Иссиғи чиққан абитуриент тестга киритилмади, 37 киши имтиҳондан четлаштирилди
Жамият
−
02 Сентябрь 2020
6135Бугун, 2 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари бошланди. Куннинг биринчи ярмида жами 37 нафар абитуриент тест синовларидан четлаштирилди. 8 нафар абитуриент эса, кириш жойидан қоида бузгани сабаб тестга қўйилмаган. Бу ҳақда Давлат тест маркази ўринбосари Сардор Ражабов маълум қилди.
“1-смена 59 250 нафар абитуриент тест топшириши режалаштирилган эди. Шундан 55 767 нафари иштирок этди. 3 474 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тестга келмади. 1 нафар абитуриентнинг тана ҳарорати баланд бўлганлиги учун тестга киритилмади ва далолатнома тузилди”, деди Сардор Ражабов.
Маълум бўлишича, 8 нафар абитуриент кириш жойида тест синовларидан четлаштирилган. Хусусан, уларнинг 4 нафари телефон, 1 нафари шпаргалка билан қўлга тушган. 2 нафари бошқа абитуриент ўрнига кирмоқчи бўлган. Яна 1 нафари ҳужжатни сохталаштиргани учун четлаштирилган.
Тест синовлари жараёнларида тартиб-қоидани бузгани учун 29 нафар абитуриент тестдан четлаштирилди. Жумладан, уларнинг 26 нафари телефон ва бошқа турли электрон воситалардан, 1 нафари шпаргалка, 1 нафари калкулятордан фойдаланган. 1 нафар абитуриент сохта ҳужжат билан тестга киргани учун четлаштирилган.
14 кунлик тест синовларини ўтказиш учун республика миқёсида 3700 дан ортиқ назоратчилар жалб қилинган. Ички ишлар ва соғлиқни сақлаш ходимларининг сони ҳам бир неча баробарга кўпайтирилган.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси