ИШИД Исроилга кимёвий ҳужум билан таҳдид қилди
Олам
−
28 Январь 2020
8494ИШИД террорчилик ташкилоти Исроилга ҳужум қилиш – уларнинг асосий мақсади эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда жангариларнинг аудиоёзувига асосланиб, The Times of Israel нашри хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, террорчилар бу қарорга АҚШнинг Исроил ва Фаластин низосини ҳал этишга қаратилган “аср келишуви” режасидан сўнг келган. Улар янги ҳужумлар бўлишини, Исроилдаги аҳоли пунктлари ракета ва кимёвий қуролларни синаш полигонига айлантирилишини айтиб таҳдид қилишди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Оқ уйдаги учрашув вақтида “аср келишуви”ни муҳокама қилишган эди. Ушбу режанинг тўлиқ тафсилоти кейинроқ эълон қилиниши айтилганди.
Фаластин-Исроил низосини ҳал этишга қаратилган ушбу режа ҳақидаги гап-сўзлар 2019 йилнинг апрель ойида пайдо бўлганди. АҚШ Қуддусни икки бўлиб, Фаластин давлатини ташкил этишни режалаштирмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 50 миллиард доллар сарфланади.