Исроил ғазоликларнинг эвакуацияси учун яна олти соат вақт беради

Олам

image

Исроил мудофаа кучлари қўмондонлиги Ғазо сектори шимолидаги аҳолига жанубга кўчиши учун аввал берилган 24 соатдан ташқари яна олти соат қўшимча вақт берди. Бу ҳақда Исроил армияси X'даги саҳифасида маълум қилди.

Исроил расмийларига кўра, Ғазо фуқароларини эвакуация қилиш йўлаклари маҳаллий вақт билан соат 10:00 дан 16:00 гача очиқ бўлади. Ҳарбийлар анклав аҳолисига араб тилида мурожаат қилиб, жанубга кўчишга чақирган.

Бундан ташқари, Исроил армияси хабарида қуролли кучлар қуруқликдаги ҳарбий операцияни бошлашга тайёр экани таъкидланган. 

“Al Hadath” телеканалининг хабар беришича, айни пайтда 800 мингдан ортиқ одам аллақачон Ғазонинг шимолий ҳудудларини тарк этган. Бу одамларнинг барчаси ўз уйларини ва мол-мулкини ташлаб, қочқинларга айланишга мажбур бўлган.

Маълумот учун, Исроилнинг Ғазо сектори шимолидаги 1,1 миллион аҳолини эвакуация қилиш учун бор-йўғи бир кун бериш қарори кўплаб давлат ва ташкилотлар томонидан танқид қилинган. Хусусан, бу қарор нафақат араб давлатлари ва Туркия, балки БМТ ва Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель томонидан ҳам қораланган.

Америка оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, хусусий равишда АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти ҳам тинч аҳолини эвакуация қилиш учун ажратилган қисқа вақтдан хавотирда. Бу муддатлар мутлақо реал эмаслиги аниқ, аммо агар Исроил армияси тинч аҳолини эвакуация қилмасдан кенг кўламли операцияни бошласа, қурбонлар сони кўпайиши қаторида, можаронинг янада кучайишига олиб келиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг