Ишламаган раҳбарларга чора жуда қаттиқ бўлади – Мирзиёев 10 та раҳбар “учгани” ҳақида
Жамият
−
10 Февраль 2022
11781Аввал хабар берганимиздек, бугун, 10 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи якунида ҳокимлар ва сектор раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда шаҳар ва туманлардаги долзарб иқтисодий-ижтимоий масалалар кўрсатиб ўтилди. Айрим ҳокимлар порахўрлик, таниш-билишчиликка йўл қўйган, одамлар дардига беътибор бўлган. Зарур маблағлар ажратилган бўлса-да, ичимлик суви, иссиқлик ва электр таъминотини яхшилаш ишлари суст ташкил этилган.
Сув тежовчи технологиялар жорий қилиш учун ажратилган субсидия маблағлари мақсадсиз ишлатилган. Вилоят банкларида муаммоли кредитлар ҳажми ортган, кредитларни нотўғри ажратиш, имтиёзли кредитларга мўлжалланган маблағларни талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланган. Йўл-транспорт ҳодисалари, жиноятлар сони ошган.
Ўз фаолиятида масъулиятсизликка, жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун бир қатор туман ҳокимлари, ҳудудий идоралар раҳбарлари вазифасидан озод қилинди. Камчиликларни бартараф этиб, тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллалар фаровонлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
"Марраларимиз жуда юқори, халқимиз биздан амалий натижалар кутаяпти. Мана, бугун 10 та раҳбарни ишдан олдим. Бундан буён ишламаган раҳбарларга чора жуда қаттиқ бўлади. Бундан ҳамма хулоса қилиши керак", деди давлат раҳбари йиғилиш якунида.
Шу билан Президент Самарқанд вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.
Аввалроқ мазкур йиғилишда Самарқанд вилоятидаги қатор туманлар ҳокимлари ва ИИБ бошлиқлари, прокурор ва бош солиқчилари ишдан олингани ҳақида хабар берган эдик.