Имомали Раҳмоннинг жиянлари онасининг вафотидан кейин Соғлиқни сақлаш вазирини дўппослади

Олам

image

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг уч нафар жияни шифокорлар ва мансабдорларни қаттиқ дўппослади. Бу ҳақда “zakon.kz” ёзмоқда.
 
Қайд этилишича, ҳодиса жорий йил 20 июль куни, Имомали Раҳмоннинг синглиси Қурбонбий Раҳмонованинг ўлимидан кейин содир бўлган.

Маълум қилинишича, Президентнинг синглиси учун атайлаб Германия, Россия ва Ўзбекистондан тажрибали мутахассислар таклиф қилинган. Унинг ўлимидан икки соат аввал халқаро мутахассислар тожикистонлик шифокорларнинг беморни даволаш услубини нотўғри, деб атаган.

“Бу хулоса марҳум Қурбонбий Раҳмонованинг фарзандларида ғазаб ва норозилик уйғотган: Фахриддин, Фаррух ва Зиёдали Сафаров онасининг ўлимидан кейин дарҳол, ўша ерда бўлган шифокорларга ва тиббиёт соҳаси мансабдорларига ташланган. Уларни фақат Президентнинг тўнғич ўғли Рустам Имомали тинчлантира олган”, дейилади хабарда.

Нашрга кўра, Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири Жамолиддин Абдуллозода ва давлат раҳбари ижро аппарати қошидаги тиббиёт маркази раҳбари Холмаҳмад Раҳимзода энг кўп жабрланган: вазир жағига кучли зарба қабул қилиб олган, марказ раҳбарининг эса боши қаттиқ лат еган, қолган шифокорлар енгилроқ жароҳат олган.

Шу ўринда, нашр ССВ раҳбари 26 июль куни АҚШ томонидан Тожикистонга 1,5 миллион доза Moderna вакцинаси етказиб берилиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида қатнашмаганини шубҳа остига олган. Вазир ўринбосари Шодихон Жамшид эса журналистларга Жамолиддин Абдуллозода хизмат сафари билан чет элга кетганини айтган.

Тожикистон ИИВ воқеа юзасидан суриштирув бошлаган, ҳозирча ҳеч ким қўлга олингани йўқ.

Маълумотларга қараганда, Имомали Раҳмоннинг ўндан ортиқ яқинлари коронавирусга чалинган. Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг синглиси — 64 ёшли Қурбонбий Раҳмонова жорий йилнинг 20 июль куни коронавирус сабаб ҳаётдан кўз юмганди. Ундан сал аввал, 5 июль куни Президентнинг қайнонаси Ўзбекбий Асадуллоева ҳам COVID-19 оқибатида вафот этган.

Тожикистон ССВ статистикасига кўра, 27 июль ҳолатига кўра, мамлакатда пандемия бошидан буён 14 673 кишида коронавирус аниқланган, шуларнинг 118 нафари вафот этган. Аммо тиббиёт ходимлари ва экспертлар расмий статистикани шубҳа остига қўймоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

783

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг