Истанбулда 545 ноқонуний муҳожир қўлга олинди
3-саҳифа
−
05 Март 2024 5935 2 дақиқа
Туркиянинг Истанбул шаҳрида халқаро одам савдосига қарши кураш доирасида олиб борилган амалиётлар чоғида 545 нафар ноқонуний муҳожир қўлга олинди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
Қайд этилишича, Истанбул полиция бошқармаси, Иммигрант контрабандасига қарши кураш ва Чегара бошқармаси гуруҳлари Истанбулда муҳожир контрабандаси ва одам савдосига қарши кураш учун бир қатор тадбирларни бошлаган.
Гуруҳлар Байрампаша, Фотиҳ ва Зейтинбурну туманларидаги кўчалар, хиёбонлар, парклар ва жамоат жойларини ўз ичига олган кўплаб турғун ва мобил нуқталарда 24 та мобил транспорт воситаси билан дастур уюштирди.
Амалиётлар давомида 11 минг 647 чет эл фуқароси текширилиб, 545 ноқонуний муҳожир қўлга олинган. Улар Байрампаша давлат шифохонасида тиббий кўрикдан ўтказилгандан сўнг, Истанбул полиция бошқармасига олиб кетилган. Муҳожирлар ҳозирча қайси давлат фуқаролари эканлиги очиқланмади.
“Қўлга олинган ноқонуний муҳожирлар полиция бўлимида текширилгандан сўнг, Истанбул вилояти Иммиграция бошқармасига юборилиши маълум бўлди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида “Мадам Клод” тахаллуси билан танилган, халқаро одам савдоси жинояти доирасида қидирувга берилган Нилуфар Мирханова, фирибгарлик айблови билан халқаро қидирувда бўлган ва Туркияда қўлга олинган Рита Халилова, фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, Туркияда қўлга олинган яна икки ўзбекистонлик, кейинроқ эса одам савдоси жиноятини содир этганликда айбланган Мунисахон Алижонова ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувда бўлган Саидумархон Мусаев Туркиядан депортация қилинганди.
Сарвар Хуррамов
Live
Барчаси