Испанияда Ўзбекистон олийгоҳининг филиали очилади
Жамият
−
21 Декабрь 2020
5891Испания Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Палма де Майорка провинцияси раҳбарияти, Балеар университети вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент давлат стоматология институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда мазкур келишувга эришилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Унга кўра, Испаниянинг Балеар университетининг АДЕМА стоматология таълим даргоҳида Тошкент давлат стоматология институтининг филиали ташкил этиладиган бўлди. Бу Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг ривожланган Европа давлатларидаги илк филиали ҳисобланади.
Маълум қилинишича, онлайн конференция тарзида ўтказилган музокарада Испания соғлиқни сақлаш вазири П.Гомес, Пальма де Майорка шаҳри мэри Х.Хила, Балеар университети президенти Д.Карасско, Испаниянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Карлос Мартинес ва Тошкент давлат стоматология институти ректори Нодир Ҳайдаров иштирок этган ва келишув имзолаган.
Унга кўра, ҳар иккала олий таълим муассасаси томонидан йилига 30 нафар педагоглар дарс машғулотларига жалб этилиши, стоматологиянинг олтита йўналиши бўйича испаниялик мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малака ошириши учун курсларда ўқитишга келишиб олинган.
Шунингдек, анжуманда 2021 йилдан 100 нафар испаниялик талаба стоматология йўналиши бўйича малака ошириш курсларига қабул қилиниши, испаниялик беморларга Ўзбекистондаги тиббий туризм тизими салоҳиятидан фойдаланишга шароит яратиш каби бир қатор масалалар ҳам белгилаб олинган.
Маълумот ўрнида, Испаниянинг Балеар университети 1978 йилда ташкил этилган бўлиб, Балеар ҳукумати томонидан бошқарилади. Бугунги кунда 18 мингдан ортиқ талабалар ижтимоий-гуманитар, тиббиёт, стоматология, техника, ахборот технологиялари каби йўналишларда таълим олмоқда. Университет қошидаги 7 та илмий лабораторияларда биология, экология, рақамли тиббиёт ва генетика йўналишларида илмий-тадқиқот олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь