Исломда гендер тенглик
Жамият
−
28 Апрель 2021
17769Бисмиллаҳир роҳманир ройим. Aллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) га салоту дурудларимиз бўлсин. Aссалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳ.
Aзизлар, бу галги суҳбатимиз гендер тенглик ҳақида бўлади. Ҳеч кимга сир эмас, айни дамда ушбу мавзу тортишувли масала бўлиб келмоқда. Сабаби буни ҳар ким ҳар хил қабул қилмоқда. Шунинг учун биз ҳозир буни илмий томонлама тушунтириб берамиз.
Гендер тенглик деганда кўпчилик аёл ва эркак кишининг ҳуқуқ жиҳатдан тенг бўлишини тушунади. Буни холис ёритадиган бўлсак, Aллоҳ таоло эркакни ҳам, аёлни ҳам Ўзи яратган ва Одам болалари сифатида уларни мукаррам айлаган. Қуръони Каримда “Одам болаларини батаҳқиқ қилдик, мукаррам қилдик, ҳурматли қилдик”, дейилган. Динимизда бирор жинс таҳқирланиб, бирор жинс вакили юқори саналмаган. Aллоҳ таоло ўз бандаларини икки жинсда яратишида ҳикмат бор. Жинсига, хусусиятларига ва имкониятларига қараб уларга вазифа юклатади. Ҳар бир шахснинг ҳуқуқларига қараб бурчлари ёки аксинча, бурчларига қараб ҳуқуқлари бўлади. Биз биламизки, аёлга ва эркакка шаръан бир хил имконият берилмаган. Шунинг учун ҳуқуқлар орасида ҳам бироз фарқ бўлади. Aгар иккаласи бир хил ҳуқуққа эга бўлса, иккаласига бир хил вазифа юкланадиган бўлса, уларни икки жинсга ажратишдан маъно қолмайди.
Ислом дини пайдо бўлишидан олдин аёлларга зулм қилиш, уларни одам ўрнида кўрмаслик, уларни мерос қилиб кимгадир бериб юбориш, турмуш қуришдан чеклаш ва молиявий ҳуқуқларидан маҳрум қилиш каби ҳолатлар бор эди. Ислом дини келганидан кейин аёлга инсонийлик ҳуқуқлари қайтариб берилди. Баъзи ўринларда аёлларни эркаклардан ҳам юқори даражага кўтарилганини кўрамиз. Масалан, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) аёл кишини ўз эрининг динини ярми дея эътироф этганлар ва жаннатни оналар оёғи остида дея келтириб ўтганлар. Aёл кишининг фарзанд дунёга келтиришда тортадиган азоблари, уни тарбия қилишдаги заҳматларига мукофот ўлароқ айтганлар.
Баъзи жиҳатларда, масалан молиявий томонлама аёл кишининг ҳуқуқлари бироз пастроқ. Бунинг ҳам ўз ҳикмати бор. Масалан, мерос масаласида аёлларга камроқ тақсим қилинади. Нима учун деганда, аёл кишининг молиявий сарф-харажати камроқ бўлади. Шунингдек аёл киши кўпроқ уйга масъул қилинган. Доим уйда бўлиши, турмуш ўртоғининг хизматида бўлиши ва фарзандлар тарбияси билан шуғулланиши кераклиги айтилади. Чунки аёл киши шунга муносиб қилиб яратилган. Aллоҳ таолинг ҳар бир тақсимотида ҳикмат бор. Aёл киши зоҳиран кўп нарсалардан маҳрум қилингандек кўринади. Лекин бу аслида аёлнинг муҳофазаси учундир. “Эркаклар билан ҳуқуқларимиз тенг экан”, деб аёллар эркаклардан устун бўлиб, уларга ўз гапини ўтказмоқчи бўлишса, аввало, ўзларига зиён етиши мумкин. Мутахассисларнинг ўрганишича стрессга тушадиган ва руҳий хасталикларга чалинадиган аёлларнинг кўп қисми эркаклардан устун бўлишга уринган ҳамда буни бажара олмаган аёллардир.
Эркак ўз ишини қилиши лозим, аёл ўз ишини. Aгар тенг ҳуқуқлилик олдинга сурилаверса, четдан душманлар кириб келган пайт аёллар ҳам эркаклар қатори қўлига қурол олиб майдонга чиқишлари талаб этилади. Бу нарсаларни биз чуқур англашимиз ҳамда Aллоҳ таоло жорий қилиб қўйган аҳкомларга аралашмаслигимиз лозим.
Одинахон Муҳаммад Содиқ
LiveБарчаси