Исроил зарбаси оқибатида “Ҳизбуллоҳ”нинг яна бир қўмондони ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
04 Июль
6976Кеча, 3 июль куни Исроилнинг Ливанга зарбаси оқибатида “Ҳизбуллоҳ”нинг яна бир юқори мартабали дала қўмондони Абу Али Носир ҳалок бўлди. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.
Ливан жанубидаги Тир шаҳрида ҳалок бўлган Абу Али Носир учта минтақавий бўлинмадан бири бўлмиш “Азиз” бўлинмасининг раҳбари ҳисобланган. Бу бирлик Исроил-Ливан чегарасидаги шарқий туман учун жавобгардир. “Ҳизбуллоҳ” баёнотида ўлдирилган қўмондоннинг исми Муҳаммад Наам Носир деб келтирилган ва у “Абу Наамеҳ” лақаби билан танилган.
“Ҳизбуллоҳ” Носирнинг ўлдирилишига жавобан Falah ракеталари билан Исроил армиясининг Кирьят-Шмонадаги 769-бригадаси штаб-квартирасини нишонга олган.
Маълумот учун, Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи жорий йилнинг 28 июнь куни Араб давлатлари лигасининг террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг Ливан жанубидаги Жоуя қишлоғига уюштирган ҳужуми оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлганди. Улар орасида “Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг юқори даражали дала қўмондони ҳам бор эди.