Бокс чўққисига чиқаётган ўзбек

Интервью

Бокс – бу шунчаки муштлашув эмас, бокс – ирода, характер, жасорат жанги. 2016 йилги Рио Олимпиадаси эффектида ўзбек боксида янги эра бошланди. Риодаги муваффақиятлар орқали ўзбек боксчилари барча ўзбекистонликларни ғалабаларга, катта натижаларга ўргатиб қўйди.

QALAMPIR.UZ сайти юқорида таъкдилаб ўтилган эрани муносиб давом эттириб келаётган профессионал боксчи Исроил Мадримов билан суҳбат қуриб, унинг фаолиятига доир кўпгина қизиқарли саволларга жавоб олди. 

Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Шаҳзод Шукуров, мухбир: — Ўзбек боксида шундай бир муаммо борки, ўша муаммони бартараф этилса боксимизнинг ривожланиши янада тезлашади. Сизнингча, бу қандай муаммо?

Исроил Мадримов, профессионал боксчи: — Ҳозирги кунда ўзбек бокси дунё етакчиларидан бири ҳисобланади. Боксда кичик муаммолар бўлиши мумкин, лекин катта масалалар йўқ. Ўзбек бокси профессионал боксга энди кириб келмоқда. Бу борада камчиликларимиз бор, лекин муаммоларни секин-аста бартараф этамиз.

Ш.Ш.: — 2023 йилда Тошкент мундиалида иштирок этасизми?

И.М.: — Ҳозирда мен профессионал боксда WBA камари учун аъсосий даъвогарман. Шунинг учун асосан эътиборим профбоксга қаратилган. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Тошкент мундиалида иштирок этишим эҳтимоли ҳам бор.

Ш.Ш.: — Ўтган йил август ойида уйландингиз. Янгича ҳаёт тарзи боксдаги фаолиятингизга қай даражада таъсир ўтказди?

И. М.: — Оила – ҳаёт мазмуни. Уйланиш жуда катта бахт экан. Ёш оила бўлганимиз учун қандайдир муаммолар боксдаги фаолиятимига таъсир ўтказаётгани йўқ.

Ш.Ш.: — Болаликдан қайси бокс юлдузларини кузатгансиз? Боксда кумирингиз борми?

И.М.: — Муҳаммад Али, Майк Тайсон ва Генадий Головкин каби бокс юлдузларининг жангларини кузатиб катта бўлганман. Айнан бир боксчини кумирим дея олмайман. Ҳар битта боксчининг қайсидир жиҳатларини ўрганиб, жангда ўрганганларимдан фойдаланишга ҳаракат қиламан.

Ш.Ш.: — Фаолиятингиздаги энг муҳим жанг қайси?

И.М.: — Франциялик Мишел Соррога қарши биринчи жангим фаолиятимидаги энг муҳим баҳслардан бири бўлди дея оламан. Бу жанг Ўзбекистонда бўлиб ўтганди. Босим ҳам икки ҳисса кучли эди. Соррога қарши биринчи жанг учун жуда қаттиқ меҳнат қилдим. Бу мен учун катта тажриба бўлди.

Ш.Ш.: — Блогер ва актёрларнинг боксда фаолият юритишига муносабатингиз қандай?

И.М.: — Улар боксни танлагани ҳам бир тарафдан ижобий ҳолат. Бу ҳолат бўйича ҳаммада ҳар хил талқин мавжуд. Блогер ва актёрлар орқали кўпчиликнинг боксга қизиқиши ортади ва бокс тўгаракларига қатнайдиган ёшлар кўпайиши мумкин.

Ш.Ш.: —  Мишел Соррога қарши учинчи жанг бўйича музокаралар кетяптими?

И.М.: — Менимча, Соррога қарши учинчи жанг бўлмайди. Ҳозирда бошқа рақиблар билан музокаралар кетяпти. Триология бўлмайди. 

Ш.Ш.: — Шоҳжаҳон Эргашев ва Шаҳрам Ғиёсов ўртасидаги бўлажак жанг ҳақида фикрингиз қандай? Қайси боксчининг имкониятини юқорироқ баҳолайсиз?

И.М.: — Менимча, бу жанг ҳам ўтказилмайди. Эргашев-Ғиёсов тўқнашуви промоутерларга керак эмас. Проумотерлар бу жангни ўтказишга йўл қўймайди.

Ш.Ш.: — Қайси мамлакат боксчиларининг услуби сизга бироз ноқулайроқ?

И.М.: — Мексика боксчилари жуда чидамли. Улар бор кучини асосан охирги раундлар учун асрайди. Америкалик боксчиларнинг техникаси жуда кучли.

Кўпроқ америкаликларнинг услубини хавфлироқ дейишим мумкин.

Ш.Ш.: —  Жанглардан олдин “Face-to-face” маросимида нимага аҳамият берилади?

И.М.: — “Face-to-face” маросими баъзида кулгимни келтиради. “Face-to-face”да мақтанган боксчи рингда ўзи айтганларининг ўн фоизини ҳам қила олмаслиги мумкин. “Face-to-face” маросимида жиғимга ўйнаган боксчилар бўлган ва улар бу учун рингда жавоб берган.

Ш.Ш.: — Сиз учун боскдаги чўққи нима?

И.М.: — Мухлислар мени услубим ва техникам билан эслаши мен учун чўққи ҳисобланади.

Блиц саволлар

— Шоҳжаҳон Эргашев ёки Шаҳрам Ғиёсов?

— Шаҳрам Ғиёсов.

— WBC камари ёки Олимпиада олтин медали?

— Олимпиада олтин медали.

— Жалолиддин Машарипов ёки Элдор Шомуродов?

— Иккаси ҳам.

Ш.Ш.: — Боксчиларимиздан иборат рамзий терма жамоа тузиб буринг?

Рамзий терма жамоа:

Дарвозабон: Муроджон Аҳмадалиев;

Ҳимоя: Фазлиддин Ғойибназаров, Элнур Абдураимов, Бектемир Мўлиқўзиев, Санжар Турсунов;

Ярим ҳимоя: Шаҳрам Ғиёсов, Исроил Мадримов, Баҳодир Жалолов, Шаҳобиддин Зоиров;

Ҳужум: Ҳасанбой Дўсматов, Тўлқин Қиличев.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг