Исроил Ғазо шаҳридан чиқиш учун янги йўл очди
Олам
−
18 Сентябрь 5616 4 дақиқа
Исроил армияси кеча, 17 сентябрь куни Ғазо шаҳридаги аҳолини шаҳардан чиқариш учун қўшимча йўлни 48 соатга очаётганини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Юз минглаб одамлар шаҳарда паноҳ топган, аммо кўпчилик Исроил буйруғига қулоқ солиб жанубга йўл олишдан қўрқмоқда. Бунга йўлдаги хавфлар, жанубдаги оғир шароит, озиқ-овқат танқислиги ва абадий кўчирилиб юборилишдан хавотир сабаб бўлмоқда.
“Ҳатто агар биз Ғазо шаҳрини тарк этмоқчи бўлсак ҳам, қайтиб кела олишимизга кафолат борми? Уруш қачон тўхтайди? Шунинг учун мен ўз маҳаллам Сабрада, шу ерда ўлишни афзал кўраман”, деди Аҳмад исмли мактаб ўқитувчиси телефон орқали.
17 сентябрь куни Ғазо сектори бўйлаб Исроил зарбалари ва отишмалари оқибатида камида 63 киши ҳалок бўлди, уларнинг кўпчилиги Ғазо шаҳрида, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш органлари. Уларга кўра, сўнгги қурбонлар билан икки йиллик уруш давомида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 65 мингдан ошган. Расмийлар ва қутқарувчилар асл сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигини, чунки кўплаб жасадлар вайрона остида қолиб кетганини таъкидлади.
Ҳалок бўлганлар орасида 13 киши бор, жумладан, маҳаллий телевидение журналисти Муҳаммад Алаа Ас-Савалҳий. Шифокорлар улар Исроил буйруғига амал қилиб, шаҳарни тарк этаётган пайтда ўлдирилганини билдирди.
Рафаҳ шаҳридаги ёрдам тарқатиш нуқтаси яқинида Исроил армияси ўқ узиши оқибатида яна беш киши ҳалок бўлди ва ўнлаб одам яраланди. Армия эса “тезкор таҳдидни бартараф этиш учун огоҳлантирувчи ўқ узилган” дея изоҳ берди.
Танклар секин илгариламоқда, амалдаги мансабдор ҳужум ойлаб давом этишини айтди
Исроилнинг баҳосича, Ғазо шаҳрида 10 август куни (армия назорат ўрнатиш режасини эълон қилган пайтда) бўлган аҳолининг тахминан 40 фоизи, яъни 400 минг киши шаҳарни тарк этган. Ғазо Ахборот хизмати эса 190 минг киши жанубга, 350 минг киши эса шаҳарнинг марказий ва ғарбий ҳудудларига йўл олганини билдирди.
Ердаги ҳужум бошлангани ҳақида эълон қилинганидан бир кун ўтиб танклар шаҳарнинг марказий ва ғарбий ҳудудларига уч томондан озгина силжиди, аммо катта илгарилаш кузатилмади.
Исроил расмийсининг айтишича, ҳарбий ҳаракатлар, асосан, фуқароларни жанубга чиқишга мажбурлашга қаратилган, кейинги бир-икки ойда жанг янада кучаяди. Унинг сўзларига кўра, шаҳарда 100 минг фуқаро қолиши мумкин ва уни тўлиқ эгаллаш учун бир неча ой керак бўлади. Агар ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилса, операция тўхтатилиши ҳам мумкин.
Бундан олдин Исроил Доҳага ҳам ҳужум қилгани ва бу Қатарни – ўт очишни тўхтатиш музокараларида воситачи мамлакатни ғазаблантиргани сабабли, яқин орада келишув эҳтимоли паст кўрилаётганди.
Дрон болалар шифохонасига зарба берди, қурбонлар йўқ
Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 17 сентябрь куни Исроил дрони Рантиси болалар шифохонасининг бир қаватига граната ташлаган. Қурбонлар йўқ, аммо тахминан 40 оила фарзандларини олиб кетишга мажбур бўлган.
“Бу шифохона саратон, буйрак етишмовчилиги ва бошқа оғир касалликка чалинган болалар учун ягона ихтисослашган муассаса. Бироқ ҳатто оғир аҳволдаги болалар ҳам тинмас бомбардимондан асраб қолинмаяпти”, деди Лондонда жойлашган "Medical Aid for Palestinians" хайрия ташкилоти вакили Фикр Шалтот.
Исроил армияси изоҳ беришдан бош тортди.
Исроил самолётлари тарқатган варақаларда фаластинликлар янги очилган Салоҳиддин йўли орқали жанубга чиқиши мумкинлиги, бунга 19 сентябрь куни тушликкача вақт берилаётгани айтилди. Аммо аҳвол ҳали ҳам тартибсиз ва хавфли: минглаб одамлар охирги кунларда пойабзалсиз, аравада ёки машиналарда йўл олишмоқда.
Ғазо шаҳри 2023 йилнинг бошларидаёқ вайрон этилган эди, аммо тахминан 1 миллион фаластинлик вайроналар ичидаги уйларига қайтган эди. Энди уларни чиқариб юбориш аҳолининг катта қисмини жанубдаги тўлиб-тошган лагерларга йиғиб қўйишни англатади.
Исроил янги ҳужум сабаб халқаро танқидга учмоқда
БМТ, хайрия ташкилотлари ва кўплаб хорижий ҳукуматлар Исроилнинг ҳужуми ва оммавий кўчириш режаларини қоралади.
Алоҳида ҳисоботда, БМТ Комиссияси Исроилни Ғазода геноцид содир этган деб хулоса қилди. Исроил буни “шармандали” ва “ёлғон” деб атади.
Исроил кучлари шаҳарнинг шарқий маҳаллаларини назорат қилмоқда ва жануби-шарқ, шимол ва шимоли-ғарб соҳил ҳудудларини бомбардимон қилиб, танкларни марказ ва ғарбий томонга сурмоқда.
“Ғазо йўқ қилиняпти. Минг йиллик тарихга эга шаҳар бутун қўрқоқ дунё олдида йўқ қилинмоқда”, деди ўқитувчи Аҳмад.
Нусайрат қочқинлар лагерида (анклав марказида) ҳаво зарбаси бир кўп қаватли уйни вайрон қилди, оқибатда қўшни уйлардаги одамлар қўрқиб қочишга мажбур бўлди.
Фаластин ва БМТ расмийларининг таъкидлашича, ҳеч қаер хавфсиз эмас, ҳатто Исроилнинг “гуманитар зона” деб эълон қилган жанубий ҳудуди ҳам. 16 сентябрь куни ҳаво зарбаси жанубга йўл олган машинага тегиб, ундаги беш киши ҳалок бўлган.