Исроил битимнинг 2-босқичи бўйича музокараларни бошлайди
Олам
−
18 Февраль 2480 1 дақиқа
Исроил Ғазода ўт очишни тўхтатишни назарда тутувчи сулҳ битимининг иккинчи босқичи бўйича музокараларни бошлайди. Бу ҳақда Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саарга таяниб, “Reuters” маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу босқич доирасида қолган исроиллик асирлар фаластинлик маҳбусларга алмаштирилади, шунингдек, Исроил Ғазо ҳудудининг тўлиқ ҳарбий қуролдан холи бўлишини талаб қилмоқда. Иккинчи босқич бўйича музокаралар жорий йилнинг март ойининг 2-санасига қадар бошланиши лозим эди, бироқ Қатар ҳали расмий музокаралар бошланмаганини маълум қилган.
“Исроил Ғазо ҳудудининг “Ҳизбуллоҳ модели” асосида бошқарилишига йўл қўймайди, шунинг учун у тўлиқ ҳарбий қуролдан холи бўлиши ва Фаластин маъмурияти у ерда иштирок этмаслиги лозим”, дейди Саар матбуот анжуманида.
Нашрга кўра, Исроил араб давлатлари томонидан Ғазо учун муқобил режа тайёрланаётганини билади. Бу режа АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо ҳудудини АҚШ назорати остида қайта қуриш таклифига қарши ишлаб чиқилган. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ушбу таклиф кўриб чиқишга арзийди, деб ҳисобламоқда.
Саарнинг таъкидлашича, Исроил Ғазо ҳудудининг фуқаролик назоратини ҲАМАСдан Фаластин маъмуриятига ўтказишни назарда тутувчи режани қўллаб-қувватламайди.