Исломофобия: душман излаганлар топган хавф
Таҳлил
−
19 Апрель 8769 8 дақиқа
Дин, маданият ва ғоялар ўртасидаги тафовут ортидан жамиятларда ўзаро бир-бирини инкор этиш ва тоқатсизлик намоён бўлади. Шундай тенденциялар оқибатида ўз маданиятини энг юқори деб билиш ва бошқаларни камситишни англатувчи “'этноцентризм”; бир ирқни бошқасидан устун деб билиш ва ирқий камситишни англатувчи “расизм”; чет эллик ва ўзга маданият вакилларига нисбатан қўрқув ёки нафратни англатувчи “ксенофобия” каби тушунчалар пайдо бўлган. Бундай тушунчаларнинг энг хавфли ва кенг тарқалгани диний тоқатсизликни англатувчи “фобия”лардир. Хусусан, дунё бўйлаб 2 миллиарддан ортиқ инсон эътиқод қиладиган ислом динига нисбатан тоқатсизлик оқибатида “исломофобия” тушунчаси кенг тарқалган. Умуман олганда “христианофобия” (насроний динига тоқатсизлик), “антисемитизм” (яҳудий динига тоқатсизлик) каби исломдан бошқа динларга нисбатан ҳам нафрат ёхуд қўрқувни англатувчи атамалар ҳам мавжуд. Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2025 йил 24 март кунги №03-07/1905 сонли хулосаси асосида тайёрланган мазкур мақолада исломофобия ва унинг тарихий илдизи ва замонавий сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида сўз боради.
Исломофобия нима ва у қандай пайдо бўлган?
Дастлаб мавзуга оид бир неча кичик маълумотларга тўхталсак. Ислом динига эътиқод қилувчилар сон жиҳатдан дунёда насронийликдан (31%) кейин иккинчи ўринда (24%) туради ва Ердаги мавжуд 8 миллиард аҳолининг 2 миллиарддан ортиғи мусулмон ҳисобланади. 2025 йил ҳолатига кўра, қуйидагилар энг кўп мусулмон аҳоли истиқомат қиладиган бешта давлатдир:
- Индонезия – 242,7 миллион;
- Покистон – 240,7 миллион;
- Ҳиндистон – 200 миллион;
- Бангладеш – 150,8 миллион;
- Нигерия – 97 миллион.
Айтиш мумкинки, исломофобия – ислом дини ва таълимотига қарши кайфият сифатида намоён бўлиб, кенг омманинг иррационал (асоссиз) фобия, исломдан қўрқиш ва унга нисбатан салбий муносабат, диннинг ўзига хос қадрият ва анъаналари, мусулмонларнинг ҳаёт тарзи ҳақида етарли тушунчаларга эга бўлмай, салбий тасаввур пайдо бўлиши ҳисобланади.
Ислом ва мусулмонларга нисбатан фобия ҳақида гап кетар экан, азал-азалдан дин ва халқларнинг қарама-қарши ғоя ва манфаатлари туфайли ўзаро низо ҳамда нафрат мавжуд бўлганини таъкидлаш жоиз. Худди шунингдек, ислом ва мусулмонларга нисбатан салбий муносабат исломофобия атамасидан анча олдин пайдо бўлган, дейиш мумкин. Масалан, британиялик жамиятшунослар Роберт Майлз ва Малькольм Брауннинг “Ирқчилик” (Racism) номли тадқиқотида қайд этилишича, Европанинг ислом ҳақидаги тасаввури ХII-XIII асрларда яхлитлашиб, мусулмонлар “ваҳший, ахлоқсиз ва золим” ўлароқ тасвирланган. Бундан ташқари, тадқиқотда XVII аср охирларидан бошлаб мусулмонлар Европа ичида ортиқ ташқи таҳдид сифатида қабул қилинмагани, фақатгина маданий хилма-хиллик туфайли тафовутлар бўлгани айтилади. Шунингдек, муаллифлар
“XX аср охирига келиб асоссиз равишда исломнинг зўравон ва таҳликали дин сифатида қабул қилиниши яна жонланди ҳамда 2001 йил воқеаларидан сўнг кучайиб кетди”, дея ёзади тадқиқотда.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Азиза Носирова QALAMPIR.UZ билан суҳбатда исломофобия нафақат шахсий даражадаги салбий муносабат, балки ижтимоий, сиёсий ва ҳуқуқий кўринишларда ҳам намоён бўлиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, қуйидагилар исломофобиянинг асосий жиҳатлари ҳисобланади:
- Стереотип ва нотўғри тасаввурлар – ислом дини зўравонлик ёки радикализм билан боғланган ҳолда кўрсатилади.
- Дискриминация ва ҳуқуқбузарликлар – мусулмонлар ишга қабул қилинмаслиги, уларнинг диний амалларига тўсқинлик қилиниши.
- Асоссиз қўрқув – ислом ҳақида етарли билимга эга бўлмаган одамлар ундан қўрқади ёки уни бегона деб ҳисоблайди.
- Оммавий ахборот воситалари таъсири – мусулмонлар ҳақида салбий ахборот тарқатиш, уларни таҳдид сифатида кўрсатиш.
Мутахассис таъкидлаганидек, исломофобия кучайишида медиа ҳам катта роль ўйнайди. Бу борада америкалик тилшунос Ноам Хомский шундай деган эди:
“Агар ОАВни назорат қилсангиз, жамият онгини назорат қиласиз”.
Ахборот асрида медиа орқали одамлар онгига таъсир ўтказиш яна ҳам осонлашди. Кун давомида қабул қилинаётган маълумотлар секинлик билан инсон шуурига сингиб боради. Афсуски, медиасаводхонлик ва фактларни текшириш (factchecking) маданияти (аксар медиа маҳсулоти истеъмолчиларида) шаклланмаган. Оқибатда жамиятлар ўртасида юқоридаги каби турли кескин фикр ва фобиялар кучаймоқда. Биргина кино саноатини оладиган бўлсак, бир неча ўн йилликлар давомида такрорланувчи бир хил сценарийлар кўпчилик фикрини шакллантиришда катта ҳисса қўшганини инкор этиб бўлмайди. Шунингдек, содир этилган жиноятларда умумлаштириш, яъни бир киши қилган хатоси учун унинг халқи, ватани ва динини айблаш қандай оқибатларни келтириб чиқаришига бутун дунё гувоҳ бўлмоқда. Жамиятшунос Навид Ғани ОАВнинг исломофобияга таъсири ҳақида ёзар экан, мусулмонлар қилган жиноятлар бўрттириб кўрсатилиши, улар жабрланувчи бўлган ҳолатларда эса акси қилинишини таъкидлаган.
“Оммавий ахборот воситалари турли жиноятларга нисбатан турлича ёндашади. Буни мусулмонларни терроризм билан боғлайдиган стереотип ва оммавий ахборот воситаларининг шундай тасаввурни мустаҳкамлашдаги роли ўлароқ тушуниш мумкин”, дейди у.
Азиза Носированинг айтишича, исломофобия жамиятга маълум кучлар томонидан тарғиб қилиниб, исломнинг нуфузини қадрсизлантиришга уриниш, унинг асл эзгулик ғоялари, тинчлик ва тараққиётни тарғиб қилувчи дин сифатидаги ўрнини эътиборсиз қолдириш ҳолатларида ҳам намоён бўлади.
“Аслида эса, ислом дини ва асрлар мобайнида нафақат мусулмонларга, балки Ер юзидаги барча дин вакилларига улкан маданий-маънавий мерос билан биргаликда ижтимоий тенглик ҳиссини тақдим этдики, у ҳозиргача ҳам жамият фаровонлиги учун хизмат қилиб келмоқда. Жумладан, ислом маънавияти барча миллат, элат вакилларига тинч-тотув ҳаёт кечиришда ижтимоий муносабатларнинг барқарор кўриниши сифатида намоён бўлиб, бунинг асосида ислом таълимоти одоб-ахлоқ меъёрларининг ҳиссаси катта”, дейди у.
Исломофобияга қарши кураш
2022 йилда БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 60 та давлат ҳомийлигида 15 март санаси “Халқаро исломофобияга қарши кураш куни” деб белгиланган. Қабул қилинган резолюцияда терроризм ва экстремизмни ҳеч қандай дин, миллат, цивилизация ёки этник гуруҳ билан боғлаш мумкин эмаслиги таъкидланган.
Европа Комиссияси (ЕК) маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан тайёрланган “Европа Иттифоқида мусулмон бўлиш” номли 2024 йилги ҳисоботда ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги кескин ҳарбий вазият оқибатида ЕИда мусулмон жамоаларига қарши таҳдид ва нафратнинг ошгани қайд этилган. Шундан сўнг ЕК мусулмонларга қарши нафрат ва камситишга қарши кураш бўйича координатор, махсус вакил, элчи ва бошқа расмий вакилларнинг қўшма баёнотини имзолаган.
Кўпгина мамлакатларда исломофобияга қарши кураш мақсадида ҳуқуқий ва маърифий ишлар ҳам олиб борилади. Ҳуқуқий чора сифатида диний камситишларга қарши қонунлар қабул қилинаётган бўлса, маърифий чора ўлароқ эса ислом ҳақидаги нотўғри тушунчалар билан курашиш учун турли таълим дастурлари, конференция ва тадқиқотлар ўтказилмоқда.
Фобия фақат Исломдан эмас…
Юқорида таъкидланганидек, динларга нисбатан мавжуд нафрат ва қўрқув фақат Исломни назарда тутмайди. Жумладан, христианафобия, антисемитизм ва ҳиндуфобия каби тушунчалар ҳам мавжуд ва қуйида улар билан танишамиз.
Христианофобия. Насронийларга нисбатан нафрат ёки душманлик муносабатида бўлишни англатувчи мазкур тушунчани исломафобия каби кенг тарқалган деб бўлмайди, албатта. Шунингдек, таъкидлаш керакки, бугунги дунёда христианлар дуч келаётган нафрат нисбатан енгил кўриниши мумкин. Бироқ христианофобия келажакдаги ёмонроқ ҳолатларнинг дебочаси бўлиши мумкин. Ҳозирда дунёда христианофобиянинг бир неча мисоллари учрайди. Масалан, ўз эътиқодига содиқ қолишни истаган христианлар баъзи касбларга номуносиб деб топилмоқда. Мисол учун, бир жинслилар никоҳига қарши бўлган христиан гул сотувчилари, тантаналар ўтказиладиган жой эгалари ва давлат амалдорлари инсон ҳуқуқларига қаршилик қилишда айбланиб, жазога тортилмоқда. Шунингдек, диний нуқтаи назардан абортга қарши бўлиш аёлларга нисбатан адолатсизлик деб талқин қилинмоқда. Қолаверса, болаларни Инжил таълимоти асосида тарбиялашни истаган насронийлар мияни ювиш ва боладан танлов ҳуқуқини олиб қўйишда айбланмоқда.
Антисемитизм. Яҳудийларга нисбатан нафрат ёки уларни камситишни англатувчи бу атама 1800 йиллар охирида немис тилида “Антисемитисмус” сифатида пайдо бўлган. Маълумотларга кўра, нацистлар Германияси шу тушунча асосида 1933 йилдан 1945 йилгача олти миллион европалик яҳудийни тизимли равишда қирғин қилган.
Ҳиндуфобия. Бу атама Санатан Дҳарма (ҳинд динлари) ва ҳиндларга қарши ҳақоратли муносабат ҳамда хатти-ҳаракатларни англатади. Ушбу тушунча ҳиндларнинг таъқиб ва зўравонлик қурбони бўлган тарихини инкор этиб, уларни номутаносиб равишда тажовузкор ўлароқ тасвирлайди. Бундай стереотиплар маҳаллий ҳинд анъаналари йўқотилиб, ташқаридан мажбуран ислоҳ қилинишини асослаш учун ишлатилади. Ҳиндуфобия майда ҳақоратли ҳаракатлардан тортиб геноцидгача бўлган кенг кўламни қамраб олади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, шахсий ва сиёсий манфаатлар йўлида маълум динларга нисбатан асоссиз нафрат уйғотиш нафақат диний эркинликка рахна солиши, балки давлатлараро низога ҳам олиб келиши мумкин. Бундай тушунчалар кўпинча стереотиплар, сиёсий манипуляция ва нотўғри ахборот тарқалиши оқибатида юзага келади. Шунинг учун ўзга динларга нисбатан тоқатлилик ва тушуниш маданиятини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса таълим, ОАВ масъулияти ва жамиятлар очиқ мулоқоти орқали амалга ошиши мумкин.
Live
Барчаси