Ироқликлар Ўзбекистон корхоналари фаолиятидан ҳайрон қолганини айтяпти – Президент
Жамият
−
15 Январь 11828 2 дақиқа
Ироқликлар Ўзбекистондаги корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиб, ҳайрон қолганини, олдинлари Ўзбекистон маҳсулотлари тўғрисида деярли тушунчаси бўлмаганини айтяпти. Бу ҳақда бугун, 15 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз раислигида ўтаётган Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз очди.
Йиғилишда Президент иқтисодий дипломатияни кучайтириш орқали экспорт ва инвестициялар ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлаган.
Иқтисодий дипломатия – янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш орқали инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилади. Иқтисодий хавфсизлик эса давлат хавфсизлигининг асосий пойдевори ҳисобланади.
Икки ва кўп томонлама тадбирлар доирасида 2025 йилда умумий қиймати 160 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари бўйича битимлар имзоланган.
Тарихда биринчи марта ташқи савдо айланмаси 80 миллиард доллардан ошиб, экспорт миқдори 33,5 миллиард долларга етган. Хорижий инвестициялар ҳам кескин кўпайиб, 43 миллиард доллардан ошган. Эътиборлиси, ўтган йили 75 та давлатга экспорт ҳажми қарийб 4,5 миллиард долларга кўпайган.
Шунингдек, элчилар хорижий инвесторлар ва йирик компаниялар билан бирга ишласа, бу кўрсаткичларни янада ошириш учун имкониятлар кўплиги кўрсатиб ўтилган.
Масалан, ўз ишлаб чиқариши деярли йўқ бўлган, ички бозорни тўлдириш учун 100 миллиард долларлик маҳсулотни четдан солиб олувчи Ироқ Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари учун истиқболли бозор ҳисобланади.
Шу муносабат билан, Ироқдан 150 та йирик компания Ўзбекистонга олиб келингани ижобий баҳоланган. Улар Ўзбекистондаги корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиб, ҳайрон қолганини, олдинлари Ўзбекистон маҳсулотлари тўғрисида деярли тушунчаси бўлмаганини айтяпти. Улар Ироқда Ўзбекистон корхоналарининг расмий дистрибьюторини очиб, Яқин Шарқ бозорларига жадал кириб боришни режа қиляпти.
Натижада шу йилнинг ўзида Ироққа юзлаб миллион долларлик маҳсулотлар етказиб беришга келишилган.
Тегишли давлатлардаги элчилар Ветнам, Баҳрайн, Португалия билан ҳам шу тартибда ишлаб, ҳамкорлар топиши ва бу бозорларга кириш бўйича ишлаши кераклиги қайд этилган.
Live
Барчаси