Исроил-Фаластин можароси: Қуддусда тартибсизлик ва тўқнашувлар бошланди

Олам 7508

Кеча, 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.

Исроил судининг Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисидаги қарори одамларни ғазаблантирган. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади. Шундан сўнг Ал-Ақсо масжиди олдида норозилик бошланиб кетган.

Фаластиннинг расмий агентлиги WAFA'нинг хабар беришича эса, Исроил полицияси Ал-Ақсо масжидига одамлар таровеҳ намозини ўқиётганда ҳужум қилган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳужум пайтида 13 фаластинлик Исроил полицияси томонидан ҳибсга олингани айтилмоқда.

Фаластин қизил ярим ой жамиятининг хабарига кўра, Исроил полицияси томонидан 205 нафар фаластинлик мусулмон жароҳатланган.

Исроил ҳуқуқ-тартибот идораларининг таъкидлашича, Ал-Ақсо масжиди олдида минглаб одамлар шом намозидан сўнг тўпланиб, тартибсизликларни келтириб чиқарган.

Полиция намойишчиларни тарқатиб юборишга ҳаракат қилганида, оломон Исроил полиция ходимларига қарата тош ва шиша идишларни улоқтира бошлаган. Полиция бу ҳолатда намойишчиларни резина ўқлар ва карахт қилувчи гранаталар билан тўхтатишга ҳаракат қилган.

БМТнинг таъкидлашича, “Исроил ҳар қандай ҳужумларни бекор қилиши ва намойишчиларга қарши куч ишлатмаслик чораларини қўллаши керак”.

Шунингдек халқаро ҳамжамият Шарқий Қуддусдаги фаластинлик оилаларни кўчириш бўйича суд қарорини маъқулламаган. 

АҚШ Давлат департаменти вакили Вашингтон "вазиятнинг кескинлашганидан қаттиқ хавотирда" эканлигини айтиб ўтган.

Европа Иттифоқи эса ҳар икки томон айбдорларини топиб, жавобгарликка тортиш кераклигини айтган.

БМТнинг Яқин Шарқдаги тинчлик жараёни бўйича махсус вакили Тор Веннесланд барча томонларни "тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ва муқаддас жойларни ҳурмат қилишга" чақирди.

Покистон Ташқи ишлар вазирлигининг томонидан Қуддусдаги тартибсизликлар бўйича берилган баёнотда Рамазон ойидаги бу ҳужум барча инсон ҳуқуқ ва нормаларига зид экани таъкидланган ва Исроил полициясининг бу ҳаракат қораланган.

Исроил томони Қуддусдаги тўқнашувларда камида 163 нафар фаластинлик мусулмон ва 6 нафар исроиллик полиция ходими жароҳат олган.

 

Сардор Али Нурматов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 179
Рейтинг: 2.9
t
×