиция, терговчилар гуруҳи ва тез тиббий ёрдам ходимлари етиб борган. Аниқланишича, аёл бўғзидан пичоқланиб, ўлдирилган. Жасад Суд тиббиёт институти ўликхонасига юборилган. Жамоат хавфсизлиги бошқармаси қотиллик бюроси полицияси воқеа юзасидан тергов бошлаган ва хавфсизлик камераси тасвирларини текширган.
Полиция ходимлари ўзбекистонлик эркак бинодан чиқиб кетаётгани тасвирини олган. Қотилликда гумонланувчи Ўзбекистонга қочиб кетгани аниқланган. Воқеа юзасидан тергов олиб бораётган Қотиллик бюроси ходимлари гумонланувчини қўлга олиш учун консуллик ходимлари билан учрашган.
Воқеа содир бўлган вақтда маст бўлганини айтган гумонланувчи, аёлни кўриш учун Туркияга боргани ва қайтиб келганини билдирган. Шунингдек, у аёл пул учун шантаж қилганини, бу эса қотилликка сабаб бўлганини айтган. Гумонланувчининг суди Ўзбекистонда бўлиб ўтиши айтилмоқда.