Имомхўжаев Россиянинг ОФКга ўтишидаги абсурдларни айтди
Спорт
−
27 Декабрь 2022 13194 2 дақиқа
FIFA ва УЕФАнинг санкцияларидан сўнг Россия футбол федерацияси ОФКга қўшилишга қарор қилди. ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев Россия футболининг Осиё дарвозасини тақиллатганига изоҳ берди.
"УЕФА ва FIFA Россияга уруш сабабли санкциялар киритди. Ва энди бу икки ташкилот Россиянинг ОФК аъзосига айланишига қаршилик қилмаяпти. Кимдир ўзига раво кўрмаётганини бизга беришга тайёр. Бу биринчи абсурд. Муаммодан қочишмас, уни ечиш керак. Россия ечмаяпти, бунинг учун уруш тўхтатилиши керак. Россия футболдан қочяпти. Бу иккинчи абсурд. Чунки УЕФАдан кетиб, ОФК тасарруфига қўшилиш бу олдинга эмас, ортга ташланган қадам", деб ёзмоқда Имомхўжаев ўз саҳифасида.
Шунингдек, Имомхўжаев Россиянинг ОФКга қўшилиши қолган жамоаларга географик жиҳатдан ноқулайликлар келтириб чиқаришини таъкидлади.
"Россия ОФК аъзосига айланса, география қанчалик кенгайишини тасаввур қилиб кўринг: энг шимолий мамлакат – Россия ва энг жанубий мамлакат – Австралия бизнинг қитъада бўлади. Бу энг катта абсурд, чунки ҳеч қайси конфедерацияда масофа бу қадар катта эмас. Бизга фақат 1 та хаёл – УЕФАда 1 та ўрин бўшаётгани тинчлик бермаяпти. Ғарбий Европа масофа нуқтаи назаридан буни истамаслиги катта эҳтимол. Бироқ бартер кўзи билан қаралса, ҳеч бўлмаганда хаёл қилишга ҳақимиз бор. Биласизми нима, агар ҳамма мезонлар тўғри ишласа, спорт сиёсатдан узоқда туриши керак. Чунки кимлардир барибир конкрет принципларида тура олмаётгандек тасаввур уйғотмоқда", дейди ЎзПФЛ раҳбари.
Маълумот учун, УЕФА Россиянинг ОФКга ўтиш масаласини 31 декабрь куни кўриб чиқишни маълум қилди.
Live
Барчаси