“International Job Оrganization” ХБА мансабдорлари устидан суд иши Фарғонада давом этади

Жамият

image

Аввалроқ, “International Job Оrganization” ХБА мутасаддиларига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ва суд иши бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Одамларни 18,4 млрд сўмга чув туширган хусусий бандлик агентлиги мутасаддилари устидан суд жараёни Фарғонада давом эттирилади. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди. 

“Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди иш юритувидаги “International Job Оrganization” хусусий бандлик агентлиги" МЧЖ мансабдор шахслари Ш.Абдураҳмонов ва бошқаларга нисбатан жиноят иши ҳудудларда давом эттирилади.

Ушбу жиноят ишининг мазмунан кўрилиши жорий йил 8 январь куни соат 11.00 да жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди биносида бўлиб ўтади”, дейилади Олий суд хабарида. 

Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи ушбу жиноят иши доирасида жабрланувчи ва гувоҳ деб эътироф этилган фуқароларни белгиланган вақтда юқорида кўрсатилган суд биносига келишлари сўралмоқда. 

Маълумот ўрнида, “International Job organization хусусий банкдлик агентлиги” МЧЖ мансабдор шахслари 2019-2020 йиллар давомида 2620 нафар фуқароларни Германия, Польша, Дания ва Швейцария давлатларига ишга юборишни ваъда қилиб, ҳар биридан 45,0 млн сўмгача бўлган тўловларни қабул қилиб, жами 18,4 млрд сўм пул маблағларни ўзлаштирган.

Тергов давомида мазкур МЧЖ раҳбари Ш.Абдурахманов ҳамда унинг 8 нафар жиноий шерикларига нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари ва бошқа моддалари билан айб эълон қилинган ва уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.

Суд муҳокамасига юборилган  жиноят иши бўйича етказилган умумий зарарнинг 6 783 190 922 сўми ундирилиши таъминланган бўлиб, шундан 722 768 500 сўм нақд пул маблағлари, 6 060 422 422 сўми эса хатланган мол-мулклардир.

Мазкур жиноят иши ҳозирда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судига мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган.

Шунингдек, “International Job organization хусусий бандлик агентлиги” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан бир қатор хўжалик юритувчи субъектлар орқали пул маблағларини ўзлаштирганлик ҳолатига оид қисми ҳозирда алоҳида иш юритувга ажратилган бўлиб, мазкур жиноят иши доирасида 10 507 396 044 сўмлик зарар қисми қопланиши таъминланган, шундан 411 000 000 сўм нақд пул ва 10 096 396 044 сўми хатланган мол-мулкларни ташкил қилади. Ушбу жиноят иши бўйича ҳам қисқа муддатларда терговни тамомлаш ва судга юбориш чоралари кўрилади. 

Хулоса ўрнида, судда кўрилаётган ва дастлабки тергов давом этаётган жиноят ишлари бўйича етказилган 18,4 млрд. сўм зарарнинг 17,3 млрд. сўми нақд пул ва мол-мулк кўринишида қопланишига эришилган.


Мақола муаллифи

Теглар

International Job Оrganization

Баҳолаганлар

45

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар