Имтиҳондан ўтиб, Кореяга кетолмаётган фуқаролар эътирозига муносабат билдирилди

Олам

image
0:00
0:00
download

Ижтимоий тармоқларда Корея Республикасида ишлаш учун имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган, аммо пандемия шароитида жўнаб кета олмаган фуқароларнинг мурожаати тарқалганди.

Имтиҳондан муваффақиятли ўтган фуқаролар ўз мурожаатида ҳозирги вақтда шартномаси келиб, жўнаб кетишини кутиб тургани, мазкур масала қачон ҳал бўлиши ва Корея Республикасига қачон кетиши ҳамда нима учун Е-8 виза тури орқали фуқаролар жўнаб кетаёти, аммо Е-9 визаси эгаларига рухсат берилмаганини айтган.

Ҳолат юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева муносабат билдирди.

Унга кўра, 2020 йил 1 апрелидан Корея Республикаси касалликларни олдини олиш ва профилактика қилиш штаби қарорига мувофиқ Бандликка рухсат бериш тизими орқали ишчи кучини юборувчи 16 та давлатдан хорижий ишчиларнинг кириб келишига мутлақо таъқиқ қўйилган. Ҳозирда фақатгина Камбоджа давлатига Корея томонидан ишчилар кириб боришларига тўлиқ рухсат берилган.

Ҳозирги кунда биринчи маротаба шартнома лойихаси келганлар сони жами 1009 нафарни, қайта шартнома билан келганлар 550 нафарни ташкил этмоқда.

Қайд этилишича, Корея Республикаси томонидан Е-9 визаси бўйича шартномаси келган фуқаролар масаласи, икки давлатдаги коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб кўриб чиқилади.

“Е-9 виза эгалари биринчи бор кириб бориши жараёнида, албатта, Корея кичик ва ўрта бизнес Федерацияси томонидан ўтказиладиган ўқув курсларида иштирок этишлари ҳамда 14 кунлик карантин ўташлари масаласи вазиятни қийинлаштирмоқда.

Бу йил тест имтихони эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб ўтказилиши кутилмоқда”, дейди Мавжуда Мирзаева.

Корея Республикасининг малака талаб этилмайдиган Е-9 ишчи визаси тўғрисида маълумот

Е-9 визаси – Корея қонунчилигига мувофиқ малака талаб этилмайдиган ишчи виза ҳисобланади.

Е-9 визасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида тузилган англашув меморандумига асосан ўзбек ишчилари бандликка рухсат бериш тизими (EPS) орқали вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий тарзда жўнатилади.

Мазкур виза орқали ишчи кучи етишмовчилигининг олдини олиш учун фуқаролар кичик ва ўрта бизнес корхоналарига, хусусан саноатдаги ишлаб чиқариш соҳасига жалб этилади.

Мазкур виза эгалари учун шартнома муддати 4 йил 10 ойни ташкил этади.

Корея Республикасининг 5 ойлик мавсумий ишларига Е-8 визасига асосан хорижий ишчиларни жалб қилиш тизими тўғрисида маълумот

Е-8 визаси – Корея қонунчилигига мувофиқ қишлоқ хўжалиги соҳасига хорижий ишчиларни жалб қилиш визаси ҳисобланади.

Корея Республикаси қишлоқ хўжалиги соҳасида ишчи кучининг етишмаслиги сезиларли даражада ошганлиги натижасида Корея Республикаси ҳукумати томонидан мавсумий ишларга хорижий ишчи кучини жалб қилиш борасида қарор қабул қилинган.

Е-8 визасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикасининг маҳаллий округи яъни ҳокимлиги ўртасида тузилган англашув меморандумига асосан ўзбек ишчилари қишлоқ хўжалиги соҳасида вақтинчалик 5 ойлик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий тарзда йўлланади.

Мазкур виза орқали ишчи кучи етишмовчилигининг олдини олиш учун  фуқаролар фермер хўжаликлари ва қишлоқ ҳўжалиги корхоналарига жалб этилади.

Мазкур виза эгалари учун шартнома муддати 5 ойни ташкил этади.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

120

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг