Ироқда намойишлар бошланди. Бағдодга қўшин киритилди (фоторепортаж)
Олам
−
30 Август 2022
10801Кеча, 29 август куни Ироқдаги шиа сиёсатчиси Муқтадо ас-Садр тарафдорлари Бағдоддаги ҳукумат қароргоҳи жойлашган Республика саройига бостириб кирди. Бу ҳақда “Al Sumaria” телеканали хабар берди.
Ироқнинг нуфузли шиа сиёсатчиси Муқтадо ас-Садрнинг юзлаб тарафдорлари сиёсатдан кетганини эълон қилганидан сўнг Бағдоднинг “яшил ҳудуди”га бостириб киришган. Намойишчилар Республика саройини эгаллаган.
Қайд этилишича, намойишчилар ва ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари ўртасидаги тўқнашувларда ҳозиргача қурбон бўлганлар сони 20 кишига етган. 300 дан ортиқ одам жароҳатланган. Ироқ Вазирлар кенгаши иш тўхтатилганини эълон қилиб, Ироқ пойтахтида комендантлик соати эълон қилган.
“Ироқ армияси бўлинмалари Бағдод кўчаларига жойлаштирилган. Армия ас-Садр тарафдорларининг давом этаётган норозилик намойишлари муносабати билан шаҳардаги мавжуд хавфсизлик кучларини кучайтириш учун етиб келган”, дейилади телеканал хабарида.
Шунингдек, хавфсизлик кучлари ўқотар қурол ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатгани айтилди.
Ироқ Бош вазири Мустафо ал-Козимий ас-Садрга мурожаат қилиб, тарафдорларини ҳукумат бинолари ва “яшил ҳудуд”ни тарк этишга чақирган.
“Биз ҳар доим давлатни қўллаб-қувватлаб келган Муқтадо ас-Садрни намойишчиларнинг ҳукумат идораларидан чиқиб кетишига ёрдам беришга чақирамиз”, дейди ал-Козимий баёнотида.
Маълумот ўрнида, июль ойи охирида Бағдодда Муқтадо ас-Садр тарафдорларининг норозилик намойишлари қайта бошланди. Намойишчилар бир неча марта парламент биносини эгаллаб олди. Август ойида ас-Садр мамлакат суд тизимини парламентни тарқатиб юборишга, мамлакат Президентидан эса қонун чиқарувчи органга муддатидан олдин сайловлар санасини белгилашни сўраган эди. Бироқ Ироқ Олий суд кенгаши буни рад этган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь