Исроилнинг Байдендан умиди катта. Мудофаа вазири Президентга тинимсиз раҳмат айтяпти

Олам

image

Исроил расмийлари АҚШ ва шахсан Президент Жо Байден Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш учун зарур чораларни кўришда давом этишига ишонч билдирмоқда. Бу ҳақда яҳудий давлати Мудофаа вазири Бени Ганц Байден Исроилга ташриф билан келганидан кейин бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтди.

Қайд этилишича, Ганц Байден билан минтақадаги хавфсизлик масалалари бўйича қисқа брифинг ўтказган. 

“Исроил ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ноёб ришталар ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамроқ. Исроил давлати Президент [Байден] Эрон ядро қуролига эга бўлишининг олдини олиш учун зарур чораларни кўришда давом этишига ишончи комил", дейди Ганц брифингда.  

Исроил Мудофаа вазирлиги раҳбари, шунингдек, Байден президентлиги даврида Исроил ва АҚШ минтақавий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда катта муваффақиятларга эришганини таъкидлаган.  

“Биз Исроил хавфсизлигини қўллаб-қувватлаганингиз ва маъқулланган ёрдамингиз учун, жумладан “Темир гумбаз” (ракеталарга қарши мудофаа) тизимларини қайта тиклаш учун 1 миллиард доллар ажратганингиз учун миннатдормиз”, дейди у. 

Мудофаа вазирининг қўшимча қилишича, Исроил ва унинг Яқин Шарқ минтақасидаги ҳамкорлари барқарорлик ва тинчликка интилмоқда.  

“АҚШ бошчилигидаги минтақавий [хавфсизлик] архитектураси ва барқарорлиги минтақада иқтисодий ўсишга ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беради. Ишончим комилки, сизнинг раҳбарлигингиз остида ва АҚШ хавфсизлик кучлари билан ҳамкорликда биз қуруқликда, ҳавода, денгизда ва кибер соҳада мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда давом этамиз”, дейди Исроил Мудофаа вазири.

Эслатиб ўтамиз, Байден кеча, 12 июль куни президентликка келганидан буён илк бор Яқин Шарқ бўйлаб биринчи сафарини бошлади. У 13-16 июль кунлари Исроил, Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили ва Саудия Арабистонига ташриф буюради.


Мақола муаллифи

Теглар

Жо Байден

Баҳолаганлар

186

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг