Имомали Раҳмон янги очилган мактабга ўз номини берди
Олам
−
23 Октябрь 5601 2 дақиқа
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўзининг туғилган жойи – Данғарага ташриф буюрди. У Тожикистон давлат тиббиёт университетининг Хатлон шаҳридаги бир нечта муассасалари ва иккита янги ўқув биносининг очилишида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Университетнинг биринчи биносида 1200 ўринга мўлжалланган 45 ўқув хонаси бўлса, иккинчи бинода 1416 ўринга мўлжалланган 49 ўқув хонаси мавжуд. Иккала бино ҳам тўққизта лаборатория, иккита маъруза зали, синов маркази ва олтита бўлимни ўз ичига олади.
2025-2026 ўқув йилида университетда 2852 талаба таҳсил олади ва 215 нафар профессор-ўқитувчи меҳнат фаолиятини олиб боради.
Президент Данғарадаги янги тураржой мажмуасининг бош режаси билан ҳам танишди. Ушбу лойиҳа 3861 гектар майдонда қурилади.
Режага кўра, қишлоқда 315 та тураржой бинолари (9 қаватдан 16 қаватгача), 8 та мактаб, 13 та болалар боғчаси, 46 та давлат ва савдо объектлари, 6 та 5-6 қаватли автотураргоҳлар, йўллар, спорт майдончалари, маданият боғи барпо этилади.
Унинг иштирокида янги 1-мактаб ҳам очилди ва мактабга Президент Имомали Раҳмон номи берилди.

Қурилиш 2024 йилда бошланган ва мактаб 11 минг 870 квадрат метр майдонни эгаллайди. Икки сменада 3420 ўқувчини ўқитишга мўлжалланган мазкур мактаб 57 синф, 24 ўқув хонаси, лаборатория, мажлислар зали, спорт майдончасидан иборат.
Муассасада Тожикистон Президенти ҳаёти ва фаолиятининг беш асосий босқичини акс эттирувчи фотосуратлар жамланган “Миллат пешвоси музейи” ҳам жойлашган. Туман марказида туман таълим бўлимининг 7 қаватли янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди.
Президент Рахшонзамин қишлоғида Бобозодалар оиласи ва маҳаллий тадбиркорлар шарофати билан барпо этилган 90-мактабни ҳам фойдаланишга топширди. Мазкур мактаб эса икки сменада ташкил этилган бўлиб, 2160 нафар ўқувчига мўлжалланган, 36 синфхонадан иборат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон “Миллат” саройида мамлакат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан бир қатор амалдорларга олий давлат ва фахрий мукофотларни топширганди. Бу борада у қизини ҳам унутмади.
Live
Барчаси