Инсон организмини вирусдан ҳимояловчи энг зарур модда нималигини биласизми?

Саломатлик 12321
image

Одамнинг иммунитет тизими танага кириши мумкин бўлган ёт организмлардан ҳимоя қилувчи ягона қалқон ҳисобланади. Аммо баъзида у бизга ҳужум қилувчи омилларга қарши мустақил курашишга қодир бўлмайди.

Иммунитет зарарли диеталар, салбий  экологик омиллар, организмга керакли витамин ва минераллар етишмовчилиги туфайли ҳам  заифлашиши  мумкин. Минерал моддалар орасида рух (цинк) моддаси иммунитет тизимини қўллаб-қўвватлашда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Иммунитет тизими бу элементга доимий катта эҳтиёж сезади.

Рух бир вақтнинг ўзида иммунитетнинг барча бўғинларига бирдек таъсир кўрсатувчи ягона моддадир. У иммун ҳужайралари сонини ва фаоллигини оширувчи табиий иммуномодулятор ҳисобланади.

Организмда рухнинг вазифаси ва у қандай ишлайди?

Рух энг аввало интерферонлар ишлаб чиқаришни кўпайтиради. Улар организмни вирус, бактерия ва бошқа микроорганизмларни юқтиришдан ҳимояловчи оқсиллардир. Интерферонлар миқдори етарлича бўлмаса вирус ҳужайра ҳимоя қобиғини осонлик билан зарарлаб, инсон танасида жойлашиб олади.

Организмга тушгач, вирус ўзини жуда айёр тутади, у инсон ҳужайрасига жойлашиб, ундан нусха кўчиради, шу сохта қиёфа билан кейин барча соғлом ҳужайраларнинг ичига кириб уларни зарарлайди. Бу жараённи ўз вақтида фақат  рух бартараф қилади.

Шунингдек, у лимфоцитларни ҳалокатдан сақлайди. Айнан лимфоцитлар душман агентларини танийди ва Т-ҳужайраларга организм ҳужумга учрагани тўғрисида сигнал юборади.

Рух “иммунитет тизимининг юраги” деб номланувчи тимус бези функциясини кучайтиради. Бу без ўз навбатида вирусни танийдиган ва зарарсизлантирадиган Т-ҳужайраларини ишлаб чиқаради. Шу тариқа инсон иммунитети потенциал хавф ва таҳдидларга дарҳол жавоб беради ва уларни бартараф қилади. Кучли рух етишмовчилиги тимус бези атрофиясини келтириб чиқариб, бутун иммун тизимининг издан чиқишига олиб келиши мумкин.

Вирус ҳужайрасида рух миқдорининг ошиши унга ўз-ўзини ҳалок қилиш сигналини беради, оқибатда вирус ўлади.

Рух моддасини организм асосан озиқ-овқат маҳсулотларидан олади. Буларга гўшт, сут маҳсулотлари, писта-ёнғоқ ва дуккакли маҳсулотлар киради.

Замонавий ҳаёт ритмида рационал овқатланишда муаммолар юзага келганда таркибида рух мавжуд минерал комплекслар қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.

Рухнинг “хелатланган цинк” ҳолатдагиси минералнинг биологик жиҳатдан инсон организми  ўзлаштириши учун энг мақбул шаклидир.

Маълумот ўрнида рух соч тўкилиши, эрта қариш ва тери сифатини бузилишини ҳам олдини олишини эслатиб ўтамиз.

Дилноза Ахматова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 299
Рейтинг: 3
t
×