Исроил Ғазода болаларга қарши геноцид уюштирган – БМТ комиссияси
World
−
23 June 2049 2 minutes
Исроил ҳукумати Ғазода фаластинлик болаларни атайлаб нишонга олган. Ушбу ҳаракатлар геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятлар аломатларини кўрсатади. Бу ҳақда БМТнинг Мустақил халқаро тергов комиссияси ҳисоботида сўз боради.
Ҳисоботда 2023 йил 7 октябрдан бери давом этаётган Исроил–ҲАМАС уруши давомида фаластинлик болаларга қарши содир этилган ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилинган. Комиссия маълумотларига кўра, Ғазодаги уруш қурбонларининг тахминан 30 фоизини болалар ташкил этган. Ҳисоботда 2023 йил октябридан 2025 йил октябригача камида 20 179 нафар бола ҳалок бўлгани қайд этилган.
Терговчиларнинг билдиришича, Исроил хавфсизлик кучлари аҳоли зич жойлашган ҳудудларда оғир қуроллардан фойдаланишни давом эттирган ва бу болалар орасида қурбонлар сонининг кескин ошишига олиб келган. Комиссия бу ҳолатлар болаларнинг атайлаб нишонга олинганини кўрсатиши мумкинлигини билдирган.
Ҳисоботда, шунингдек, ёрдам, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб беришга қўйилган чекловлар, мажбурий кўчиришлар ва доимий ҳужумлар болалар саломатлиги ҳамда руҳий ҳолатига жиддий зарар етказгани қайд этилган. БМТ маълумотига кўра, Ғазодаги деярли барча болалар психологик ёрдамга муҳтож.
Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда эса фаластинлик болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайган, оммавий ҳибслар пайтида қийноқлар ва шафқатсиз муносабатлар қайд этилган.
Исроил эса ҳисоботни рад этиб, уни “туҳматомуз ва бир томонлама” деб атаган. Исроилнинг Женевадаги ваколатхонаси баёнотида мамлакат қуролли кучлари можаролар вақтида болаларга зарар етказмаслик учун ҳаракат қилиши, ҳисобот эса ҲАМАСнинг ҳаракатларини инобатга олмагани қайд этилган.
Маълумот учун, БМТ комиссияси хулосалари мажбурий юридик кучга эга эмас, аммо халқаро ташкилотлар ва судлар томонидан далил сифатида кўриб чиқилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти махсус комиссияси Ливандаги урушда қайси томон халқаро қонунларни бузганини текшириш мақсадида терговчилар гуруҳини жўнатишини эълон қилганди.
Live
All