Имомали Раҳмон “Толибон” ҳукуматини тан олиш учун 3 та шарт қўйди
Олам
−
25 Август 2021
29801Бугун, 25 август куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон “Миллат” саройида Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар визири Маҳмудшоҳ Маҳмуд Қурайшийни қабул қилди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти сайтида хабар берилди.
Маълум бўлишича, Тожикистон учта шарт бажарилган тақдирда “Толибон”нинг Афғонистонда тузадиган ҳукуматини тан олади.
Биринчидан, тузиладиган янги ҳукумат таркибида Афғонистон аҳолисининг 46 фоизини ташкил қиладиган тожиклар ҳам бўлиши керак.
“Тожикистон Республикаси қўшни давлатнинг сиёсий ва хавфсизлик муаммоларини зудлик билан ҳал қилиш учун барча миллий озчиликлар, хусусан Афғонистон аҳолисининг 46 фоизини ташкил этувчи тожикларнинг иштирокида инклюзив ҳукумат тузиш зарурлигини таъкидлади”, дейилади хабарда.
Иккинчидан, Афғонистонда давлат тузилиши референдум орқали барча аҳоли қатлами хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда шакллантирилиши керак.
“Тожиклар Афғонистоннинг бўлажак ҳукуматида ўз ўрнига эга бўлиши керак”, демоқда Имомали Раҳмон.
Учинчидан, Афғонистонда айниқса тожиклар, ўзбеклар ва бошқа миллий озчиликлар талончилик ва таъқибга учрамаслиги керак.
“Тожикистон Афғонистон халқига, айниқса тожиклар, ўзбеклар ва бошқа миллий озчиликларга қарши ҳар қандай қонунбузарлик, қотиллик, талончилик ва таъқибларни қатъий қоралайди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, юқоридаги шартларга амал қилинмаса, Тожикистон толиблар Афғонистонда тузадиган ҳукуматни тан олмайди.
“Тожикистон бутун Афғонистон халқининг, айниқса, унинг барча миллий озчиликларининг позициясини ҳисобга олмаган ҳолда, бу мамлакатда зулм билан тузиладиган бошқа ҳукуматни тан олмайди”, дейилади хабарда.
Учрашув чоғида Имомали Раҳмон ва Покистон ТИВ раҳбари икки томонлама ҳамкорлик масалаларини, жумладан, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хоннинг Тожикистонга расмий ташрифига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилган.
Таъкидланишича, Қобулда “Толибон” ҳаракати ҳокимият тепасига келиши минтақадаги геосиёсий жараённи янада мураккаблаштирган.
“Фактлар аниқ кўрсатадики, толиблар мамлакатдаги бошқа сиёсий кучлар иштирокида муваққат ҳукумат тузиш ҳақидаги олдинги ваъдаларидан воз кечиб, исломий амирлик тузишга тайёргарлик кўрмоқда”, дейилади хабарда.
Тожикистон халқаро ҳамжамиятни ушбу жараёнларнинг тинч йўл билан ҳал қилинишига чақирган.
“Тожикистон халқаро ҳамжамиятни Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, қийин сиёсий ва хавфсизлик ҳолатини музокаралар йўли билан барқарорлаштириш учун шошилинч чоралар кўришга чақиради”, дейилади хабарда.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь