Исроил яна Байрутга зарба берди
Олам
−
07 Октябрь 2024 3200 2 дақиқа
Кеча, 6 октябрь куни Исроил қирувчи самолётлари “Ҳизбуллоҳ”нинг Байрутдаги разведка штабига зарба берди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) маълум қилди.
Билдирилишича, Исроил Байрут чеккасидаги “Ҳизбуллоҳ”нинг қурол омборларига ҳам ҳужум қилган.
“Зарбалардан сўнг қурол борлигини кўрсатувчи иккиламчи портлашлар қайд этилди. “Ҳизбуллоҳ” террор ташкилоти қасддан ўз қўмондонлик марказлари ва қуролларини Байрут марказидаги турар-жой бинолари остига қўйиб, аҳолини хавф остига қўйган", дейилади ЦАХАЛ баёнотида.
Исроил, шунингдек, Ливан жануби ва Бекаа водийсига зарбалар берди. ЦАХАЛ қурол-яроғ омборлари ва инфратузилмага, жумладан, қўмондонлик маркази ва ракета отиш мосламасига зарба берганини айтди.
Қайд этиш жоизки, ЦАХАЛ Газода ҳам фуқаролик объектларига қилган ҳужумларини ҲАМАС қароргоҳи деб иддао қилади ва тинч аҳоли орасидаги қурбонлар учун жавобгарликни тан олмайди.
Ўз навбатида, “Ҳизбуллоҳ” вакиллари Исроил шимолидаги Ҳайфа шаҳридаги ҳарбий базага ҳужум қилганини билдирди. “Ҳизбуллоҳ” Кармел базасига бир неча ракета отган ва ҳужум сентябрь ойи охирида Исроил ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган гуруҳнинг собиқ раҳбари Ҳасан Насруллоҳга бағишланганини айтган.
Шунингдек, “Ҳизбуллоҳ” Исроил шимолидаги бошқа ҳарбий базага учувчисиз учоқлар ёрдамида икки марта ҳужум уюштирганини ҳам хабар қилган.
ЦАХАЛнинг қайд этишича, Ливандан 20 га яқин снаряд отилган.
“Ҳаво мудофааси ишга тушди, снарядларнинг бир қисми йўқ қилинди, бошқалари Исроил шимолига қулади. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган”, дейилади ЦАХАЛ баёнотида.
Live
Барчаси