Исроилда шифокорлар боланинг узулиб кетган бошини қайта тиклади
Олам
−
14 Июль 2023
32920Исроилда шифокорлар велосипед ҳайдаб кетаётганда машина уриб юборган боланинг бошини қайта тикишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда “Fox news” хабар берди.
Айтилишича, 12 ёшли фаластинлик бола велосипедда кетаётганида уни машина уриб юборган. Ҳалокат оқибатида боланинг бош суяги умуртқа поғонасининг юқори қисмидан ажралиб кетган. Бола зудлик билан Хадасса тиббиёт марказига олиб борилган ва дарҳол жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун травматология бўлимига ётқизилган.
Операцияга раҳбарлик қилган ортопед мутахассиси доктор Оад Эйнавнинг айтишича, процедура бир неча соат давом этган.
“Бола бош суяги юқори умуртқасидан ажралиб кетиши оқибатида ички декапитация деб аталадиган ҳодиса билан олиб келинди. Билим ва операция хонасидаги энг инновацион технологиялар орқали болани қутқариб олдик”, дейди у.
Шифокорлар жамоасининг айтишича, боланинг омон қолиш даражаси атиги 50 фоизни ташкил қилган.
"Ҳозирда болада неврологик нуқсон, сезиш ёки ҳаракатланишда бузилиш йўқ. Танаси нормал ишлаяпти. У бошқаларнинг ёрдамисиз юряпти. Бу камёб ҳодиса, бу оддий жарроҳлик амалиёти эмас, айниқса, болалар ва ўсмирлар учун. Бунинг учун жарроҳга билим ва тажриба керак”, дейди шифокорларга раҳбарлик қилган Оад Эйнав.
Мазкур операция июнь ойида бўлиб ўтган. Аммо шифокорлар натижаларни эълон қилиш учун бир ой кутган.
Исроилнинг ТPS ахборот агентлигига кўра, боланинг отаси фарзандининг соғайиш жараёнида туну-кун унинг ёнида бўлган.
"Ҳаммага раҳмат. Уни қутқарган нарса бу профессионаллик, технология ва шифокорлар томонидан тез қарор қабул қилиш бўлди", дейди боланинг отаси.
Тиббиёт профессори ва Нью-Йорк тиббиёт марказининг умумий амалий шифокори доктор Марк Сигел нима учун операция бунчалик муваффақиятли бўлганини тушунтирган.
"Жароҳат оқибатида бош умуртқа поғонасидан ажралганига қарамай, асосий қон томирлари бутунлигича қолган ва мияни қон билан таъминлашда давом этган. Шунинг учун ҳам уни даволай олдик”, дейди у.