Исроил армияси Рафаҳга ҳужум режасини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этди
Олам
−
26 Февраль
3443Исроил армияси ҳарбий Вазирлар Маҳкамасига "эвакуация" ва блокададаги Ғазо секторининг энг жанубий аҳоли пункти бўлган ва миллиондан ортиқ кўчирилган фаластинликлар бошпана топган Рафаҳ шаҳрига ҳужум қилиш режасини тақдим этди. Бу ҳақда Исроил Бош вазири маъмурияти маълум қилди.
Қайд этилишича, режа кеча, 25 февраль куни кечқурун тақдим этилган.
“Исроил армияси Ғазо секторидаги жанговар ҳудудлардан одамларни эвакуация қилиш ва бўлажак операция режасини ҳарбий Вазирлар Маҳкамасига тақдим этди”, дейилади хабарда.
Минтақанинг номи айтилмаган бўлса-да, Исроил матбуоти гап Рафаҳга ҳужум қилиш ва у ерда бошпана топган фаластинликларни эвакуация қилиш режаси ҳақида кетаётганини ёзмоқда.
Бундан ташқари, Исроил Бош вазири маъмурияти ҳарбий Вазирлар Маҳкамаси "Ғазо секторига гуманитар ёрдам кўрсатиш режасини" маъқуллаганини эълон қилди.
Қайд этиш жоизки, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху 9 февраль куни армияга Рафаҳдаги тинч аҳолини “эвакуация қилиш” ва минтақага ҳужумлар режасини ҳарбий Вазирлар Маҳкамасига тақдим этишни буюрган.
Маълумот учун, Миср билан чегарадош Рафаҳ шаҳрида 2023 йил 7 октябрдаги Исроил ҳужумларидан олдин 280 мингга яқин фаластинлик яшаган. Ҳужумлар бошланганидан бери Ғазо секторидаги 1,9 миллион фаластинлик ўз уйларини ташлаб кетган, уларнинг катта қисми Исроил аввалроқ "хавфсиз ҳудуд" деб эълон қилган Рафаҳдан бошпана топган.
Шу тариқа, Рафаҳ аҳолиси беш баравар кўпайиб, 1,5 миллион кишига етди. Кўчирилган одамлар озиқ-овқат, тоза ичимлик суви, ёқилғи ва дори-дармон танқислиги шароитида яшашга, бошпана сифатида брезент ва пластмассадан чодирлар қуришга мажбур бўлмоқда.
Шаҳар тез-тез Исроил армияси томонидан ҳаво ҳужумларига учрамоқда. Шаҳарга кенг кўламли ҳужумлар уюштирилса, юз минглаб фаластинликларнинг қочадиган жойи қолмайди.
Эслатиб ўтамиз, 12 февралга ўтар кечаси Исроил Қуролли кучлари Рафаҳга йирик зарбалар берганди. Портлашлар оқибатида 100 киши ҳалок бўлган, 230 дан ортиқ киши жароҳатланганди. АҚШ Президенти Жо Байден эса Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан телефон суҳбатида тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича аниқ режаларсиз Рафаҳ шаҳрида ҳарбий операция ўтказмасликни тавсия қилди. Нетаньяху CBC News телеканалига берган интервьюсида Исроил ва ҲАМАС ўртасида маҳбуслар алмашинуви бўйича келишувга эришилса, Исроилнинг Рафаҳ шаҳрига ҳужуми "кейинга сурилиши" мумкинлигини айтди.
LiveБарчаси