Исроил Фаластинни йўқ қилаётганига БМТ томошабин бўлиб турибди – Эрдўған
Олам
−
25 Сентябрь 2019
14227Аввал хабар берганимиздек, кеча, 24 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 74-мажлиси бўлиб ўтди. Унда Туркия Республикаси Прездиенти Ражаб Тойиб Эрдўған нутқ сўзлаб, Исроилнинг Фаластинни бутунлай эгаллаб олаётгани, БМТ эса бунга томошабин бўлиб турганини қоралади.
Эрдўған минбарга Исроил ва Фаластин тупроқлари акс этган харита билан чиққан. Ундаги тўрт суратда 1947 йил – Исроил давлати ташкил топгандан буён Фаластин ерларини қанчалик эгаллаб бораётгани тасвирланган.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Исроилга нисбатан резолюциялари бажарилмаяпти. Шундай экан, БМТ нима иш қиляпти? Агар биз қабул қилган қарорларимиз билан таъсир кўрсата олмасак, адолат қаерда ўз аксини топади?”, дейди Ражаб Тойиб Эрдўған.
Туркия раҳбари БМТ саммитида 35 дақиқа нутқ сўзлагани айтилмоқда. У минбарга Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ал-Сисидан кейин чиққан.
“Бугунги даврда адолатсизликни энг кўп тотган мамлакат – Исроил ишғоли остидаги Фаластин тупроқларидир.
Ҳозирги Исроил ҳукумати Ғазодаги ғайриинсоний блоклар, ноқонуний аҳоли пунктлари фаолияти ва Қуддуснинг тарихи ва ҳуқуқига ҳужум қилиш каби ҳолатлар билан халқаро ҳуқуқларга риоя қилмай, инсониятнинг барча қадриятларини поймол этмоқда”, дейди Эрдўған.
У сўзини давом эттириб, Фаластин давлатини 1967 йилдаги сарҳадларига асосланган ҳолда қайта қуриш кераклигини айтади.
“Муаммонинг ечими – 1967 йилдаги чегараларга асосланиб, пойтахти Қуддус бўлган мустақил ва улуғвор ҳудудларга эга Фаластин давлатини зудлик билан барпо этишдир. Бундан бошқа тинчлик режаларининг қабул қилиниши ва амалга оширилишининг имкони йўқ. Мен БМТ минбаридан туриб сўрайман: Исроил давлатининг чегаралари қаерда? 1948 йилдаги чегараларми, 1967 йилдаги чегараларми ёки яна бошқа чегараси борми?
Бошқа босиб олинган Фаластин ҳудудлари сингари, Голан тепаликлари ва Ғарбий соҳилнинг аҳоли пунктлари, агар бу давлат чегаралари ичида бўлмаса, қандай қилиб дунё кўз ўнгида тортиб олинди? “Аср келишуви” шартномаси сифатида тақдим этилган ташаббуснинг мақсади Фаластин давлати ва унинг халқининг мавжудлигини бутунлай йўқ қилишми?”, дейди Эрдўған.
LiveБарчаси