Импорт автомобилларни расмий дилер сотиши бўйича талаб бекор қилинди
Жамият
−
15 Август 2023
9325Импорт автомобилларни фақат уларнинг расмий дилерлари томонидан сотилиш талаби бекор қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан кеча, 14 август куни қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш тизими соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорда сўз борган.
Қарорга кўра:
• янги импорт автомобиллар фақат юридик шахслар – ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан сотилиши бекор қилинади;
• электр энергиясини электр таъминоти шартномасида белгиланган ҳажмлардан (ойлик шартномавий миқдордан) ортиқча истеъмол қилган юридик шахсларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш амалиёти тугатилади;
• тадбиркорнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда, кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда эълон бериш талаби бекор қилинади;
• солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 16 июнь куни имзоланган “Аҳолининг енгил автотранспорт воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистонда айрим тоифадаги машиналар учун божхона тўловлари кескин камайтирилган эди.
LiveБарчаси