Индонезия Президенти Путин ва Зеленский билан кўришмоқчи
Олам
−
22 Июнь 2022
4813Индонезия Президенти Жоко Видодо июнь ойи охирида Россия ва Украинага ташриф буюриб, икки давлат раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиш ниятида. Бу ҳақда бугун, 22 июнь куни Индонезия Ташқи ишлар вазири Ретно Марсуди маълум қилди.
“Индонезия Президенти Киев ва Москвага ташрифи чоғида Президент [Владимир] Зеленский ва Президент [Владимир] Путин билан учрашади”, дея Антара агентлиги Ташқи ишлар вазирининг сўзларидан иқтибос келтирган.
Марсудининг таъкидлашича, Жоко Видодо Россия Қуролли кучларининг Украинага ҳарбий босқини бошланганидан кейин Россия ва Украинага ташриф буюрган биринчи Осиё етакчиси бўлади. Индонезия Президенти 26-27 июнь кунлари Германияга ташрифидан сўнг Киев ва Москвага боради ва у ерда “Катта еттилик” (G7) саммитида меҳмон сифатида иштирок этади.
Кремлдаги манба ТАСС агентлигига Россия Президенти Владимир Путин 30 июнь куни Москвада индонезиялик ҳамкасби билан учрашишини айтган. Аввалроқ “Жакарта Пост” газетаси Жоко Видодо Москвада Украина донини экспорт қилиш муаммосини, шунингдек, Индонезия раислигида бўлиб ўтадиган “Йигирмалик гуруҳи”нинг (G20) бўлажак саммитини муҳокама қилиш ниятида эканлигини хабар қилган эди.
“Жакарта Пост” газетасининг қайд этишича, Жакарта Украинада махсус операция ўтказгани учун Россия Федерациясига қарши санкциялар қўлланилишига қарши ва икки давлат раҳбарлари ўртасида “яхши шахсий муносабатлар” ривожланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь