Испания шаҳарлари сув остида қолди (видео)
Олам
−
30 Октябрь
3981Кеча, 29 октябрь куни Испания жануби-шарқида кучли жала оқибатида йўллар ва шаҳарлар сув остида қолди. Сув тошқинларидан зарар кўрган ҳудудларда бир неча киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Валенсия автоном ҳамжамияти раҳбари Карлос Мазонга таяниб, “Reuters” хабар берди.
“Вафот этганларнинг жасадлари топилди, лекин оилаларга ҳурмат юзасидан қўшимча маълумот бермаймиз”, деди Валенсия раҳбари.
Нашрга кўра, Испания Давлат метеорология агентлиги Валенсиянинг шарқий қисмида қизил хавф даражасини эълон қилган. Радио ва телеканалларга сув босган ҳудудларда қолиб кетган ёки яқинларини излаётган фуқаролардан ёрдам сўраб юзлаб қўнғироқлар келган, чунки фавқулодда хизматлар барча жабрланган аҳоли пунктларига етиб бора олмаган. Мазоннинг сўзларига кўра, айрим ҳудудларга етиб бориш мутлақо имконсиз.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувларда одамларнинг сув оқимига тушиб қолмаслик учун дарахтларга ёпишиб турганини, автомобилларнинг сувга тўлган кўчаларда қолиб кетганини кўриш мумкин”, дейилади хабарда.
Бугун, 30 октябрь куни Валенсия шаҳри мэрияси мактаблардаги машғулотлар ва спорт тадбирлари бекор қилинишини ҳамда шаҳар боғлари ёпиқ қолишини маълум қилган.
Испания Бош вазири Педро Санчес воқеаларни хавотир билан кузатаётганини билдирган ва жабрланган ҳудудларда яшовчи фуқароларни заруратсиз сафарлардан сақланишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Филиппиннинг шимоли-шарқида содир бўлган тропик “Трами” бўрони келтириб чиқарган тошқинлар ва кўчкилар оқибатида 97 киши ҳалок бўлган эди.
LiveБарчаси