Исроилдаги 300 га яқин сайтга киберҳужум қилинди
Технология
−
21 Май 2020
4587Бугун, 21 май куни Исроилнинг 300 га яқин, шу жумладан, йирик компаниялар ва сиёсий арбобларга тааллуқли сайтлар киберҳужумга учради. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, ушбу ҳужум "The Washington Post" газетасининг 18 майдаги сонида Исроил Эроннинг Бендер Аббос шаҳридаги Шаҳид-Ражаи портига киберҳужум қилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъволар эълон қилинганидан бир неча кун ўтгач содир бўлди.
“The Times of Israel” хабарига кўра, исроиллик экспертлар сайтларни Туркия, Шимолий Африканинг бир қатор давлатлари ва Ғазо сектори билан алоқаси бўлган хакерлар гуруҳи бузган деган фикрда. Аммо Эрон эмас. Машҳур қаҳвахоналар тармоғининг веб-саҳифалари, бир қатор тижорат компаниялари, бир нечта муниципалитетлар, шунингдек, “Мерец” партияси раҳбари Нитцан Горовицнинг шахсий сайти кибер ҳужумларга дучор бўлган.
Газетада таъкидланишича, киберхавфсизлик бўйича мутахассислар ҳужумдан етказилган зарарни “юзаки”, деб баҳолаган. Чунки тажовузкорлар ушбу электрон саҳифаларни қўллаб-қувватлайдиган компаниянинг дастурий таъминотида фақат битта заифликдан фойдаланган ва "давлат инфратузилмасига таъсир кўрсатилмаган".