Интерпол Қозоғистондан ноқонуний олиб чиқилган активларни қайтаришга ёрдам бермоқчи

Олам

image

Интерполнинг Миллий марказий бюроси ва Қозоғистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Активларни қайтариш қўмитаси ўртасида мамлакатдан ноқонуний равишда олиб чиқилган активларни қайтариш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“Остонада Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Интерполнинг Миллий марказий бюроси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Активларни қайтариш қўмитаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу қадам иқтисодий жиноятлар ва ноқонуний молиявий оқимларга қарши курашдаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган”, дейилади хабарда.

Ҳужжатга кўра, томонлар активларни қайтаришга қаратилган саъй-ҳаракатларини биргаликда амалга оширади, шунингдек, ноқонуний молиявий операцияларни тўхтатиш ва халқаро терговларда ёрдам кўрсатиш мақсадида маълумот ва энг яхши тажрибалар алмашилади.

Ушбу чора давлат ва фуқароларга тегишли активларни қайтариш, шунингдек, иқтисодий хавфсизликни таъминлаш вазифаларини тезкорлик билан ҳал қилишга ёрдам беради.

“Меморандум бизнинг шаффофлик ва адолатни таъминлаш, шунингдек, ноқонуний йўллар билан олиб чиқилган активларни қайтаришга қаратилган глобал саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлашга бўлган қатъиятимизни тасдиқлайди”, деди Интерполнинг Миллий марказий бюроси бошлиғи Мерей Макулжан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда 525 миллиард тенге (тахминан 1 млрд доллар) ноқонуний активлар давлат даромадига айлантирилган эди. Бу маблағга Остона шаҳрида таянч-ҳаракат тизимида нуқсони бўлган болаларни реабилитация қилиш маркази ва Олмаота шаҳрида 400 ўринли алоҳида эҳтиёжли кишилар учун ўқув маркази қуриш ҳам режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Интерпол

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг