Исроил ҳарбийлари БМТнинг Ливандаги кузатув минорасини бузиб ташлади
Олам
−
21 Октябрь
3090Кеча, 20 октябрь куни Исроил ҳарбийлари бульдозери атайин Бирлашган Миллатлар Ташкилотнинг Ливандаги Муваққат кучлари (UNIFIL) позициясидаги кузатув минораси ва периметрдаги тўсиқларини бузиб ташлади. Бу ҳақда UNIFIL баёнот берди.
“Бугун Исроил Мудофаа кучлари бульдозери Марвахинда (жанубий Ливанда) жойлашган БМТ позициясидаги кузатув минораси ва периметр тўсиқларини қасддан бузиб ташлади”, дейилади ташкилотнинг Telegram-каналидаги баёнотида.
Шундан сўнг ташкилот можаро томонларини БМТ ходимлари ва мулкларининг хавфсизлигини таъминлашга чақирган.
Маълумот учун, Исроилнинг Ливан жанубида олиб бораётган операцияси фонида UNIFIL ўз позицияларига улар томонидан ҳужумлар уюштирилганини бир неча бор билдирган. Тинчликпарварлар маълумотига кўра, Исроил ҳарбийлари таянч пунктларни, жумладан, икки Италия базасини ва UNIFIL бош штабини ўққа тутган. Италиянинг юқори мартабали вакиллари Исроил ҳаракатларини бир неча бор номақбул деб атаган.
Исроил 1 октябрдан бери “Ҳизбуллоҳ” кучларига қарши Ливаннинг жанубида қуруқликдаги операцияларни олиб бормоқда ва қўшни мамлакатга ҳаво зарбаларини давом эттирмоқда. Бу тажовузда 2000 дан ортиқ одам, жумладан, ҳаракат етакчилари ҳалок бўлди, миллиондан ортиқ одам эса уйларини тарк этди. Йўқотишларга, жумладан, қўмондонлар таркибидаги талафотларга қарамай, “Ҳизбуллоҳ” қуруқликдаги жангларни давом эттирмоқда ва Исроил ҳудудига ракета ҳужумларини тўхтатмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Рас-Нақура ҳудудидаги UNIFIL базасини ўққа тутиши оқибатида БМТнинг икки тинчликпарвар аскари яраланган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь