Ислом Каримов қизининг қамалишига нега қаршилик қилмаганди?

Интервью 54192

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳақида гап кетганда кўпчилик унинг қаттиққўл бўлганини хотирлайди. Мамлакатдаги бошқарувда ҳам унинг қаттиққўллиги сезилиб турарди. Бироқ, Президент Каримов билан ота, бобо, турмуш ўртоқ, дўст ва устоз Каримов ўртасида қандай фарқ бор эди? Нега у бошқарувининг сўнгги йилларида халқдан, матбуотдан узилиб қолди? Бугун унинг самимияти ҳақида гапираётганлар нега ўша вақтда буни кўрсатиб беролмади? Ислом Каримов вафотига 6 йил тўлиши арафасида Биринчи Президентнинг матбуот котиби лавозимида фаолият юритган журналист Беруний Алимов билан суҳбат қурдик. Ушбу суҳбатда Алимов телевидение орқали кўрсатилмаган, интернет сайтларида ёзилмаган ва фақатгина хос инсонларга маълум бўлган фактлар билан бўлишди

Улуғбек Худойберганов, мухбир: — Ислом Каримов билан илк учрашувингиз қачон ва қандай содир бўлган?

Беруний Алимов, Биринчи Президентнинг собиқ матбуот котиби: —  Бу учрашувимиз 1994 йил январь ойида Деҳли шаҳрида бўлган. Биз ўша ерда журналистика институти талабаси эдик. Жавахарлал Неру университетида 11 нафар ўзбекистонлик ёш журналист билан ўзлари учрашганлар. Бу қайсидир маънода бизга мотивация бўлган. Ватандан, ота-онадан, қариндошлардан узоқ бўлганда қандайдир меҳрни соғинасиз. Улар бизга ана шу меҳрни беролганлар. Ҳаттоки ҳазиллашиб “мана бу чиройли бўйинбоғни қаердан олгансан?”,деб сўраганлар. Ана шу бўйинбоғни мен хотира учун сақлаб қўйганман. Лекин гап бўйинбоғ ҳақида кетмаган, аслида. Ўша ерда, ташқарида, Ватандан узоқда юрган ёш журналистни кўнглини кўтариш учун бу гап айтилган, деб ўйлайман.

У.Х.: — Бир сурат тарихи мақоласида “Ислом Каримовда 30 яшар йигитчанинг характери бор эди. Мен у кишининг олдига ишга борганимда аллақачон 33 га кириб қўйган “чол” эдим. Айни сабабдан бўлса керак, “чоллар” ва “ёшлар” ўртасида учрайдиган, ўзаро англашмовчилик ҳолатлари бизда кам учрамасди”, дея ёзгансиз. Англашмовчилик деганда нимани назарда тутгансиз?

Б.А.: —Биласизми, “фалсафада инкорни инкор этиш” деган назария бор. Яъни авлодлар олдинги авлодни қайсидир маънода инкор этамиз. Бизда раҳбаримиз билан ёш ўртасида фарқ бўлиши мумкин. Улар айтган гаплари, тавсияларини ўша пайтда, ўша сонияда тушунмаган бўлишим мумкин. Лекин ўша берилган тавсия менга ёқмаган бўлса-да орадан уч, олти ой ўтганидан кейин фақат уларнинг гапи тўғри бўлиб чиқар эди. Бу нима билан боғлиқ, деб ҳайрон қолардим. Иш юзасидан келишмовчиликлар бўлган вақтлар ўтган. Жуда қаттиққўл бўлганлар, лекин шу билан бирга оталарча меҳрибон эдилар. Қаттиққўлликларини кўпчилик эслайди, ўша замонда ҳам кўпчилик биларди. Аммо уларнинг меҳрибон эканликларини, атрофдагиларга оталарча муносабатларини кўпчилик билмас эди. Буни фақатгина суҳбатларида бўлган инсон сезарди ва буни кузатарди. Мен ўзимни омадли инсон, деб ўйлайман. Сабаби уларни қаттиққўлликларини сезган пайтларимиз ҳам бўлган, оталарча меҳр кўрган пайтларимиз ҳам бўлган.

У.Х.: — Бирор бир мисол келтироласизми?

Б.А.: — Мисоллар жуда кўп, улардан бири мен кутмаган вақтим совға бўлган. Бу Швейцария соати. Ҳаттоки ушбу интервьюга, мақтаниш учун эмас, уларни эслаш учун тақиб келганман. Айнан шу соатни ўз қўлларидан олганман. Кейинчалик илм соҳасига кирдим, дисертация ёздим, имтиҳонлар топширдим. Ислом Каримов бизга берган мотивация руҳан бизни қўллаб туриши учун шу соатни мен тақиб юраман. 

Инсон хотираси билан тирик, биз уларни қанчалик кўп эсласак улар шунча ҳаёт бўлади. Ҳозирги Президентимиз Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг хотираларини абадийлаштириш учун жуда катта ишлар қилдилар. Мана биз кўриб турган музейга эътибор қаратсак, бу ҳозирги раҳбаримизнинг олдинги раҳбарга бўлган муносабатининг ёрқин намунаси, деб ўйлайман.

У.Х.: — Ислом Каримовнинг ОАВ ва Президент матбуот хизматига бўлган муносабати қандай эди? Ислом Каримов матбуот ва телевидениени кузатармиди?

Б.А.: — Телевидение ва матбуотни улар ҳар куни кузатардилар, нима ёзилаётганига қизиқардилар, нафақат Ўзбекистон, балки қўшни мамлакатлар, МДҲ, хорижий, ривожланган, Ғарб ва Шарқ мамлакатларидаги ОАВни доимий кузатиб борар эдилар. Ахборот хизматини бошқарганимиз учун бу бизнинг томорқамиз, Ислом Каримов ўз ишини қилади, биз ўзимизникини, деб ўйлаганман, лекин ундай бўлиб чиқмаган. Буни бежиз эсламаяпман. Бир куни мендан “Эртанги тадбиримизга “Ахборот”дан кимни олиб боряпсан?”,деб сўрадилар. Мен ёшроқ эдим, уларни олдида чолга ўхшаб қолмасликка, жиддийроқ кўринишга ҳаракат қилиб, Алишер боради деб айтсам, “Қайси Алишер? Алишер Азимовми ёки Алишер Ҳошимовми”, деб сўраганлар. “Ахборот” дастурида Алишер иккита эканлигини ҳам билганлар. Кўряпсизми, демак улар нафақат телевидение ва радиони кузатардилар, балки журналистларнинг чиқишларини ўқирди ва танирди. Феноменал хотира бор эди у кишида. Матбуот соҳаси, ахборот соҳаси “меники”, деб ўтирганим билан бизнинг ортимизда ишлаётган журналистлар жамоасини номма-ном билардилар. 

Ислом Каримов билан хорижда ишлаш, чет элдаги ташрифларини ёритиш жуда катта меҳнат талаб этган. Сабаби улар билан бир хил темпда юриш, бир хил қадам ташлаш жуда қийин эди. Вилоятларда бирга юрадиган бўлсак, қўпол қилиб айтганда, тилимиз осилиб қолар эди. Ҳеч бўлмаса уларни орқасидан юришга улгуролмай қолар эдик. Қуёшда бўладиган бўлса, 50 даража иссиқда ҳам туриб интервью бераверардилар, бош кийим ҳам киймас эдилар. Кейс сифатида хорижда бўлган бир воқеани айтиб бераман. Санкт-Петербург шаҳрида куни билан ишлаганмиз, кўп томонлама музокаралар бўлди, уларни ёритдик, Ўзбекистон телевидениесига сунъий йўлдош орқали ўша куни узатиш йўлларини қиляпмиз. Ўша йиллари тўғридан-тўғри эфирга чиқишга ҳаракат бўлаётган эди. Соат тахминан 16:00-17:00 атрофида Ислом Каримов хоналарига чақириб қолдилар, мен ва ёритишга борган яна 10-15 нафар журналист кирдик. Ижод, журналистика, ташқи алоқалар ҳақида гаплашдик. Мухбирлар, ёш йигит-қизлар ижодий гуруҳда ишлаб юрганини кўриб, “Қорнинглар қанақа?”, деб сўраганлар. Қорнимиз очганини айтсак, ана шу ерда кечки овқат ташкил қилиб беришга ҳам тайёр эдилар. Давлат раҳбари билан ўтириб бирга чой ичишга тортинганмиз, уялганмиз. Кейин “Ахборот”ни баҳона қилиб, олдиларидан қочиб кетганмиз. Шу даражада бизни алқардилар, журналистларни қўллаб-қувватлардилар. Улар журналистлар билан камера ўчирилган ҳолатда дўстона гаплашар эдилар. 

У.Х.: — Президент Ислом Каримов нима учун ҳаётининг сўнгги йилларида матбуотдан жуда узоқлашиб кетди деб ўйлайсиз? Президент хорижга кетиш ва қайтиш вақтида журналистлар самолёт йўлаклари ёнида интервьюлар олган бўлса, фаолиятининг иккинчи қисмида буни кўрмаганмиз. Бу нима билан боғлиқ эди? Каримовни матбуот ва халқдан узоқлашиб қолишига ким ёки нима сабаб бўлган?

Б.А.: —2005-2009 йиллар ораларида ҳар доим учрашувлар бўлган. Машҳур интервьюларини яхши эслайман. “Независимая” газетасининг шарҳловчиси Виктория Понфиловага берилган интервью китоб бўлиб чиққан, журналист яна Тошкентга келганида газетага чиқмаган фикрлари ва таассуротларини гапириб берган. Ўзим Японияда ишлаган пайтим 2005 йилда NHK телеканалида интервьюларини ташкил этганмиз. Ана шу йилнинг май ойида Андижон воқеалари бўлган. Биринчи матбуот анжумани Оқ Сарой қароргоҳида ўтказилган, иккинчиси Прокуратура биносида. Ислом Каримов “Ўзимизни ва хорижлик бўлган, мавзуга қизиққан барча журналистларни чақиринглар”, деганлар. Бир пайт қарасак ўзлари кириб келганлар, ваҳоланки, бир кун олдин гаплашганимда ҳам матбуот анжуманига боришларини айтмаган эдилар. Шунинг учун журналистлардан ўзларини олиб қочишларини мен тасаввур қилолмайман. Айтилмаган жойларда ўзлари халқнинг орасига кириб кетганларини биламан.

Битта мисол, Қашқадарёга борганларида Қарши шаҳрида кортеж кетаётган жойида тўхтаб, Каримов истироҳат боғига кириб кетиб қолганлар. Кутилмаган ҳолат, ҳаттоки ўша ерда юрган онахонлар, ёш болалар ҳам кутмаган бу учрашувни. Шундай учрашувлардан қочмаган одам “матбуотдан қочган”, деган гапга мен қўшилмайман. Умрларини охирларида ҳам менимча матбуот билан қайсидир маънода бирга яшаганлар. 

Биз ўзимиздан олдингиларга нисбатан яхши ишлашга ҳаракат қилганмиз ва биздан кейинги жамоа биздан яхшироқ ишлашга ҳаракат қилган. Ҳозирги давлат раҳбаримизнинг ахборот хизмати олдингиларидан яхшироқ ишлаяпти. Буни матбуотда берилаётган хабарлардан, бошқа форматларда берилаётган информациялардан кўришимиз мумкин. Давлат раҳбарининг матбуот билан алоқаси ҳар доим яхши бўлган.

У.Х.: — Ҳозирги Президент матбуот хизмати фаолиятига эътибор берадиган бўлсак, Шавкат Мирзиёев очиқроқ, халққа яқинроқ ва самимийроқ кўрсатилмоқда. Нима учун биз ҳозирги самимийликни Ислом Каримовнинг матбуот хизматида кўрмаганмиз?

Б.А.: — Ҳозирги кунда ҳам техника ривожланган ва ҳозирги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўзлари матбуот учун очиқ одам. Ҳаттоки бир марта катта залда раҳбарларга қарата, “Агар раҳбарлардан кимнингдир матбуот билан муносабати яхши бўлмас экан, мени ҳам у раҳбар билан муносабатим яхши бўлмайди”, деганлар. Бу, албатта, журналистларни илҳомлантирадиган нарса, бу жуда ҳам очиқ сиёсат, давлат олиб бораётган ислоҳотларнинг янги натижаси. Бугунги давлат раҳбарининг фаолияти жуда яхши, жуда сифатли ёритиляпти. Мана куни кеча Умра сафарлари, хорижга бўлган ташрифлари, мамлакат ичидаги ташрифлари жуда яхши кўрсатилди. Биз ижтимоий тармоқларда деярли фаолият юритмаганмиз. Ҳозир ўқувчиларимиз, аудиториямиз ижтимоий тармоқларда ўтиришибди, бундан келиб чиқиб одамлар қаерда бўлса, ахборотни ўша ерга бориб беряпмиз ва буни ҳозирги ахборот хизмати яхши уддалаяпти.

У.Х.: — Мендаги маълумотларга кўра, сиз Дўрмон қароргоҳида истиқомат қилгансиз. Ислом Каримов қандай ота эди? Унинг фарзандлари билан муносабати қандай бўлган?

Б.А.: — Ишга келган пайтимда “Уйинг борми?”, дейишган. Ҳа деб жавоб берсам-да менга Дўрмондаги панционатлардан бир нечтасини кўрсатишган. Уларнинг орасида энг каттасини танлаганман ва ўша уйни бир ҳафта ичида оқлаб, таъмирдан чиқариб беришган. Ўша ерда фарзандларим билан яшаганмиз, давлат раҳбари билан битта маҳаллада турганмиз. Бир ерда яшаганингиздан кейин сезасиз, эшитасиз – ўша куни фарзандлари ёки ташқаридан меҳмонлар келган бўлиши мумкин. Оилавий тадбирларни суратга олишга фотосуратчиларимиз боришар эди. Матбуот учун эмас, ўзлари учун. Жуда ҳам оддий, бир-бирини ҳурмат қиладиган оила, деб биламан. Ҳозиргача бунга шубҳам йўқ. Татьяна Акбаровнани ҳам таниганман, суҳбатда бўлганмиз. Ўзбек оиласида қандай дўстона муҳит бўлган бўлса, бу оилада ҳам шуни кўрганман.

У.Х.: — Президент Каримов 2013 йилда тўнғич қизи Гулнора Каримовани жазолашини барча қаттиққўллик, деб баҳолади. Бу ҳақиқатан ҳам қаттиққўлликмиди ёки халқаро майдондаги муносабатлар ортидан олинган мажбурий қарорми?

Б.А.: — Мен қаттиққўллик, деган қараш тарафдориман. Нима учун? Чунки улар ҳеч кимни аяб ўтирмас эдилар. Ўзбекистон учун жонини тиккан одам қандай қилиб кимнидир аяши мумкин? Атрофидаги энг яқин одам айб иш қилса ҳам адолат тарафдори бўлганлар. Эсингизда бўлса олдин Ўзбекистонда ўлим жазоси ҳам бўлган. У жазони тайинлашга ким қўл қўярди? Албатта, давлат раҳбари ва ўша кайфият уларга ёқмасди. “Мен билмайман-ку бу одам ростдан ҳам айбдорми? Нима учун кимнидир олий жазога тортилишига охирида мен сабабчи бўлишим керак?”, дердилар. Табиатан инсонпарвар одам эдилар, шу билан бирга адолат тарафдори бўлганлар. Ўзбекистон обрўси, албатта, биринчи ўринда эди. 

Мен бу воқеаларни бевосита гувоҳи бўлмаслигим мумкин, лекин шу юртнинг фуқароси сифатида бу ишга адолат нуқтаи назаридан йўл қўйилган, деб ўйлайман.

У.Х.: — Ислом Каримов билан сўнги суҳбатингиз қандай бўлган?

Б.А.: —Битта объектга боришимиз керак эди, шу объектни ёритиш масаласи бўлган. Одатда чақириб гаплашар эдилар ёки телефон орқали мулоқот бўларди. Ўша объектни ёритиш бўйича ўз тавсияларини берганлар. Яна бир суҳбат эсимда. Чет элдан қайтаётганимизда халқаро тадбирни ёритиш бўйича фикримни сўраганлар. У кишининг шундай ажойиб одатлари бор эди. “Сен шу соҳанинг одамисан, қандай ёритилса мақсадга мувофиқ бўлади”, деб сўрардилар. Кейин ўз тавсияларини берганлар. Албатта, “Мана шунақа ёзилиши керак”, деб менга тўрт йил давомида айтмаганлар. Яна бир сафардан Тошкентга учиб келаётганимизда ташриф юзасидан вазирлардан интервью олсанг, деган эдилар. У пайтда телевидениеда раҳбарлар чиқмасди, чиқишса ҳам ўзлари топшириқ беришлари керак эди. Ҳақиқатан ҳам чиройли суҳбатлар, чиройли сюжетлар бўлган. Тегишли вазирлар, ўша соҳани раҳбарлари интервью беришган ва кўрсатувимиз яхши чиққан. Томошабинлардан ҳам ижобий фикрлар олганмиз. Охирги учрашувларимизда ҳам ишимиз тўғрисида гаплашганмиз. Шундай хотиралар қолган.

У.Х.: — Ислом Каримовни сўнгги бор қачон кўрдингиз?

Б.А.: — Мен Россиядаги Ўзбекистон элчихонасига 1-котиб бўлиб кетган эдим. Москвада МДҲ давлатларининг учрашуви бўлган. Энг қалтис учрашув. Ислом Каримов маъруза ўқилгунча қайта-қайта ёзар эдилар, қайта-қайта ўқирдилар. Кремлнинг катта залида МДҲ давлат раҳбарлари орасида энг кўп ишлаб ўтирган бизнинг давлатимиз раҳбари эди. Кузатишим шу бўлганки, олдингидек ишчан кайфиятда, иш устида кўрганман. Ана шу охирги кўришим эди.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1145
Рейтинг: 3
t
×