Исроил Ғазода ҳарбий ҳаракатларни 10 кун ичида қайта бошлаши мумкин – ОАВ

Олам

image

Исроил Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати барча гаровга олинганларни озод қилиш билан боғлиқ сулҳ шартномасининг иккинчи босқичига ўтишга рози бўлмаса, 10 кун ичида Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаши мумкин. Бу ҳақда “The Jerusalem Post” газетаси хабар берди.

АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича элчиси Стив Уиткофф режасига кўра, сулҳ давомида гаровга олинганларнинг ва ҳалок бўлганларнинг ярми озод қилиниши керак. Қолган гаровдагилар ва жасадлар сулҳнинг 42-кунида қайтарилади. 

Бироқ баъзи манбалар ҲАМАС таклифни бутунлай рад этмаганини айтмоқда.

“ҲАМАС Уиткофф таклифини на қабул қилди, на рад этди”, дейди музокараларга яқин манба.

Нашрга кўра, агар яқин кунларда гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришилмаса, Исроил ҲАМАСга қарши ҳаракатларини кучайтиради. Жорий йилнинг 2 март куни қабул қилинган қарорга кўра, Исроил Ғазога гуманитар ёрдамни тўхтатган. Энди эса сув ва электр энергиясини бутунлай узиб қўйиш ҳамда жанговар ҳаракатларни қайта бошлаш режаларини кўриб чиқмоқда.

Кеча, 3 март куни Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац медиаторлар илтимосига биноан музокаралар учун яна бир неча кун имкон беришга рози бўлганини айтди.

“Агар ҲАМАС гаровдагиларни тез орада озод қилмаса, Ғазо эшиклари ёпилади ва “дўзах эшиклари” очилади – биз жангга қайтамиз ва улар илгари ҳеч қачон дуч келмаган Исроил мудофаа кучлари ва усуллари билан тўқнаш келади”, дейди Кац.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил гаровга олинганлар бўйича келишувнинг иккинчи босқичига ўтишдан бош тортганди. Хусусан, жорий йилнинг 27 февраль куни Миср пойтахти Қоҳирада Америка томони вакиллари, Қатар ва Исроилнинг икки делегацияси иштирокида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни якунлаш бўйича музокара бўлиб ўтган. Фаластин томони музокаралар муваффақиятсизликка учрагани ва воситачилар Исроилни иккинчи босқичга ўтишга кўндира олмаганини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо ҳарбий ҳаракатлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг