Иш берувчига эмланмаган ходимини ишга қўймаслик ҳуқуқи берилиши мумкин

Жамият

image


Ўзбекистонда иш берувчи эмланмаган ходимни ишга қўймаслик ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Миллий тикланиш” партияси маълум қилди.

Қайд этилишича, партия COVID-19 юқиш даражасини пасайтириш ва ижтимоий иммунитетни ташкил этиш мақсадида аҳолини вакцинация қилиш ишларини жадаллаштириш таклифини билдирган. Ушбу таклифдан келиб чиқиб, тегишли қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

Қонун лойиҳасида “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонун 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон давлат бош санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилмоқда. Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли экани кўзда тутилмоқда.

Партиянинг хабарида келтирилишича, фуқароларнинг вакциналарга бўлган ишончсизлиги оқибатида эмлашдан фақат 1 миллион 27 минг киши ўтган, холос. Бу 18 ёшдан ошган аҳолининг 4,8 фоизини ташкил қилмоқда. Жамоавий иммунитетни шакллантириш учун эса аҳолининг 60-80 фоизи эмланиши талаб этилади.

Маълумот ўрнида, Хитойда вакциналарга бўлган ишонч 90 фоиз, Бразилияда 80, Ҳиндистон, Индонезия ва Таиландда 70, Туркия ва Мексикада эса 60 фоизни ташкил этмоқда. Франция, Греция, Aвстралия, Италия, Латвия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда мажбурий вакцинация амалиёти жорий этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

130

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг